06.12.2025

Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан Асосий қонунда муҳрланган бу принциплар – мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб берган ушбу “бешта устун” ҳеч қачон ўзгартирилмайди.

                       Шавкат Мирзиёев  

       Ўзбекистон Республикаси Президенти

Давлатимиз раҳбари томонидан янгиланган Конституция қабул қилиниши билан Учинчи Ренессанс учун ҳуқуқий пойдевор яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 33 йил тўлди. 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган мазкур тарихий ҳужжат мустақиллигимиз кафолати, давлат ва жамиятимиз тараққиётининг ҳуқуқий асоси сифатида халқимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутади.

Ўтган 33 йил мобайнида Конституция давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, қонун устуворлигига қатъий риоя этилаётгани Конституциянинг амалий аҳамиятини яққол намоён этмоқда.

"Конституция — суверен  давлат кафолати" – Ўзбекистоннинг умумий ва ажралмас мустақиллик белгиси. Бу давлатнинг ички ва ташқи сиёсатда тўлиқ мустақил эканлигини англатади. Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.

"Конституция — ҳуқуқий  давлат кафолати"– инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғояси бўлиб, Конституция ва қонун устувор бўлган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинган ва амалда таъминланган, демократик принциплар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир.

"Конституция — ижтимоий давлат кафолати"- ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан, сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойли бўлиш шароити мавжуд бўлган, ижтимоий тафовутлар юмшатилган, мувозанатлашган, ҳеч бир фуқаро ўз муаммолари билан ёлғиз қолмайдиган адолатли давлатдир.

"Конституция — дунёвий давлат кафолати"- диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган, давлат бошқаруви диний қоидалар билан эмас, Конституция ва қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган давлат ҳисобланади.

Ўзбекистонни дунёвий давлат сифатида белгилаш –дунёвий тараққиёт, турли дин ва мазҳаблар ўртасида бағрикенглик ва тотувликни мустаҳкамлашга, диний бирлашмаларнинг мустақил фаолият юритишига, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Конституциямиз дунёвий давлат, очиқ ва адолатли жамият қуриш, унда тенглик ва тенг ҳуқуқлилик принципларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини камситмаслик ғояларига асосланади. Бунда юртимизда инсон ҳуқуқлари маданияти тобора юксалаётгани, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат руҳи шаклланаётгани алоҳида аҳамият касб этади.

                                                                                                                                             Г.Шомуротова

Izoh qoldirish