10.12.2021

Имом Бухорийнинг тафсир илмидаги ўзига хос йўналиши

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, шу заминдан етишиб чиққан, жаҳон тамаддуни ривожига ҳисса қўшган алломаларнинг табаррук номини тиклаш, муборак қадамжоларини қайта таъмирлаш, уларнинг улкан моддий ва илмий-маънавий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашга катта эътибор берилди ҳамда имкониятлар яратила бошланди. Ўрта асрларда юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан дунёвий ва диний билимлар жиҳатидан эътироф этилишига сазовор бўлган олимлар сони юқорида зикр қилинганидек жуда кўп бўлсада, бироқ имом Бухорийнинг бутун дунё мусулмонлари наздидаги мавқеи ва унинг ёзган шоҳ асари “Ал-жоме ас-саҳиҳ” асари бир овоздан Қуръони каримдан кейинги мусулмонлар учун энг ишончли ва мўътабар манба ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас.

          Имом Бухорийнинг ушбу шоҳ асарини ҳозирги кунда янада чуқурроқ ўрганиб, имом Бухорийнинг илмий ижодида Қуръони каримга алоҳида боблар ажратилиши, Қуръони каримни тафсир қилишга оид Имом Бухорийнинг қарашлари, шунингдек, илмий ижодида эътиборсиз қолган бошқа жиҳатларини очиш, илмий фаолиятини ўрганишда назардан четда қолган жиҳатларини тадқиқ этиш ҳозирги кунда долзарб масалалардандир. Зеро, юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб имом Бухорийнинг мавқелари ва у кишининг илмий меросини ўрганишга оид қуйидаги сўзларни айтгани бежизга эмас: “Ана шундай буюк алломалардан бири имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик”

Имом Бухорий яшаган давр, яъни ҳижрий иккинчи асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ҳижрий учинчи асрнинг биринчи ярмида тафсир илмининг ривожи ҳамда унда муҳаддиснинг ролини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.  
“Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби турли илмлар ҳадис, ровийлар, фиқҳ, тарихни жамловчи китоблар сирасига киради. Асарда тафсирнинг бўлиши эса очиқ-ойдин маълумдир.  
Ҳадис асарларида мустақил тафсир бўлимларини ажратиш одатини имом Бухорий бошлаб берган. У билан бир даврда яшаган Муслим “Саҳиҳ”ида “Тафсир” номли етти бобдан иборат кичкина бир бўлим ажратган. Термизий “Сунан”ида, Насоий ҳам “ас-Сунан ал-кубро”сида тафсир бўлимларини очганлар. 
Ҳадис асарларидаги тафсир бўлимларида оятлар боб номи шаклида зикр қилинган, кетидан оятларга алоқаси бор деб билинган ҳадислар нақл қилинган. Бу шаклда тартибланган боблардан тафсир бўлимлари ташкил топган. 
Лекин бу даврда ёзилган тафсир алоҳида китоб бўлмасдан, балки ривоят қилинган ҳадислар китобининг бир боби сифатида ёзилган эди. Ана шундай ҳадис тўпламлари сирасига имом Бухорий (810-870)нинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарини ҳам киритиш мумкин.  
Ҳадис илми билан бир қаторда тафсир илми билан ҳам шуғулланган олимлар қаторидан жой олган имом Бухорийнинг мустақил тафсири бўлгани ҳақида ҳам турли қарашлар мавжуд. Жумладан, Ҳожи Халифа имом Бухорийнинг машҳур шогирдларидан бири Абу Абдуллоҳ ал-Фирабрий (ваф. 932)нинг маълумотларига таянган ҳолда имом Бухорийнинг ҳадис илмига оид асарларидан ташқари мустақил тафсири бўлганлиги ҳақидаги маълумотни ўз асарида келтириб ўтади[11; 443]. Шунингдек, имом Бухорийнинг “Холқу Афъал ул-Ибад” асарини таҳқиқ қилиб нашр эттирган доктор Абдурраҳмон Умайра ҳам имом Бухорийнинг “ат-Тафсир ал-кабир” номли мустақил асарининг мавжудлиги ва ҳозирда Жазоир Миллий кутубхонаси ҳамда Парижда ушбу асарнинг икки нусхаси сақланаётгани ҳақида маълумот бериб ўтган[14; 23]. Аввал қайд этиб ўтганимиздек турли тафсир мактабларига мансуб муфассирлар қаторида бир муҳаддис сифатида имом Бухорийнинг ҳам мустақил тафсир ёзиши табиий ҳолдир. Олимнинг тафсир илмидаги ўрни ҳақида гап кетганда унинг бу жиҳатига эмас балки, имом Бухорийнинг ривоят тафсири йўналишида биз учун энг муҳим жиҳати ичида илк бора мусаннаф бир ҳадис китоби ичида “Китоб ут-тафсир” сарлавҳаси остида тафсирга жой ажратиши билан муҳим аҳамият касб этади.  
Бухорийнинг тафсир бўлимида бошқа ҳадис мусаннифларидан фарқли равишда тафсир имконларини кенгайтиришга ҳаракат қилган. У “Китобут- тафсир”нинг боб мавзуларида тафсирга оид маълумотларни берган. Бошқа томондан, ҳам асарнинг ҳаммасида, ҳам тегишли бўлимда ҳадисларни ўз фикрини баён қиладиган бир шаклда танлаши ва тартиблаши ҳам, унинг бошқа ҳадис асарларидаги тафсирга оид бўлимларидан кўра фарқли бир жиҳати бор эканлигини кўрсатади дейиш мумкин. Бухорийнинг ўз асарида ажратган тафсир бўлими бу турдаги ишларнинг илк намунаси бўлишига қарамасдан турдошлари орасида тафсир мавзуси бўйича юқори бир савияда эканлиги сабабли унинг тафсир анъанасидан кўпроқ истифода қилганлигини айтиш мумкин бўлади. 
Бухорийдан олдин ёзилган ҳадис китобларида тафсир номи остида ажратилган мустақил бўлимни учратмаймиз. Ҳатто Бухорийдан 45 йил олдин вафот этган Абдураззоқ ибн Ҳаммом (ваф. 826)нинг “Ал-Мусаннаф” асарида бундай бўлим учрамайди[2; 9]. Шунингдек, Имом Бухорий билан замондош бўлган Имом Доримийнинг “Сунан” асарида ҳам тафсирга бағишланган бирор бўлимга дуч келмаймиз[1; 4].. Аммо, Бухорийдан кейин ёзилган имом Муслим (ваф.874) ва имом Термизий (ваф. 892)нинг ҳадис тўпламларида тафсир бўлимини учратиш мумкин. Бундан кўриниб турибди-ки, ҳадис тўпламларига илк бора тафсир имом Бухорий томонидан олиб кирилган.   
“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг “Китоб ут-тафсир” бўлимида маълум оятлар боб сарлавҳалари сифатида ёзилган бўлиб, ортидан оятлар билан боғлиқ ҳадислар келтирилган. Шунингдек, “Китоб ут-тафсир”дан бошқа баъзи китоблар номи ҳам маълум бир оятлар билан номланган. Шу шаклда якунланган боблар тафсир китобини ташкил этади.

давоми бор…..

 

 

Биз тафсирга алоқадор боб изоҳларини ўрганиб чиқишимиз натижасида уларнинг сони 1129 тага етди. Бундан кўриниб турибдики, асарнинг учдан бири тафсирга бағишланган. Шу билан бир қаторда оятлар билан бошланувчи китоблар сони эса 18 тани ташкил этади. Тафсир китобидан ташқари изоҳлар бошқа бўлимларда 613 ўринда оятлар изоҳланган, тафсир китобида эса булар 516 тани ташкил этади.  
“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг ушбу ҳусусияти имом Бухорийнинг тафсири маъсур йўналишидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатмоқда. Шунингдек, бир муҳаддис сифатида олимнинг ҳадис тўпламининг ичига тафсирни қўшгани ҳамда баъзи ўринларда филологик изоҳлар ҳам қолдиргани билан ҳам аҳамиятлидир. 
Бухорийнинг тафсир бўлимида бошқа ҳадис мусаннифларидан фарқли равишда тафсир имконларини кенгайтиришга ҳаракат қилган. У “Китоб ут-тафсир”нинг боб мавзуларида тафсирга оид маълумотларни берган. Бошқа томондан, ҳам асарнинг ҳаммасида, ҳам тегишли бўлимда ҳадисларни ўз фикрини баён қиладиган бир шаклда танлаши ва тартиблаши ҳам, унинг бошқа ҳадис асарларидаги тафсирга оид бўлимларидан кўра фарқли бир жиҳати бор эканлигини кўрсатади дейиш мумкин. Бухорийнинг ўз асарида ажратган тафсир бўлими бу турдаги ишларнинг илк намунаси бўлишига қарамасдан турдошлари орасида тафсир мавзуси бўйича юқори бир савияда эканлиги сабабли унинг тафсир анъанасидан кўпроқ истифода қилганлигини айтиш мумкин бўлади. Тасниф қилинган асарларнинг анъанавий тузилиши эътиборга олинганда Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида ўз шахсий қарашларини кўрсатиш имкониятларини ярата оладиган мусанниф эканлиги кўзга ташланади. Бухорий “Китоб ут-тафсир”да буни боб мавзуларида кўпгина тафсир ривоятларидан ташкил топган бир қанча маълумотларни келтириш ва ривоятларни ҳам шахсий қарашларини маълум бир даражада ифодалайдиган шаклда баён этиш орқали амалга оширган. 
Бухорий бошқа муҳаддислардан фарқли равишда боб мавзуларида айрим маълумотларни тақдим қилади. Бобларга қўйган номларини аслида ҳадис ривоят қилинадиган асар бўлган ва тузилиш хусусиятлари ҳам шунга кўра шаклланган китобида ўз қарашларини баён қила олиш имконияти деб билган. Муаллиф асарининг тафсир бўлимида ҳам ушбу ишни давом эттирган, боб мавзуларида кўпроқ сўзларнинг изоҳларига оид маълумотларни берган. Сўзлар изоҳлари билан бир қаторда оятларнинг тушинилишига хизмат қиладиган тафсир ривоятларини ҳам нақл қилган. Турк тадқиқотчиси Фуад Сезгин, Бухорийнинг бевосита тил китобларидан иқтибос ёки тафсир ривоятларини санадсиз шаклда нақл қилиш йўли билан тақдим қилган ушбу маълумотларни “Саҳиҳ”нинг тахминан 1/5 ини ташкил қиладиган таълиқ тарзидаги ривоятлардан деб ҳисоблаган. Унга кўра, Бухорий ривоят қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳадисларни санадларининг ҳаммасини ёки бир қисмини тушириб қолдириб, кўпинча “қола” сўзи билан нақл қилган[13; 147].  
Бухорий тафсир китобида баъзи бобларнинг ичида ҳеч қандай ривоят нақл қилинмасдан, фақат боб мавзуларида тафсир ривоятлари келтирилган. 
Бухорийнинг “Китоб ут-тафсир”ида боб мавзуларида берган маълумотларни “сўз изоҳлари” билан “боб мавзуларида нақл қилган тафсир ривоятлари” шаклида таҳлил қилиш мумкин. 
“Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг ушбу ҳусусияти имом Бухорийнинг тафсири маъсур йўналишидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатмоқда. Шунингдек, бир муҳаддис сифатида олимнинг ҳадис тўпламининг ичига тафсирни қўшгани ҳамда баъзи ўринларда филологик изоҳлар ҳам қолдиргани билан ҳам аҳамиятлидир. 
Бухорий баъзан боб мавзуларида оятларнинг тушинилишига ёрдам берадиган тафсир ривоятларни нақл қилади. Тафсир ривоятларини бевосита оятларнинг изоҳини кўзлаган Расулуллоҳ (с.а.в.)дан, саҳобалардан ва тобеъинлардан келган маълумотлар шаклида таърифласак, юқорида зикр қилинган айрим мисолларни ушбу гуруҳга киритиш мумкин бўлади. Бухорийнинг “Китоб ут-тафсир”да нақл қилган саҳобага нисбат қилинган тафсир ривоятларининг деярли ҳаммаси Ибн Аббос (р.а)га тегишли эканини кўриш мумкин. Масалан, Бақара сурасининг “Шубҳасиз Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) шиорларидандир” шаклидаги 158-оятга бағишланган бўлимда санадини ҳазф қилиб “Қола Ибн Аббос (р.а): “الصفوان”: “тошдир” (الحجر)” шаклида бир ривоятни нақл қилган[3; 1102]. Ушбу мисолда бир масала диққатга сазовор.

 

Жўйбор Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори А.Иноятов

Izoh qoldirish