07.12.2021

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири”

Тадбир таълим муассасаси директори А.Иноятов томонидан очиб берилди. Барчани Ўзбекистон Республикаси Конституциясни қабул қилинган кун муносабати билан табриклаган ҳолда сўз навбатини Адлия бўлими мутахассиси А.Бафоевга берилди.

Меҳмонлар директор А.Иноятовни  Ҳадисшунослик ихтисослиги доирасида исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олганликлари билан табрикладилар.

Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасига кўра, виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш лозим. Бу янгиликлар, айниқса, қуйидаги масалаларда яққол намоён бўлади:

Биринчидан, Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилмоқда.Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди.Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.Бу билан диний ташкилот тузиш ташаббускорларига қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди.Шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар назарда тутилди. Бу ҳам илгари тарихимизда бўлмаган механизмлардир.

Иккинчидан, диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди. Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши – ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади.Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.

Учинчидан, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди. Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Тўртинчидан, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат-ҳужжатларни йиғишдан халос бўлдилар.

Бешинчидан, бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида нотинч вазият ҳукм сураётгани туфайли диний омилдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш кучайиб бораётганини инобатга олиб, Ўзбекистон ҳудудида бузғунчи ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун диний мазмундаги босма, аудио ва видео маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш долзарб бўлиб қолмоқда.Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.

Негаки, қонун атамаларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли тушунмовчиликлар, масалага нохолис ёндашув ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Шу каби омиллардан келиб чиқиб, Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

Юқоридаги маълумотлар мутахассис томонидан талабаларга аниқ ва тушунарли қилиб тушунтирилди.Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. 

 

 

 

Таълим муассасаси директори:                                       А.Иноятов

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar