09.11.2021

МАЗҲАБГА ЭРГАШМАСЛИКНИНГ ЗАРАРЛАРИ

        Х аср сўнгида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлди. У ҳам бўлса мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир. Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр–кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.

        Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича фиқҳий мазҳабларга эргашиш Китоб ва Сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир.

Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси

 Муҳаммад  Юнус Муҳаммад Мусо ўғли

Izoh qoldirish