15.10.2021

Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг Ҳиро ғорида ёлғис қолишларидаги ҳикматлардан бири

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ ёшга етганида, вақти-вақти билан узлатда ёлғиз қолишни ёқтириб қолдилар. Аллоҳ таоло у зот алайҳис-саломни ёлғиз қолиши учун Ҳиро ғорини суюкли қилди. (Ҳиро – Макканинг шимоли ғарбий тарафидаги тоғда жойлашган ғор). 

У ерда бир неча кунлар қолиб ибодат қилар эдилар, гоҳо ўн кун, баъзан ойлаб қолардилар.

Бу ҳолат у зотга ваҳий келгунига қадар давом этди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлишларидан бироз аввал холи қолишни ёқтиришларида омма мусулмонлар, хоссатан илм аҳлларига улкан ибратлар бор.

Инсоннинг иймони комил бўлиши учун фарзлардан ташқари кўплаб турли ибодатлар ила зийнатланиши лозим. Зеро, холи қолиб ўз нафсини ҳисоб-китоб қилади, борлиқнинг кўриниши борасида фикр юритади ва мана шулар Аллоҳнинг улуғлигига далил эканини ҳис этади.

Инсон нафсида бир қанча офатлар бўлиб, унинг давоси фақат одамлардан йироқлашиш бўлади. 

Кибр, ужб, ҳасад, риё ва дунё муҳаббати улкан офатдир. Булар нафсга ҳукмронлик қилиб, қалб тубигача кириб боради. Натижада инсоннинг ичида бузғунчи амалларни қилдиради, зоҳири қанчалар гўзал ибодат ва солиҳ амаллар билан безанганига қарамасдан. Бу касалликларнинг ягона давоси инсон вақти-вақти билан ёлғиз қолиб, борлиқ борасида ва дунёга нима сабабдан келгани ва қай томон кетаётгани ҳақида фикр юритишидир. Шундай қилиб моғорлаган қалби яна қайтадан жонланади ва дунё муҳаббатларидан асар ҳам қолмайди. 

 

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли

Жуйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Izoh qoldirish