Жамиятда одамлар ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстона руҳда муомала қилишлари
Ахлоқий маданиятнинг энг муҳим элементларидан бири муомала одобидир. Муомала жамият, инсон учун зарурат, эҳтиёж, усиз ривожланиш бўлмайди. Муомала одоби бошқа одамларни ҳурматлашни, қадр-қимматини жойига қўйиб, миллий ва умуминсоний ахлоқий маданият қоидаларига риоя этишни талаб этади. Муомала одоби бизнинг фикримизча, 3 та жиҳатни ўз ичига олади: 1) салом бериш ва саломга жавоб бериш одоби; 2) суҳбатлашиш одоби; 3) нигоҳ, яъни инсоний қараш одоби. Муомала саломлашишдан бошланиб, салом бериш одобига риоя этишни тақозо этади.
Бу хусусда Ҳусайн Воиз Кошифий шундай деган: «Агар салом бериш одоби нечта деб сўрасалар, еттита деб айтгил: биринчидан, салом берувчи киши пок бўлиши керак, иккинчидан, суворий киши яёв одамга салом берсин, тўртинчи, салом бераётган одамнинг чеҳраси очиқ ва хурсанд бўлсин, бешинчи, ишора ёки имо (бошини қимирлатиб, қўлини кўкракка қўйиб) эмас, балки овоз чиқариб: «Ас салому алайка» ёки «Салому алайк» десин ва агар жамоат бўлса «Ассалому алайкум» деб айтсин. Еттинчидан, икки киши бир-бирига яқинлашганда, қўл бериб кўришсин, бу одобга киради».1 Саломга жавоб бериш одоби: очиқ чеҳра билан хурсанд бўлиб «Ва алайкумус салом» (маъноси арабча «сизга ҳам тинчлик бўлсин дегани») деб жавоб бериш, салом берганга раҳмат айтиш, саломга имо-ишора билан эмас, баландроқ овозда алик олиш, салом берган одам жавобингизни эшитиши лозим, бошқа миллат вакили ўз тилида салом берса шу тилда жавоб бериш. Муомала, аввало, сўз, нутқ воситасида амалга ошади. Шунинг учун сўзлаш, суҳбатлашиш, бошқаларнинг сўзини тинглай билиш муомала одобининг муҳим шарти ҳисобланади.
Бизнинг фикримизча, суҳбатлашиш одоби қуйидагилар: мулойимлик билан, табассум қилиб, очиқ, самимий гапириш, овозни баланд кўтармасдан, маъноли, фойдали, ҳар кимнинг қизиқишига, аҳволига, ёшига муносиб сўзларни гапириш, инсонни масхара қиладиган, ичини оғритадиган кинояли, ғаразли сўзларни сўзламаслик, одамларнинг гапини бўлмаслик, бетгачопарлик қилмаслик, ўйлаб гапириш, кўп гапирмаслик, яъни оз бўлса ҳам, соз гапириш, илмли, тажрибали, ҳурматли инсонлар билан суҳбатлашиш.
Маълумки, инсон қанча кўп шеър ёд олса, унинг хотираси шунча кучли бўлади. Муомала одобида нигоҳ, яъни инсоний қараш муҳим роль ўйнайди. «Маълумки, одамнинг қарашида юз ифодасида, қўл ҳаракатларида унинг қай сабаблардандир тилга чиқмаган, сўзга айланмаган ҳиссиёти, талаблари ўз аксини топади. Чунончи, суҳбатдошининг гапини охиригача эшитмай, қўл силтаб кетиш муомаладаги маданиятсизликни англатади. Баъзан қараб қўйишнинг ўзи сўздан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатади.»
Зеро, инсоннинг маънавий қиёфаси, унинг ташқи кўриниши, хатти-ҳаракати, хулқ-атвори мулоқот маданиятида ифодаланади. У ўзининг ҳис-туйғусини, ички туғёнини, орзу умидларини мулоқот жараёнида баён этади.
Жўйбори Калон ислом таълим муассасаси
маънавият ва маърифат ишлари
бўйича директор ўринбосари: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish