08.08.2021

Намозда ниятни тил билан айтиш

  Намозда ниятни тил билан айтиш ҳақида бир оз ихтилоф бор. Бир тарафда сиз айтган бемазҳаб ихтилофчилар бўлса, бошқа тарафда фуқаҳолар жумҳури туради. Сиз айтган бемазҳаблар, сиз келтирган гаплар асосида, ўз фикрларини айтиб, намозда ниятни тил билан айтиш бидъатдир, деганлар. Уларнинг фикрича, бу – хато, бу ишни қилган одам бидъат содир этган бўлади. Уларнинг қоидаси бўйича: бидъат – залолат, залолат – дўзах. Аммо уларнинг ушбу масала бўйича, яъни, намознинг ниятини тил билан тасдиқлаганлар дўзахий бўладиларми ёки йўқлиги ҳақидаги ҳукмларини билмаймиз.Жумҳур уламолари эса, яъни, фиқҳий мазҳабларнинг уламоларининг барчаси ушбу масалани ва бу борадаги ҳамма далил-ҳужжатларни диққат билан ўрганиб, дийнимиз таълимотларининг мақсад, ҳикмат ва асл қоидаларини ишга солиб ҳал қилганлар. Қуйида эътиборингизга жумхур уламоларининг айни шу масала бўйича хулосаларидан иккитасини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

       “Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу” китобида қуйидагиларни ўқиймиз:

       “Уни (ниятни) талаффуз қилиш қатъий шарт қилинмайди. Лекин, моликийлардан бошқа барча жумҳурнинг наздида, уни (ниятни) талаффуз қилиш суннатдир. Қалбни ҳозир қилишга ёрдам бўлиши ва нутқ эслашга кўмак бўлиши учун”.

     “Ал-Мавсуъа ал-Исламия”да қуйидагилар айтилади:

"Ҳанафийлар, мухтор қавлда ҳамда шофеъийлар ва ҳанбалийлар: (Намозда ниятни талаффуз қилиш суннатдир. Тил қалбга мувофиқ бўлиши учун ва васвасадан узоқроқ бўлиши учун, деганлар. Чунки, ҳеч бир ҳадисда ва саҳобалар ҳамда бошқа гапи қабул бўладиган мужтаҳидларнинг қавлида намознинг ниятини тил билан айтиш бидъат бўлиши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Ниятни тил билан айтилганда, ҳар ким ичида айтиши маълум. Бундай нарсани ҳеч ким айтмаган, дейиш учун бемазҳабларнинг алоҳида ҳужжатлари бўлиши керак.

Энг муҳими, ушбуни намозга оид хато деб жар солишдан кимга фойда бор? Қандай фойда бор?

Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари И.Уста -Алимова

Izoh qoldirish