07.07.2021

Виждон эркинлиги диний бағрикенглик жамият равнақи асосидир

      Халқаро ҳамжиҳатлик йўлида ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши жуда муҳимдир. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини  мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик бўлмайди. Диний бағрикенглик ғояси барча динларга хос ана шу умумий тамойилларни англаган ҳолда, улар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга ва шу тариқа бутун инсониятнинг орзуси бўлган адолат тантанасига эришишга даъват этади. Тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти бўлган бу ғоя бугунги кунда нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг ҳамкорлигини ҳам назарда тутади, ҳамжиҳатликка эришишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

       Ўзбекистон Республикаси Конститусиянинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди", деб ёзиб қўйилган. Демак, динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг шахсий ишидир.

      Бунинг исботи сифатида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунни мисол келтирсак муболаға қилмаган бўлар эдик. Ушбу қонунда демократик давлатнинг динга нисбатан тутган сиёсатининг ҳуқуқий асослари батафсил акс этган.

      Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев халқимизнинг дунёқарашида тобора чуқур ва мустаҳкам ўрин эгаллаётган бағрикенглик тамойили тўғрисида  шундай дейди: “Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.

     Шундай экан, Ўзбекистонда барча шахсларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилувчи диний ташкилотларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, қонунда белгиланган тартиб ва асосларда фаолият олиб боришлари учун тегишли ҳуқуқий асос ва ташкилий шакллар таъминланган. Ушбу ҳолат давлатимизнинг дунёвий демократик давлат сифатида ривожланаётгани ҳамда диний бағрикенглик тамойилларига содиқ эканини кўрсатади.

 

 

 

 

 

 

 

Инобат Уста-Алимова 

 Жўйбори  Калон ўрта махсус ислом таълим муассасаси маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари

 

Izoh qoldirish