Иқтисодий соҳадаги ютуқларимиз – Ватан равнақининг асоси
Ватан равнақ топиши, обод бўлиши учун аввало у озод бўлиши шарт экан. Ёшларимиз Ватан тарихини яхши биладилар. Юртимиз юз йилдан ортиқ вақт “пахта экиладиган ҳудуд” мақомида келди. Шўро даврида ҳам Ўзбекистон бор эди. Бироқ, обод эмас эди. Бу масалани ўзга жойларда “кўриб чиқишарди”. Масалан, “Советобод районидаги бошланғич мактабнинг девори шўрлаб, шиферлари синган. 10 йилдан буён томидан чакка ўтиб ётибди. Бу - бешинчи аризамиз. Илтимос, ёрдам беринг”, деб ёзиларди. Москвага. Бир йилдан сўнг “Советобод район Карл Маркс номидаги мактабга 10та кичик шифер ажратиш келаси беш йиллик дастурига киритиш масаласи кўриб чиқилади”, деган жавоб келиши мумкин эди. Чунки қарорни биз эмас, ўзгалар қабул қилар эди.
Мустақиллик маънавиятидан кўнгиллар обод бўлди. Обод кўнгиллар уй, кўча, йўл, қишлоқ, маҳалла, ям-яшил хиёбон, майдон, гулзорлар, иншоотлар билан Ватанни ОБОД қилди. Қайси томонга қараманг, кўзларингиз гувоҳлик бераётир: Биздан озод ва обод Ватан қолаётир.
Ўзбекистон қачон шунчалар машҳур, шунчалар обод бўлган? Бундан 20 йил олдин олам аҳли Самарқандни, Бухорони, Хивани яхши биларди. Бироқ, Ўзбекистонни билмас эди. Самарқанду Бухоро, Хивани аждодлар, Ўзбекистонни – 1991 йил ўз тақдирини ўз қўлларига олган озод авлод машҳури жаҳон қилдилар.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тизимидан мутлақо воз кечилиб, бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилгани ва пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсишини, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолишни таъминлади ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилди.
Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда.
Ўзбекистонда бундан 5 йил аввал иқтисодий соҳада ўта муҳим ва зарур ислоҳотлар бошланди. 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бош устувор ҳужжати ҳисобланган Ҳаракатлар стратегияси асосидаги мазкур янгиланишлар бугунги кунга келиб дастлабки натижаларини ва қатор устунликларини намойиш этмоқда.
Бош стратегик ҳужжатнинг ҳаётга жорий этилиши туфайли давлат бошқаруви, жамият, фуқаролик институтлари, оммавий ахборот воситалари, иқтисодиёт ва бошқа барча соҳаларда уйғониш, олдга силжиш бошланди.
Буни ўтган 5 йиллик муддат давомида эришилган натижалар ва самарадорлик мисолида ҳам кўриш мумкин.
Энг аввало, шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда 2017 йилдан эътиборан Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолда, ҳамкор ривожланган давлатлар ва халқаро молия институтлари билан муносабатлардаги ёндашув ўзгартирилди.
Бинобарин, Ўзбекистон глобал иқтисодий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб бораётган шароитда, мамлакатда олиб борилаётган макроиқтисодий, шу жумладан, пул-кредит сиёсати ва банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро жамоатчиликни, хусусан, хорижий инвесторлар, халқаро рейтинг компаниялари ҳамда молиявий ташкилотларни хабардор қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Айнан шу жиҳатдан, ҳукумат, барча вазирлик ва идоралар ҳамда Марказий банк томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети ижроси, пул муомаласи ва олтин-валюта захиралари ҳолати тўғрисидаги барча статистик ва таҳлилий маълумотларни доимий равишда очиқ чоп этиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Хусусан Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга “очилиши” ва халқаро ҳамкорлик кучайтирилиши ҳамда олиб борилган ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатга нисбатан муносабати ва ишончи ортишига сабаб бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси билан бошланган янги босқичдаги туб ислоҳотлар бугунги кунга келиб ўзининг самарасини бермоқда. Буни юқорида айрим соҳалардаги ислоҳотлар ва уларнинг натижалари мисолида шарҳлаб ўтдик. Мазкур ютуқлар жамиятда амалга оширилаётган стратегиянинг пировард муваффақияти ва унинг тўлиқ амалга оширилишига ва истиқболда мамлакатнинг иқтисодий барқарор ўсишига бўлган ишончни шакллантирмоқда.
Бунга мамлакат иқтисодий ўсиши бўйича халқаро ташкилот ва молиявий институтларнинг прогнозлари ҳамоҳанг бўлмоқда. Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси 2021 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизга, Жаҳон банки 4,8 фоизга, “Fitch Solutions” рейтинг агентлиги эса 5,1 фоизга ўсиш бўлишини прогноз қилмоқда.
2021 – 2023 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Фискал стратегиясига мувофиқ эса, иқтисодий ўсиш 2021 йилда 5,1 фоизга, 2022 йилда 5,8 фоизга, 2023 йилда эса 5,4 фоизга ўсишга қаратилган чоралар белгиланган. Шунингдек, ялпи ички маҳсулот ҳажмини келгуси 5 йил ичида 100 млрд. долларга етказиш бўйича юқори ўсишни таъминлаш, солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, саноат тармоқлари, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал соҳаларни ривожлантириш борасида янада истиқболли марралар белгиланган.
Фароғат Мамадшоева
Жўйбори Калон ўрта махсус ислом таълим муассасасида амалиёт ўтовчи Мир араб олий мадрасаси 3 курс талабаси
Izoh qoldirish