01.07.2021

ОҲОД ҲАДИСЛАРНИНГ АҚИДА ВА ФИҚҲ ИЛМЛАРИДА РОЛИ

А.Неъматов 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

ОҲОД ҲАДИСЛАРНИНГ АҚИДА ВА ФИҚҲ ИЛМЛАРИДА РОЛИ 

  

Оҳод ҳадислар ва уларнинг ҳужжат бўлиш-бўлмаслигига алоқадор баҳсли масалалар мусулмонлар орасида турлича шаклу шамоилда намоён бўлиб турган. Фиқҳий масалаларда оҳод ҳадиснинг ҳужжатлиги масаласи деярли ўртага ташланмайди. Оҳод ҳадислар фиқҳий масалаларда бўлганидек баъзи шартлар ва ҳукмдаги фарқларга кўра ақидавий масалаларда ҳам ҳужжат бўлиши ҳақиқатга яқинроқ бўлишига қарамай, бу мавзу кўп баҳсли мунозараларга сабаб бўлган.

Оҳод ҳадислар масаласида уламолар якдил бўлган томонлари ҳам, ихтилоф қилган томонлари ҳам бор. Доктор Дияб Сулаймулар иттифоқ қилган томонларни қуйидагича зикр қилган:

1. Пайғамбарларнинг хабари илмни ифодалайди.

2. Мусулмонлар оҳод хабарни қабул қилса, у ҳам илмни ифодалайди.

3. Мусулмонлар оҳод хабар тақозосига амал қилишга ҳамфикр бўлсалар, ҳамфикр бўлишда унга таянсалар бу хабар илмни ифодалайди. Зеро, бу уммат фақат саҳиҳ хабарларга таяниб иш кўради. Чунки мусулмонлар залолат устида бирлашмайдилар.

4. Адолатли бўлмаган ёлғиз ровийнинг хабари илмни ифодаламайди.[1]

Оҳод ҳадислар билан ақидавий масалаларни собит қилиш борасида уламолар орасида ихтилоф бор. Яъни улар оҳод хабар яқин (аниқ илм)ни ифодалаш ёки ифодаламаслигида ҳамфикр бўлмаган. Имом Ибн Ҳазм Андалусий бу ихтилофни нақл қилиб қуйидагиларни ёзади:

“Бир нафар адолатли ровий бирор хабар берадиган бўлса, унинг хабари илмни ифода қилиш-қилмаслигида уламолар ихтилоф қилган”[2].

Шунга кўра, уламолар бу масалада уч гуруҳга бўлинишган:

Биринчи гуруҳ: улар фикрича, оҳод хабар мутлақо илмни ифодаламайди. Бу – кўпчилик усулул-эфиқҳ уламолари ва мутакаллимлар мазҳаби. Шунингдек, уч имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ҳамда ҳанбалий мазҳаби муҳаққиқларининг ҳам қараши шудир. Улар наздида оҳод хабар амални вожиб қилади, аммо илмни ифодаламайди. Қўшимча белгилар бўладими ёки йўқми, баробардир. Имом Ибн Уқайл, Ибн Жавзийдан, шофеийларнинг Нававий, Абу Бакр Боқиллоний, Абу Ҳомид Исфароиний, Ибн Бурҳон, Фахриддин Розий, Омидий, Имомул Ҳарамайн, Ибн Ҳожиб, Субкий, Байзовий, Абул Ҳусайн Басрий каби кўпчилик уламоларидан ҳам шу фикр нақл қилинган. Шайхул ислом Закариё Ансорий ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлаган[3].

Иккинчи гуруҳ: улар фикрича, оҳод хабар мутлақо илмни ифодаламайди. Бу – Аҳмад, Довуд Зоҳирий, Ҳорис Муҳосибий, Каробисий ва кўпчилик муҳаддислар мазҳаби. Салафларнинг аксарига ҳам шу фикр нисбат берилган. Ҳозирги даврда шайх Аҳмад Шокир, Носируддин Албоний кабилар ҳам шу фикрни илгари сурган. Шавконий бундай деган: “Аҳмад ибн Ҳанбал: “Албатта, оҳод хабар ёлғиз ўзи илмни ифодалайди”, деган. Ибн Ҳазм буни “Ал-иҳком”да Довуд Зоҳирий, Ҳусайн ибн Али Каробисий, Ҳорис Муҳосибийдан нақл қилган ва биз ҳам шу фикрдамиз деган. Уни Ибн Хувайз Миндод Молик ибн Анасдан ҳикоя қилган ва шу фикрни ихтиёр қилиб, бу масалани узоқ баён қилган. Қаффол Шоший ҳам оҳод хабар очиқ илмни вожиб қилади, дегани ривоят қилинган”[4].

Ибн Салоҳ: “(Оҳод хабарлардан) Бухорий ва Муслимда келганлари яқинни ифодалайди. Назарий илм ҳам уни инкор қилган кишиларга хилоф равишда у билан воқе бўлади. Улар шуни ҳужжат қилишадики, оҳод хабар аслида фақат зонни (аниқ илм даражасига етмаган илмни) ифодалайди. Мусулмонлар уни қабул қилишган. Чунки зоннга амал қилиш уларга вожибдир. Зонн хатога олиб бориши ҳам мумкин”, деган. Ибн Салоҳ сўзини давом эттириб шундай дейди: “Мен авваллари шу фикрга мойил бўлиб, уни кучли деб ҳисоблаб юрган эдим. Кейинроқ менга аён бўлдики, ўзимиз илгари танлаган йўл тўғрироқ экан. Чунки хатодан маъсум зотдан содир бўлган зон хатога олиб бормайди. Мусулмонлар якдил фикрда бўлсалар, хатога йўл қўйишдан ҳимоялангандирлар”[5].

Ибн Қози Жабал: “Ҳанбалийлар мазҳаби шуки, мусулмонлар томонидан қабул қилинган оҳод хабарлар дин асосларини собит қилишга ярайди. Қози Абу Яъло буни “Муқаддаматул муҳаррар”да, шайх Тақиюддин ўзининг “Ақида”сида зикр қилган”, деб ёзади[6].

Учинчи гуруҳ: улар фикрича, оҳод хабарнинг барча қўшимча белгилари мавжуд бўлса, у илмни ифодалайди. Икки “Саҳиҳ”да келган ҳадислар бунга мисолдир. Чунки мусулмонлар уларни қабул қилишган. Ибн Салоҳ, шунингдек шофеий мазҳабининг Абу Исҳоқ Исфароиний, Абу Ҳомид Исфароиний, Қози Абу Тоййиб, Абу Исҳоқ Шерозий каби уламолари, ҳанафийлардан Сарахсий, моликийлардан Қози Абдул Ваҳҳоб, ҳанбалийлардан Абу Яъло, Абул Хаттоб ва Ибн Зоғуний, ашъарийлардан Ибн Фаврак каби кўпчилик аҳли имлар шу фикрда бўлишган. Салафлар тутган йўл шуки, мусулмонлар қабул қилган ҳадис қатъийдир[7].

Шавконий: “Оҳод ҳадислар ўзи мустақил равишда илмни ифода қилмайдиган хабардир. Умуман ифодаламайдими ёки қўшимча ташқи белгилар воситасида ифодалайдими, баробардир. Бинобарин, мутавотир хабар билан оҳод хабар ўртасида ҳеч қандай восита йўқ ва бу кўпчиликнинг фикридир”, деган[8].

Уламоларнинг бу масаладаги қарашларидан аён бўладики, қуйидаги шартлар топилган қўшимча белгилари бор оҳод ҳадислар илмни ифодалайди:

1. Дин асосларини эмас, жузъий ақидавий масалаларни собит қилиши. Демак, у кишини кофир ёки мўминга чиқаришда асос бўлмайди.

2. Қуръони каримда умумий келган ва оҳод хабарлар уни батафсил ёритиб келган ақидавий масалаларни собит қилиши.

3. Ақлга ҳам, фитратга ҳам қарши бўлмаслиги.

4. Диннинг тасдиқлаб қўйилган қоидаларидан ҳеч бирига зид келмаслиги.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир хабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бўлади. Аммо ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шахс кофир бўлади.
Оҳод ҳадислар ила собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса кофир бўлиб, Исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади. Юқорида зикр қилинганидек, аввалги ўтган уламоларнинг кўпчилиги: “Оҳод хабарлар ақийдавий ва фиқҳий масаларда бирдек ҳужжат сифатида қабул қилинади, уларнинг кўпи илми яқийнни ифода этади”, деганлар. 


 

[1]Доктор Дияб Сулайм. Оҳод хабар ва унинг қанчалик ҳужжатлиги, Дорул ҳудаа нашриёти, 43-44-бетлар.

[2]Ал-иҳком фи адиллатил аҳком, 2-жилд, 48-бет.

[3] Доктор Юсуф Қаразовий. Ҳадиси шариф маърифат ва маданият манбаси сифатида, 91-93-бетлар. Шунингдек, қаранг: Тадрибур ровий шарҳу тақрибин Набавий, 1-жилд, 132-бет; Шарҳун Нававий ала саҳиҳи Муслим, 1-жилд, 20-бет; Омидий. Ал-иҳком, 41-бет; Ал-Мустасфо, 1-жилд, 142-бет; Фавотиҳур роҳамут шарҳи мусалламус субут, 2-жилд, 123-бет; Доктор Шаъбон Муҳаммад Исмоил. Диросотун ҳавлал Қуръани вас суннати, 293-294-бет. 

[4] Иршодул фуҳул, 48-бет. Ҳалабий нашриёти. Қаранг: Доктор Юсуф Қаразовий. Ҳадиси шариф маърифат ва маданият манбаси сифатида, 91-93-бетлар.

[5] Муқаддимату Ибн Салоҳ. Доктор Ойша Абдураҳим таҳқиқи билан, Дорул кутуб нашриёти, 14-бет.

[6]Ал-мусвадда ли оли таймия, 247-248.

[7]Қаранг: Доктор Юсуф Қаразовий. Ҳадиси шариф маърифат ва маданият манбаси сифатида, 91-93-бетлар.

[8]Иршодул фуҳул, 48-бет. Ҳалабий нашриёти.

Izoh qoldirish