05.09.2026

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАЪРИФАТИ

Мустақиллик — бу фақат давлатнинг сиёсий эркинлиги, балки инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, билим олиши, ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган имкониятдир.

Мамлакатимиз тараққиётининг турли соҳаларига назар ташлар эканмиз, сўнгги йилларда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ эканини кўрамиз. Зеро, маърифат бор жойда жаҳолатга ўрин қолмайди. Билим бор жойда эса инсоннинг дунёқараши, тафаккури ва эртанги кунга ишончи юксалади.

Виждон эркинлиги — инсон қадрининг муҳим кафолати

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Диний соҳада ҳам бу жараён изчил ҳуқуқий асослар билан мустаҳкамланмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунга яққол мисолдир.

Фармонда диний бағрикенглик, конфессиялараро тотувлик, буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлодни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Ҳужжатда диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳам алоҳида йўналиш сифатида кўрсатилган. Бу жиҳат, айниқса, муҳим. Чунки бугун диний-маърифий соҳада шунчаки маълумотли эмас, балки замонавий тафаккурга эга, тарих ва маънавиятни теран англайдиган, ёшлар билан ишлай оладиган, соғлом эътиқод ва маърифатни уйғунлаштира оладиган кадрларга эҳтиёж катта. 

“Қиз болани ўқитсак — жамиятни ўқитган бўламиз!”

Халқимизда қиз фарзанд таълимига доимо алоҳида эътибор берилган. “Қиз болани ўқитсанг, жамиятни ўқитган бўласан” мазмунидаги ҳикмат ҳам бежиз майдонга чиқмади. Бугун ана шу эзгу қарашнинг амалий ифодасини диний таълим муассасаларида ҳам кўриш мумкин. Қиз боланинг қўлига китоб бериш — бир инсонга билим бериш. Қиз болага Қуръон илмларини ўргатиш — унинг қалбига маърифат уруғини экиш. Қизга тарих, тил, ахлоқ, маънавият ва замонавий билимларни бериш эса эртанги оила, маҳалла ва жамият маънавиятига сармоядир.

Шу нуқтаи назардан, Бухородаги “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида қизларнинг таҳсил олаётгани алоҳида аҳамият касб этади.

Жўйбори Калон — маърифат маскани

Бухоро азалдан илм ва маърифат бешиги сифатида танилган. Бу заминдан дунё илм-фани ва маънавий тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққан.

Бугун ана шу улуғ анъаналар замонавий таълим билан уйғунлашиб, янги мазмун касб этмоқда. “Жўйбори Калон” таълим муассасасида таҳсил олаётган қизлар диний билимлар билан бир қаторда маънавий-маърифий дунёқарашини бойитишга интилиб келмоқда. Эътиборлиси, таълим муассасаси фаолиятида китобхонликка ҳам катта аҳамият берилмоқда. Жумладан, муассасага Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий — Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарининг ўзбек тилидаги 4 жилдлиги 10 ўрамда ҳадя қилингани эътиборли. Шунингдек, жорий йил 11 май куни муассасага Қуръон илмларига бағишланган китобдан 40 нусха ҳадя қилиниб, унинг тақдимоти ўтказилди. Бу каби ташаббуслар таълим жараёнининг фақат аудитория билан чекланиб қолмасдан, китоб, мутолаа ва мустақил изланиш билан уйғунлашиб бораётганини кўрсатади. 

Ҳар бир қория — бир оила, бир маҳалла маърифати

“Жўйбори Калон”да эътиборли натижалардан яна бири — қизларнинг Қуръони каримни ёд олишга бўлган қизиқишидир. Бу ерда ҳар йили 20 нафардан ортиқ талаба қиз Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, қориялик шарафига эришмоқда.

Бу рақам ортида қанча меҳнат, сабр, матонат ва устозлар машаққати борлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Қуръонни ёдлаш — фақат матнни хотирада сақлаш эмас. Унинг мазмун-моҳиятини англаш, ахлоқий сабоқларини ҳаётга татбиқ этиш, эзгулик ва меҳр-оқибатни қалбга сингдириш ҳам муҳим.

Шу маънода, қория бўлиб етишган ҳар бир қиз — ўз оиласида, маҳалласида ва жамиятда маърифат тарқатувчи инсон бўлиш имкониятига эга.

Бугун диний таълимнинг мазмуни ҳам ўзгармоқда. Унда анъанавий билим билан бир қаторда, замонавий ёндашув, илмий тадқиқот, ахборот технологиялари ва кенг дунёқарашга эътибор кучаймоқда. Диний таълим берилаётган муассасаларнинг ҳар бири миллий ва диний-маърифий меросимизни илмий асосда ўрганиш, ёшларга етказиш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бухорода бундай жараённинг кечаётгани эса алоҳида рамзий маънога эга. Чунки бу заминда илмга, китобга, устозга ҳурмат асрлар давомида шаклланган.

                                      Билимдан тарғиботгача

Таълим муассасаси фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати — талабаларнинг жойлардаги маънавий-маърифий ишларга жалб этилаётганидир.

Айни пайтда битирувчи қизларнинг “4+2” лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги расмий отинойилар билан биргаликда маҳаллаларда тарғибот тадбирларида иштирок этаётгани муҳим амалий тажрибадир. Бу жараённинг мақсади ҳам аниқ: аҳоли ўртасида соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, бидъат-хурофот ва дин ниқоби остидаги нотўғри талқинларнинг олдини олиш, одамларга тўғри ва ишончли маърифий тушунчаларни етказиш. Яъни талаба қиз фақат дарс олувчи эмас, балки олган билимини жамиятга етказишга тайёрланаётган ёш мутахассис сифатида шаклланмоқда. 

 

Қуръон мусобақалари — билим ва истеъдод майдони

 

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг амалий самарасини турли билим ва Қуръон мусобақаларида ҳам кўриш мумкин. “Жўйбори Калон” талабаларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги муассасалар ўртасида ўтказиладиган нуфузли беллашувларда фаол иштирок этаётгани таълим муассасасининг ўз номини муносиб ҳимоя қилаётганидан далолат.

Жумладан, 2024 йил 29 ноябрь куни Термиз шаҳрида ўтказилган “Ҳадислар билимдони” танловида муассаса талабаси Мунира Исломованинг биринчи ўринни эгаллагани — таълимдаги изланишнинг муносиб натижасидир. Спорт соҳасида ҳам натижалар бор. Жорий йил апрель ойида ўтказилган “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг шахмат турида мадраса талабаси Зокирова Розияхон олтин медални қўлга киритди. Бу ютуқлар бир ҳақиқатни кўрсатади: бугунги диний таълим муассасаси фақат диний фанларни ўргатадиган маскан эмас. У ерда билим, зукколик, спорт, маданият ва ижтимоий фаоллик ҳам уйғунлашмоқда.

 

Байрамлар — меҳр ва эътибор тимсоли

 

Рамазон ва Қурбон ҳайити каби улуғ айёмлар халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Ана шундай кунларда таълим муассасаларига моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, уларда таълим ва тарбия учун зарур шароитларни яхшилашга эътибор қаратиш ҳам эзгу анъанага айланмоқда.
Таълим муассасамиз мисолида давлатимиз томонидан таълим маскани фаолиятини яхшилашга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак бериб келинаётгани ҳам ана шу ҳамкорликнинг амалий ифодасидир. Чунки таълимга берилган эътибор — келажакка берилган эътибордир.

 

 

 

Маърифатдан тараққиёт сари

 

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар мамлакатимиз умумий тараққиёт жараёнининг муҳим қисмидир. Бу жараённинг мазмунини бир неча сўз билан ифодалаш мумкин: эътиқод ва маърифат, тарих ва замонавийлик, миллий қадрият ва илм-фан уйғунлиги.

“Жўйбори Калон”да таълим олаётган қизлар эса ана шу янги жараённинг тирик намуналаридан биридир. Бугун қўлида китоб, қалбида эзгу ният, тилида Қуръон оятлари билан таҳсил олаётган қиз эртага оиласига, фарзандларига, маҳалласига ва жамиятга маърифат олиб киради. Чунки билимли қиз — билимли оила, билимли оила — маърифатли маҳалла, маърифатли маҳалла эса барқарор ва тараққий этган жамият демакдир. Истиқлолимиз тўйи бизга ана шу ҳақиқатни яна бир бор англатмоқда: юртнинг энг катта бойлиги — унинг ер остидаги хазинаси эмас, балки илмли, маърифатли, ватанпарвар ва эзгу мақсадли авлодидир. Бугун “Жўйбори Калон”да таҳсил олаётган қизлар ана шу буюк авлод тарбиячилари сафига қўшилаётгани қувончлидир. 

 

Ойгул ШАРИПОВА,

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар 

ўрта махсус ислом таълим муассасаси 

директори, фалсафа фанлари доктори, профессор

 

Izoh qoldirish