Имом Абдулқоҳир ал-Журжоний — балоғат осмонининг қуёши
Имом Абдулқоҳир ал-Журжоний — балоғат осмонининг қуёши
У зотнинг тўлиқ исмлари — Имом, шайх Абу Бакр Абдулқоҳир ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Журжонийдир. Балоғат илмининг ҳақиқий меъмори бўлган бу улуғ аллома ҳижрий 400–471 (милодий 1009–1078) йиллар оралиғида Эроннинг Каспий денгизи соҳилларида жойлашган Журжон (Гургон) шаҳрида таваллуд топган.
Имом Журжоний — наҳв илмининг пешвоси ва балоғат фанининг асосчисидир. У зот бутун умрини ўз она шаҳрида ўтказди: шу ерда туғилди, ижод қилди ва шу юртга нисбат берилиб «Журжоний» номи билан машҳур бўлди.
У зот умри давомида Журжонни тарк этмаган бўлса-да, унинг илмий нуфузи ва шуҳрати бутун ислом оламига ёйилди. Илм талабидаги алломалар у зотни кўриш ва дарсидан баҳраманд бўлиш учун олис ўлкалардан Журжон сари сафар қилардилар.
Абдулқоҳир оддий, ҳатто бироз муҳтож оилада вояга етган. Иқтисодий имкониятлари чеклангани сабабли бошқа шаҳарларга сафар қила олмаган бўлса-да, бу ҳолат унинг илмий изланишларига асло тўсиқ бўлолмади. Аксинча, Журжонда яшаган икки буюк устоз — Абу Ҳусайн ал-Форсий ва Қози Абу Ҳасан ал-Журжонийнинг даргоҳида илмий салоҳияти юксалди. Шу билан бирга, у нафақат тирик устозлардан, балки Сибавайҳ, Жоҳиз, Ибн Қутайба ва Қудома ибн Жаъфар каби буюк салафларнинг асарларини чуқур мутолаа қилиб, ўз устида тинимсиз ишлади.
Қози Али ибн Абдулазиз ал-Журжоний — Рай шаҳрининг бош қозиси бўлган. Ёқут Ҳамавийнинг қайд этишича, Абдулқоҳир у зотга шогирд тушгани билан фахрланар эди.
Имом Журжоний наҳв ва балоғат илмининг энг йирик намояндаси эди. Унинг шуҳрати кенг ёйилгач, талабалар олис юртлардан келиб, унинг дарсларида иштирок этишни орзу қилардилар. У зот нафақат улкан заковат соҳиби, балки юксак одоб, тақво ва вараъ эгаси ҳам эди.
Бир куни Имом намоз ўқиётганларида уйга ўғри киради ва кўз олдиларида бор мулкни олиб чиқиб кетади. Аммо Имом Аллоҳ билан бўлган муножотини узишни истамай, намозини бузмай давом эттирадилар. Бу воқеа у зотнинг ихлоси ва дунёга бефарқлигини яққол намоён этади.
Ақидада ашъарий, мазҳабда шофеий бўлган бу улуғ зот ҳақида замондоши Бахорзий шундай дейди:
“Унинг имомлигига тиллар иттифоқ қилди, замон ва макон у билан шарафланди. У машҳур имомлар ичида илмда ягона эди.”
Имомнинг даргоҳидан кўплаб забардаст олимлар етишиб чиқди. Жумладан:
- Хатиб Табризий — машҳур адабиётшунос,
- Али ибн Муҳаммад ал-Фасиҳий,
- Абу Наср аш-Шажарий,
- Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Маҳобозий — кўзи ожиз бўлса-да, заковатда тенгсиз олим,
- Абу Омир ал-Журжоний — у киши ҳақида Имом алоҳида меҳр билан шеърлар битган.
Имом Журжонийни дунёга танитган энг катта ютуқ — унинг тил ҳодисаларини таҳлил қилишдаги ноёб ва ўта аниқ услубидир. У асос солган назариялар нафақат ўз даври учун, балки классик юнон ва ҳинд тилшунослигидан ҳам илгарилаб кетган эди.
Ҳижрий бешинчи асрда тилда муайян иллат пайдо бўла бошлади: одамлар сўзнинг фақат ташқи кўринишига, наҳв қоидаларига ва луғавий маъноларга берилиб кетиб, услубнинг теран маънолари, мажоз ва киноя нафосатидан узоқлашдилар.
Абдулқоҳир ана шу ҳолатдан ташвишланиб, ўзининг буюк асарлари — «Далоилул иъжоз» ва «Асрорул балоға»ни ёзди. У сўз (лафз) эмас, балки маънонинг устунлигини, сўзларнинг ўзаро боғланиши — назм орқали ҳосил бўладиган гўзалликни асосий мезон сифатида белгилади.
Унинг асарлари шунчаки адабиёт китоблари эмас, балки Аллоҳ каломининг мўъжизавийлигини илмий жиҳатдан исботловчи мустаҳкам пойдевордир.
Имом ўзидан кейин қуйидаги қимматли асарларни садақаи жория сифатида қолдирган:
- «Ар-Рисолатуш-Шофия» — Қуръони Каримнинг мўъжизавийлиги ҳақида,
- «Ал-Муғний» — Абу Али ал-Форсий асарига ёзилган 30 жилдлик шарҳ (афсуски, бизгача етиб келмаган),
- «Ал-Муқтасид» — «Ал-Муғний»нинг қисқартирилган нусхаси,
- «Ал-Авомилул миъа» (Юз омил) — наҳв илмида машҳур қўлланма,
- «Ал-Жумал» ва «Ал-Мифтаҳ» — наҳв ва сарфга оид асарлар,
- Девонлар сараси — Мутанаббий, Буҳтурий ва Абу Таммом шеърларидан танланма.
Бу асарларни ёзишдан асосий мақсад — Қуръони Каримнинг бошқа матнлардан устунлигини илмий асосда исботлаш эди.
Имомнинг услуби бошқалардан кескин фарқ қилади. У фақат назария билан чекланмай, ҳар бир қоидани гўзал шеърий ва насрий мисоллар билан мустаҳкамлайди. Унинг фикрича, ҳақиқий таълим — умумий қоидаларни тафсилот ва мисоллар орқали тушунтиришдир. Чунки тафсилот англашни таъминлайди, умумий қоида эса хотирада сақланади.
Унинг қўйган пойдевори асосида кейинги барча балоғат олимлари ўз илмий фаолиятларини давом эттирдилар.
Имом Абдулқоҳир ал-Журжоний тўрт асрлик ислом ва араб тафаккурини ўзида мужассам этган ва уни янги босқичга кўтарган буюк муҳаққиқдир. У тил, адабиёт, дин ва мантиқ соҳаларида етук билимдон сифатида араб тилининг нафосати ва мўъжизавий қудратини бутун дунёга намоён этди.
Унинг илмий мероси бугунги кунда ҳам тилшунослар ва адабиётшунослар учун туганмас хазина бўлиб хизмат қилмоқда.
Улуғ имом, Қуръон тилининг фидоий хизматкори ҳижрий 471 (ёки 474) йилда Журжон шаҳрида вафот этдилар.
Аллоҳ таоло у зотни Ўз раҳматига олсин ва қилган хизматлари эвазига жаннатнинг юксак даражалари билан мукофотласин.
Интернет манбаларидан фойдаланди:
Жамол домла Мавлянов
УЗ
РУ
EN
العربية
Izoh qoldirish