10.03.2026

ТАРОВЕҲНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Ҳар йили муборак Рамазон ойи кириб келганда, Аллоҳ таоло бандаларига тақводорлар йўлини яна бир бор эслатиб қўяди. Бу баракотли ой — инсон қалбини поклаш, нафсни тарбия қилиш ва тақвога яқинлашиш фаслидир. Рамазон кунларида ҳар бир мусулмон тақво нима эканини, тақводор инсон қандай фазилатларга эга бўлишини янада чуқурроқ англаб олади.

Тақводорларнинг гўзал одатларидан бири — кечаларни ибодат билан ўтказишдир. Аллоҳга иймон келтирган ҳар бир эркак ва аёл бу муборак ойда масжидларда ёки уйларида таровеҳ намозини адо этиб, Раббига яқинлашишга ҳаракат қилади. Хусусан, 20 ракаат таровеҳ намозини адо қилиш мусулмонлар орасида қадимдан давом этиб келаётган муборак суннатлардан биридир.

Тақводор бандаларнинг ана шундай фазилатлари ҳақида Парвардигори олам Қуръони Каримда ҳам марҳамат қилади. Аллоҳ таоло “Зориёт” сурасида шундай дейди:

كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ

Улар кечалари оз ухлар эдилар[1]

Дарҳақиқат, Рамазоннинг муборак кечаларида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намозларида қоим бўлиб туришимиз, одатдагидан кўра камроқ ухлашимиз — тақводорлар ҳаётига хос бўлган гўзал одатлардан биридир. Бу ҳолат бизни ҳам солиҳ бандалар йўлига яқинлаштираётганининг бир белгисидир.

  1. ГУНОҲЛАР КЕЧИРИЛАДИ

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ « مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ » .

Ким Рамазон кечаларида (таровеҳ ва қиёму-л-лайлда) иймон билан ва савоб умидида қоим бўлса, унинг илгари қилган гуноҳлари кечирилади.”

Бу муборак ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказишнинг қанчалик улуғ фазилат эканини баён қилганлар. Лекин бу фазилатга эришиш учун икки муҳим шарт бор. Ҳадисда улар “иймонан” ва “иҳтисобан” сўзлари билан ифода этилган.

1. «Иймонан» — иймон билан, ишониб

Бу — Рамазон кечаларидаги ибодат, яъни таровеҳ ва қиёму-л-лайлнинг фазилатига чин дилдан ишониш демакдир. Мусулмон киши бу ибодатни шунчаки одат, урф ёки анъана сифатида эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилган суннат эканига ишониб адо этади. У қалби билан бу ибодатнинг ҳақ эканини тасдиқлайди ва уни Аллоҳга яқинлашиш воситаси деб билади.

2. «Иҳтисобан» — савоб умидида

Бу эса ихлоснинг энг юксак даражасини англатади. Яъни инсон ибодатни фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб бажаради.

Бунда бир неча муҳим маъно бор:

  • ибодатни риёдан, яъни одамлар кўрсин деган ниятдан пок қилиш;
  • чарчоқ ва машаққатдан шикоят қилмаслик;
  • таровеҳда туришни оғирлик деб эмас, балки ажр ва раҳматга эришиш имконияти деб билиш;
  • мукофот ва савобни фақат Аллоҳ таолодан кутиш.

Шундай қилиб, ким Рамазон кечаларини иймон ва ихлос билан ибодатда ўтказса, Аллоҳ таоло унинг ўтган гуноҳларини мағфират қилади. Бу эса Рамазоннинг бандаларга берилган энг улуғ неъматларидан биридир.

  1. КЕЧАСИ БИЛАН ИБОДАТ ҚИЛГАНЛИК АЖРИ

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларидан бирида саҳобалар билан қиёму-л-лайл намозини адо этиб, уни туннинг ярмига бориб тугатдилар. Шунда саҳобалардан бири илтимос қилиб:

— Эй Аллоҳнинг Расули, кечамизнинг қолган қисмида ҳам бизга нафл намоз ўқиб берсангиз эди, — деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

عن أبي ذر رضي الله عنه قال: فَقُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ لَوْ نَفَّلْتَنَا قِيَامَ هَذِهِ اللَّيْلَةِ. قَالَ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَنْ قَامَ مَعَ الإِمَامِ حَتَّى يَنْصَرِفَ كُتِبَ لَهُ قِيَامُ لَيْلَةٍ".

“Ким имом билан бирга туриб, у намозни тугатиб масжиддан чиқиб кетгунича ибодатда бўлса, унга бутун кечани ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади.”

Дарҳақиқат, инсон учун бутун кечани — шомдан то тонггача бедор ўтказиш жисмонан оғир бўлиши мумкин. Аммо Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз фазли ва марҳамати билан имом билан бирга намозни охиригача адо этган бандага гўё бутун кечани ибодатда ўтказган инсоннинг ажрини ёзиб қўяди.

Бу эса уммати Муҳаммадияга берилган буюк енгиллик ва улкан мукофотдир. Шу сабабли мусулмон киши таровеҳ намозини шошилиб тарк этмасдан, имом салом бериб тугатгунича сабр билан турса, у улкан савобга эришади.

  1. СИДДИҚЛАР ВА ШАҲИДЛАР МАҚОМИДА

Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, савол билан мурожаат қилди: 

عن جابرِ بنِ عبدِ اللهِ رضي الله عنه قال:جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ ﷺ فَقَالَ:يَا رَسُولَ اللَّهِ، أَرَأَيْتَ إِذَا شَهِدْتُ أَنْ لَا إِلٰهَ إِلَّا اللَّهُ، وَأَنَّكَ رَسُولُ اللَّهِ، وَصَلَّيْتُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسَ، وَأَدَّيْتُ الزَّكَاةَ، وَصُمْتُ رَمَضَانَ، وَقُمْتُهُ، فَمِمَّنْ أَنَا؟ 

У киши деди:

— Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар мен Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқлигига ва Сиз Унинг Расули эканингизга гувоҳлик берсам, беш вақт намозни адо этсам, закотни берсам, Рамазон рўзасини тутсам ва Рамазон кечаларида ибодат учун қоим бўлсам, мен кимлардан бўламан?

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

قَالَ: «مِنَ الصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ»

“Ким шу ҳолатда вафот этса, у Жаннатда сиддиқлар ва шаҳидлар орасида бўлади.”

Бу ҳадиси шарифда зикр қилинган амаллар — ҳар бир мусулмоннинг қўлидан келадиган ибодатлардир. Иймон келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш — булар Исломнинг асосий рукнларидир. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  Рамазон кечаларида қоим бўлишни, яъни таровеҳ ва қиёму-л-лайлни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Бу эса Рамазон ойининг ҳар бир кечаси, ҳар бир дақиқаси қанчалик улуғ ва ғанимат эканини англатади. Демак, ким бу муборак ойда рўза тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказса, у Аллоҳ таолонинг улкан фазли билан жаннатда энг улуғ даражалар соҳиблари — сиддиқлар ва шаҳидлар сафида бўлиш шарафига мушарраф бўлиши мумкин.

  1. ҚАЛБНИНГ ПОКЛАНИШИ

Имом Байҳақий келтирган ҳадисда: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : «إِنَّ هَذِهِ الْقُلُوبَ تَصْدَأُ كَمَا يَصْدَأُ الْحَدِيدُ»، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ فَمَا جَلَاؤُهَا؟ قَالَ: «تِلَاوَةُ الْقُرْآن».

"Бу қалблар худди темир занглаганидек, занглаб қолади", дедилар. Саҳобалар: "Унинг зангини кетказадиган нарса нима?", деб сўрашди. У зот: "Қуръон тиловати", деб жавоб бердилар".

Буюк тобиъийнлардан Ато ал-Хуросоний раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинадики, у зот айтганлар:

وَعَنْ عَطَاءٍ الْخَرَسَانِيِّ رَحِمَهُ اللَّهُ أَنَّهُ قَالَ: كَانَ يُقَالُ: قِيَامُ اللَّيْلِ مِحْيَاةٌ لِلْبَدَنِ, وَنُورٌ فِي الْقَلْبِ, وَضِيَاءٌ فِي الْبَصَرِ, وَقُوَّةٌ فِي الْجَوَارِحِ, وَإِنَّ الرَّجُلَ إذَا قَامَ مِنْ اللَّيْلِ مُتَهَجِّدًا: أَصْبَحَ فَرِحًا يَجِدُ لِذَلِكَ فَرَحًا فِي قَلْبِهِ.

 “Айтилиб келинар эдики: тунги ибодат баданга ҳаёт беради, қалбга нур бағишлайди, кўзга ёруғлик ато этади, аъзоларга куч-қувват беради. Албатта, инсон кечаси туриб таҳаҗжуд намозини ўқиса, тонгда қувонч билан уйғонади ва қалбида бир ширин ҳузурни ҳис қилади.”

Ато ал-Хуросонийнинг бу сўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  кўрсатган қалбни даволаш йўлининг натижасини баён қилиб беради. Чунки тунги ибодат — нафақат маънавий, балки жисмоний фойдаларни ҳам келтиради.

• Баданга ҳаёт ва аъзоларга куч.

Одатда кам ухлаш инсонни чарчатади. Аммо ихлос билан адо этилган таровеҳ ва тунги ибодат инсон руҳига қувват бериб, баданга ҳам енгиллик бағишлайди. Қалби покланган инсон ўзини енгил ва серғайрат ҳис қилади.

• Кўзга ёруғлик ва юзга нур.

Ибодатдаги ихлос инсон чеҳрасида намоён бўлади. Қуръон нури билан суғорилган қалб соҳибининг кўзларида теранлик, фикрида равшанлик ва юзида нур пайдо бўлади.

Шу сабабли Рамазон кечаларида Қуръон тиловат қилиш ва таровеҳ намозларида қоим бўлиш — нафақат ажр-савоб, балки қалб ва руҳ учун ҳам энг буюк даводир.

  1. ҚУРЪОНГА ЯҚИН БЎЛИШ

Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - أَجْوَدَ النَّاسِ ، وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِى رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ ، وَكَانَ يَلْقَاهُ فِى كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ ، فَلَرَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - أَجْوَدُ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ .

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийлари эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашган пайтларда яна ҳам сахийроқ бўлар эдилар. Жаброил алайҳиссалом Рамазон кечаларида у зот билан учрашиб, Қуръонни ўзаро дарс қилар эдилар. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда юборилган шамолдан ҳам сахийроқ эдилар.”

Бу ҳадис Рамазон ойининг икки улуғ хусусиятини кўрсатади: Қуръон ва эҳсон (яхшилик қилиш). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларида Қуръонни кўпроқ тиловат қилар, Жаброил алайҳиссалом билан уни ўзаро мукаррар дарс қилар эдилар. Шу билан бирга, бу муборак ойда эҳсон ва саховатлари янада зиёда бўлар эди.

Саҳобалар ҳам бу суннатни давом эттирдилар. Хусусан, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу таровеҳ намозида машҳур қори Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни имом қилиб, мусулмонларга Қуръони Каримни таровеҳ намозларида хатм қилдирганлар. Бу иш бекорга эмас эди — у орқали Рамазон кечалари Қуръон нури билан янада безанар эди.

Мана шу муборак суннат асрлар давомида мусулмонлар орасида сақланиб келмоқда. Бизнинг диёрларимизда ҳам Рамазон кечалари таровеҳ намозларида Қуръон хатм қилиш анъанага айланган. Бу эса халқимизнинг Қуръонга бўлган муҳаббати ва Пайғамбаримиз ﷺ суннатларига бўлган садоқатининг ёрқин белгисидир.

Шу муборак ой баҳонасида биз ҳам Қуръони Каримни кўпроқ тиловат қилишни, унинг маъноларини англашни ва ҳатто уни хатм қилишни ўрганмоқдамиз.

Рамазон ойи — қалбларни поклайдиган, инсонни тақвога етаклайдиган ва бандани Роббига яқинлаштирадиган муборак фаслдир. Бу ойда кечаларни таровеҳ ва қиёму-л-лайл билан безаш, Қуръон тиловатига кўпроқ вақт ажратиш ва яхшилик ҳамда саховатни кўпайтириш — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар йўлидир.

Ким бу муборак кечаларни иймон ва ихлос билан ибодатда ўтказса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилади, қалбига нур ва ҳаётига барака ато этади. Шунинг учун Рамазоннинг ҳар бир куни ва ҳар бир кечаси бизнинг учун катта ғаниматдир. Уни ибодат, Қуръон ва яхши амаллар билан ўтказиш эса бандани энг улуғ неъмат — Аллоҳнинг розилигига етаклайди.

 

“Жўйбори Калон” аёл қизлар   ўрта махсус ислом таълим  муассаса мударриси:                        Жамол  домла Мавлонов                                

 

 

 

 


 

[1]Зориёт 15-17

 

Izoh qoldirish