АЛЛОҲНИНГ МАҲБУБ БАНДАСИ.
АЛЛОҲНИНГ МАҲБУБ БАНДАСИ.
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло агар бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўр!» дейди. Шундан сўнг Жаброил у бандани яхши кўради ва осмон аҳлига (фаришталарга): «Аллоҳ фалончи бандасини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» деб жар солади. Шунда осмон аҳли ҳам уни яхши кўради. Кейин эса ер юзида у банда учун «қабул» (одамлар қалбида унга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат) қўйилади».
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Минҳож” асарларида:«Ер юзида унга нисбатан қабул қўйилади» дегани — солиҳ бандаларнинг қалбида ўша инсонга нисбатан муҳаббат, унинг сўзларига қулоқ солиш ва уни эъзозлаш ҳисси пайдо бўлади демакдир.
Бу ерда гап фосиқ ёки кофирларнинг муҳаббати ҳақида эмас, балки покиза қалбли инсонларнинг муҳаббати ҳақида кетмоқда.
Имом Қуртубийнинг «Ал-Муфҳим» асарида «Ушбу «қабул»дан мурод — аҳли хайр ва аҳли диннинг қалбидаги қабулдир. Чунки айнан мана шу эътиборга олинадиган муҳаббатдир. Аммо аҳли шарр (ёмонлик аҳли) ва фожирларга келсак, улар аҳли хайрни ёмон кўришлари мумкин (ва бу зарар қилмайди)».
Баъзи машҳур беиймон кишилар ҳам бор, уни мусулмон ва номусулмон ҳам яхши кўради.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Фатҳул Борий» асарида «Бу ердаги «қабул»дан мурод — қалбларнинг унга муҳаббат ва розилик билан юзланишидир.
Ҳар қандай машҳурлик ҳам Аллоҳнинг муҳаббати белгиси эмас. Масалан, кофир ёки фосиқ санъаткорлар ҳам ер юзида жуда машҳур бўлиши мумкин, лекин бу «илоҳий қабул» эмас.
Илоҳий муҳаббатнинг белгиси — инсонни кўрганда ёки эшитганда тақводор, ибодатли ва диёнатли кишиларнинг қалбида унга нисбатан ҳеч бир манфаатсиз меҳр уйғонишидир.
Ашъас ибн Шўъба ал-Масисий раҳматуллоҳи алайҳ шундай баён қиладилар:
“Бир куни Ҳорун ар-Рашид ўз аъёнлари ва лашкари ила Риққада турганида Имом Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ ҳам у ерга келган эдилар. У зотни кутиб олиш учун бутун шаҳар кўчиб чиқди. Одамлар кўплигидан йўллар ёпилиб, бутун шаҳар ҳавосини чанг қоплади. Ҳорун ар-Рашиднинг бир чўриси шоҳона қаср айвонидан бу издиҳомни томоша қилаётиб одамлардан: “Бу нима тўс-тўполон?” деб сўради. Одамлар: “Бугун Хуросоннинг улуғ олими Абдуллоҳ ибн Муборак ўз ташрифлари ила бу шаҳарга файз бағишладилар. У кишининг зиёрати ва истиқболи учун халойиқ тўпланди” дейишди. Чўри буни эшитиб беихтиёр: “Аллоҳга қасамки, мана шу подшоҳликдир. Аскарлар ва сипоҳийлар орқали халойиқни тўплайдиган Ҳорун ар-Рашиднинг подшоҳлиги ҳақиқий эмас” деб юборди.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг улуғлиги ва обрўлари нафақат оддий авом халқнинг қалбида, балки таниқли замондош уламолар ва муҳаддислар наздида ҳам юксак эди. Бундай эътироф ислом тарихида камдан-кам кишиларга насиб қилгандир.
Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ каби улуғ муҳаддисдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Кошки ҳаётимнинг бирор йили Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳники каби ўтса эди. Лекин уч кун ҳам у зотдек яшай олмадим”.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ подшоҳ эмас эдилар, лекин қалблар подшоҳи эдилар. Уларни халққа севдирган нарса мансаб ёки куч эмас, балки илм, тақво, ихлос ва амал эди. Шу боис Суфён Саврий каби улуғ муҳаддислар ҳам у зотнинг ҳаётига ҳавас қилганлар. Мана шу —“илоҳий қабул”дир.
Аллоҳнинг муҳаббати инсон учун энг олий шараф ва неъматдир. Чунки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, у муҳаббат осмондан ергача тарқалади. Шунинг учун инсон учун энг улуғ мақсад — Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлиш, энг катта мукофот эса — солиҳ бандалар қалбида қабул топишдир. Бу эса фақат ихлос, тақво, ибодат ва яхши хулқ орқали ҳосил бўлади.
“Жўйбори Калон” аёл қизлар
ўрта махсус ислом таълим
муассаса ўқитувчиси
Жамол Мавлонов
УЗ
РУ
EN
العربية
Izoh qoldirish