19.04.2025

БУЮК МУҲАДДИС ВА ФАҚИҲ

Ислом динининг асл мазмун-моҳиятини кўрсатиб беришда динлараро ва миллатлараро бағрикенглик, дўстлик, ижтимоий ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлилик қадриятларини, ислом тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган Имом Термизийнинг илмий-маънавий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда халқаро илмий тадқиқот маркази асосий таянч даргоҳга айланиб бормоқда. Ҳозирда Имом Термизийнинг бағрикенглик, тинчлик ва мўътадиллик ғояларини ўзида жамлаган бебаҳо     асарларини таржима ва таҳқиқ қилиш, кенг халқ оммаси учун мўлжалланган рисолалар    тайёрлаш борасида салмоқли ишлар бажарилди[1].

ИмомТермизий меросини ўрганиш бўйича Президентимизнинг «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарор бўйича «Дин ишлари бўйича қўмита», Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази термизий алломаларнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Умуман олганда бугунги кунда Термизий алломаларнинг дурдона асарларини халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш, уларни ўрганишга қаратилган саъй ҳаракатлар ёшларни жамиятда бағрикенглик, тинчликсеварлик ва биродарлик ғоялари қарор топишида муҳим маънавий асос вазифасини бажаради.[2]

Термизий Абу Исо (тўлиқ исми: Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Суламий Зарир Буғий Термизий) – муҳаддис, фақиҳ ва ҳофиз[3]

Термизий Абу Исо, Имом Термизий (824, Термиз – 892, Буғ қишлоғи, ҳозирги Шеробод тумани) – буюк муҳаддис. Суламий деб нисбат берилишига сабаб боболаридан бири сулам деган араб қабиласига дўст тутинган, Буғий дейилишига сабаб ўша вақтдаги Буғ номли қишлоқда вафот етиб, шу ерга дафн қилинган. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун Зарир тахаллуси билан ҳам аталган. Термизийнинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтган, дастлабки маълумотни ҳам шу ерда олган. Термизий Абу Исонинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган, фақат тарихчилар унинг бобосининг асли марвлик эканлиги, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келганликларига оид маълумотларни келтирганлар. Болалигидан ўта зийраклиги, хотирасининг кучлилиги, ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан ўрганган, бу борадаги билимларини янада ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига борган.

Узоқйиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Узоқ давом етган сафарлари чоғида қироат илми, баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимлардан таълим олади. Машҳур муҳаддислардан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Сайд, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа унинг устозлари эди. Термизий Имом Бухорий билан учрашганида (бу учрашув Нишопурда бўлган ва икки аллома 5 йил биргаликда яшашган) ҳадиснинг матнинигина эмас, унинг ҳикмати ва фалсафасини тушуниб етганини эътироф этади. Ўз навбатида Имом Бухорий ўз шогирдини мақтаб, камтаринлик билан: «Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим», деган. Бу Термизийга берилган жуда катта баҳо эди.[4] 

Термизий йўлда, сафарда бўлганда ҳам, ёки бир жойда муқим турганда ҳам устозларидан, учратган ровийлардан эшитган ҳадисларни ёзиб олар, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борарди. 868 йил хориж сафаридан ўз юртига қайтган Термизий илмий-ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди ва йирик муҳаддис олим, имом сифатида шуҳрат қозонди. Тақводорлик, ислом дини ва ўз обрўсига гард юқтирмасликка интилиш, дунё молматоси ва бойликка бепарво қараш, охиратнинг ғамини ейиш Термизийнинг ҳаёти тарзи эди. Термизийнинг шогирдлари унинг ишларини давом эттирди. Улар ичида Макҳул ибн Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳаммод ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад Насафий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. «Ал-Жомеъус саҳиҳ» («Ишонарли тўплам»), «аш-Шамоил ан-набавия» ёки «Аш-Шамоил аннабий саллолоҳу алайҳи ва саллам» («Пайғамбар алайҳиссаломнинг шакл ва сифатлари»), «ал-Илал фил ҳадис» («Ҳадислардаги иллатлар»), «Рисола фил хилоф вал жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «ат-Таърих» («Тарих»), «Китобуз зуҳд» («Зоҳидлик китоби»), «Китоб уламо вал куно» («Исмлар ва кунялар китоби») ва бошқа Термизийнинг асарлари ичида енг машҳури, шубҳасиз, «Ал-Жомеъус саҳиҳ» бўлиб, 6 та ишончли ҳадислар тўпламидан биридир. Ушбу асар илмий манбаларда «Жомеъут Термизий», «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Термизий» номи билан ҳам аталади. Термизийнинг муҳим асар-ларидан яна бири «ашШамоил ан-набавия» Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг шахсий ҳаёти, у зотнинг суврат ва сийрати, ажойиб фазилатлари, одатларига оид ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир[5]. Бу китоб азалдан исломшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Унинг тили равон, услуби ғоятда оддий. Асар форс ва турк тилларига таржима қилинган. «Аш-Шамоил ан набавия»нинг 1-қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар пайғамбарнинг суврат (ташқи қиёфаси)ига, 2-қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар эса ички дунёсию, ахлоқий фазилатларини баён қилишга, яъни сийратга бағишланган. Китобнинг 16-асрга оид бир қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади. «Аш-Шамоил ан-набавия» ўзбек тилига ўгирилиб сўнгги йилларда Тошкентда бир неча бор нашр этилди.

Буюк муҳаддис ва фақиҳ Имом Термизийнинг маънавий мероси Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қураётган ёш авлодни бар камол қилиб тарбиялашда бебаҳо хазинадир.

 

 

 

Ойгул Шарипова Турсуновна, 

Бухоро давлат университети профессори в.б., ф.ф.д.(DSc),

Бухоро вилояти «Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта-махсус 

ислом таълим муассасаси директори

 

 

Izoh qoldirish