
ЖЎЙБОР ХОЖАЛАРИ ТАРИХИГА БИР НАЗАР
Ўтмишким нур сочар ақрабий
Ўтмиш Зўри замин ўсимлигига ўхшайди. Зўри замин ўта серпушт гиёҳ бўлиб, у Бухоро чўлининг Варахша ҳудудида ўсар экан. Бошқа ҳудудларда ўсмайдиган бу ноёб неъмат юрак хасталикларга даво бўлиб, унинг илдизости пиёз тугунакларини топиб олган табиб ўта бой одам бўлиб, инсон юрагини ёшартиш қўлидан келар экан. Зўри замин фақат Бухорода униб, Япониядай неъмати кўп мўъжизакор мамлакатда ўсмаслиги учун Россия, Япония, ҳатто Хитой ҳам бу гиёҳни олтин баҳосида ўзимиздан сотиб олиб, тиббиётларининг оқсаётган бир нуқтасини тўлдиришлари ҳам катта давлатдир. Хожа Тожиддин Ҳасан (Хожа Саъднинг ўғли) Бухорода "Дорул-шифо" касалхона, дорихона очиб, аҳолини бепул даволаши учун кўплаб гиёҳ, гул, ароқ, маъданлар қатори Зўри заминни ҳам тўплаш учун шогирд, саркорларини Варахша чулиниг юлғун, саксовул, янтоқзор жойларига жўнатиб, Зўри замин йиғиб, ўзга табиблар ҳавасини келтириши - айни ҳақиқат. Бухоро қаламравида илк бор шифохона очиб, хасталарга бепул дори тарқатиши - Табиб Хожа Тожиддин Ҳасаннинг обрў-эътиборини минг чандон оширди. Зўри замин гиёҳи оддий гиёҳ бўлмай уч-тўрт ўсимликлардан ерости илдизи орқали керакли озуқани олиб, пиёз-тугунак боғланишини Тожиддин Ҳасан эркалатиб, "Ба шажараи мо монанди дорад" (Бизнинг шажарамизга ўхшаш ноёб неъмат) - дер экан. Бу гаплар ҳар бир эшитувчини ўйлантириб қўяди.
Тожиддин Ҳасаннинг ўзи ким? Унинг шажараси занжири қаергача боради? Нега унинг ўғиллари, авлодларини Жўйборий Хожалар дейилади? Шундай номланиш бошқа юртларда ҳам учрайдими? Бу саволларга жавоб топиш учун ўтмишга, тарихга юзланамиз.
Шаҳрбону ким?
Шаҳрбону - Умар (р.а) халифалиги даврида яшаган эронлик аёл. Шу аёл туфайли пайғамбар авлоди эронликлар билан қуда-анда киришдилар. Ва бу қуда-андалик дунёга машҳур бир шажаранинг асосий сабабчиси бўлди.
Муҳаммад Ғиёсуддин ибн Жалолуддин ибн Шарафуддин Ромпурий ўзининг уч жилддан иборат "Ғиёс ул-Луғат" китоби билан дунёга машҳур. Муҳаммад Ғиёсуддин Мустафоободий бу луғати орқали Аллоҳ назаргоҳи бўлган юрагининг теран кўзлари билан 17537 фарҳанг, луғат мақола ёзиб, луғатшунослик сафини тўлдирди. Ана шу машҳур луғат хазинасининг ("Адаб" нашриёти, 1987 йил) 1-жилд, 477-бетида жуда қимматли тарихий маълумот мавжуд.
"Шаҳрбону духтари Язджурди подшоҳи Эрон, ки дар хилофати ҳазрати Умар (р.а) асир омада буд ва ба никоҳи Имом Ҳусайн (р.а) даромада, Имом Зайнулобиддин (р.а) аз у мутаваллуд шуданд".
Таржимаси: "Шаҳрбону Эрон шоҳи Яздигурднинг қизи. Умар (р.а) халифалиги вақтида асир тушган эди. Ва Имом Ҳусайн никоҳига кирди. Имом Зайнулобиддин ундан таваллуд топдилар".
Нега Ғиёсуддин Ромпурий ўзининг кўплаб олимларнинг ҳайратини минг чандон оширган ўта қимматли асарида "Ш" ҳарфи шарҳида бирор бир ўсимлик ёки шаршара ё табиат ҳодисаси бўлмиш шамол сўзини келтирмай, айнан Шаҳрбонунинг исми, у ҳақидаги маълумотни келтирди? Чунки Ғиёсуддин Ромпурий яшаган давр, луғат ёзиб, чопдан чиқарган йил 1812 йил бўлиб, Шаҳрбонунинг ўғли Зайнулобиддиндан туғилган ўғил, қиз, набира, абиралари қўйингким катта бир сулола жаҳон саҳнасида Бухоронинг Жўйборий Хожалар номи билан машҳур бўлган эди. Савол туғилади: Эрон шоҳининг қизи асира эди, уни қул бозорига олиб бориб сотиш керак эди. Асира, зодагон оиласидан чиққан қизни қандай қилиб, Имом Ҳусайн ўз никоҳига киритди? Бу саволнинг аниқ жавобини топишда бизга "Матлаб ут-Толибин" агиографик жанрдаги асар ёрдам беради. Асар муаллифи Муҳаммад Толиб бўлиб, у буюк табиб, Бухоронинг бағрикенг, ночор-у камбағалларни бошига кўтарган, ўта саховатпеша Хожа Тожиддин Ҳасан Жўйборийнинг ўғли. Китоб 1673 йили ёзиб тугатилган. Шуни ҳам айтиш ўринлики, "Матлаб ут-Толибин" каби агиографик асар Бухоро Жўйборий Хожалари тўғрисидаги катта қийматга эга китоб бўлиб, муаллиф ўзи сезмаган ҳолда тарихнинг айрим пардапўш томонларини ҳам очиб бериб, катта нуфузга эга Жўйборий Хожаларининг ўз даврининг сиёсий ҳаётида қанчалик катта ҳисса қўшганлари батафсил ёритилганлиги билан қимматлидир.
Муаллиф "Матлаб ут-Толибин" агиографик асарида энг тўғри ва муфассал таърифий фактларни баён қилиши айрим тарихий асарлар маълумотларини чиппакка чиқариб қўйди. "Матлаб ут-Толибин" "Ғиёс ул-Луғат"нинг Шаҳрбону тўғрисидаги хабарининг бўшлиқ жойларини тўлдиради. Қаранг, мазкур китобнинг 44-бетида шундай тарих битилганки, шу тарих юз бериши сабаб Жўйборий Хожаларнинг кўп йиллардан кейин толеълари даражаси очилди:
"...Амирaлмуъминин Умар (р.а) халифалиги даврида Яздижард Шаҳриёрнинг учта қизини асир қилиб келтиришди. Амиралмуъминин Умар (р.а) буюрди: - Уларни сотиб юборинглар!
Амиралмуъминин Али (р.а) деди:
- Подшоҳнинг қизларини сотиш яхши эмас. Битта қизини ўғлинг Абдуллоҳга, иккинчисини Имом Ҳусайннинг ўғлига ва учинчисини Муҳаммад ибн Абубакрга берсанг, муносиб бўлур!
Амиралмуъминин Умар (р.а) буни қабул қилди. Ва Яздижард Шаҳриёр қизидан Ҳазрат Қосим туғилди..."
"Матлаб ут-Толибин" 44-бет
Изоҳ: "Матлаб ут-Толибин"ни форс тилидан ўзбек тилига ўгиришда айрим мантиқий саҳвликка йўл қўйилган. Масалан, Эрон шоҳининг исми Язди Гурди I деб форс тарихий манбаларида кўрсатилган. Язд - сўғдийча сўз бўлиб, Аллоҳ маъносига эга. Гурд - сўғд тилидаги калима бўлиб, баходир, шер, ботир маъноларини беради. Ҳатто Афросиёб ҳам 5 та ўғлидан биттасига Гурд деб исм қўйган. Шу сўз таркибидан тарих тақозоси билан Бухорода Гуржон, Оржон, Орифон қадимий қишлоқлари пайдо бўлган. Жумладан, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ҳудуди ҳам. Сўғд тилидаги сўз йиллар ўтиши билан фонографик шаклини ўзгартирган. Айрим жойшунос олимлар тахмини ўринсиз чиққан жойлари ҳам бор бўлди. Орифон (Гурди Жовидон) шаклини йиллар таъсирида фонотаъсирга учраганини Ҳиндувонга нисбат беришлари ва бу ерда ҳиндулар қасри борлигини чаплаб қўйиш ҳам ўринсиз уринишдир. Шу боис ҳам Шаҳриёр Язди Гурди I ни Язди Журди I деб таржима қилиш ўринсиз ҳаракатдир. “Журд” сўзи аслида, Гурд магзини беролмайди. Яна олдинги баёнимизга қайтсак, "Ғиёс ул-Луғат" хабари "Матлаб ут-Толибин" орқали тўлиқроқ ранг соҳиби бўлди. Тарихдан аёнки, Умар ибн Хаттоб халифалиги йилларида араблар эронликлар билан жанг қилиб, араблар лашкарининг қўли баланд келади. Ана ўша пайтда Язди Гурди I қочиб, бир тегирмончининг тегирмони бурчагида яширинади. Тегирмончи уни пул учун арабларга яширинча жойини сотади. Натижада, унинг 3 та ожиза қизлари арабларга асир тушадилар. Умар қизларни қулбозорга сотинглар деб айтганида, Алининг фикри ва тўғри маслаҳати сабаб шоҳнинг иккинчи қизи Шаҳрбону Ҳусайннинг ўғлига никоҳлаб берилади. Қўрдингизми, тарих ўз тугунларини жуда силлиқ очиб беришларига ҳайрон қоласан киши. "Матлаб ут-Толибин" шажара йўли билан ишлаб, ўтмишни ўтмишга улагани учун бобоси Хожа Ислом Жўйборий, отаси Тожиддин Ҳасан архивидан фойдаланган. Шу боис ҳам ёзганларига тарихий чалкашлик сезиларли даражада юз кўрсатмайди.
Мазкур тарихий оила ўтмиши баёни китобининг 41-бетида Жўйборий Хожаларнинг энг катта момолари Шаҳрбону авлодий насаби ҳақида яна бир ёрқинроқ хабар келтиради.
"У Имом Зайнулобиддин Али бўлиб, кунялари Абу Муҳаммад ва Абул Ҳасандир. Шунингдек, Абубакр ҳам дейишади. Унинг лақаблари Сажжод ва Зайнулобиддиндир. У ҳижрий ўттиз учинчи ёки ўттиз саккизинчи, яна баъзиларнинг айтишича ўттиз олтинчи йилда Мадинада туғилган (милодий 653-654). Имомнинг онаси Шаҳрбону (Эрон шоҳи) Яздижарднинг қизидир. Шаҳрбону Анушервони Одил авлодидандир".
Бу ҳақиқат. Чунки, Шаҳриёр Язди Гурди I насабномасида Баҳроми Чўбин авлодидан деб маълумот берилган. Жумладан, Сомоний подшоҳлари ҳам Баҳроми Чўбиннинг Сомон исмли ўғлидан туғилган ўғил, набира, чеваралар бўлиб, улар Язди Гурди I нинг қариндошларидир. Энди китобда келтирилган "Анушервони Одил авлодидандир" жумласининг шарҳига келсак, бутун бошли ўтмиш нурлари кўнглимизни мунаввар қилиб юборади. Анушервони Одил, Сосонийлар шоҳи Баҳроми Гўр ҳам шу авлоддан. Сомонийлар оталари Сомон ва Шаҳрбонунинг отаси Язди Гурди I хам Баҳроми Гўрнинг ўғли. У отасидан кўп нарсаларни ўрганган. Мусиқа, жанг санъати ва жоказо Бахроми Гўр буюк Шарқ санъатининг гултожи бўлган 5 та мусиқалар хазинасининг биринчиси Шодиёнани яратиб, куйлаган шоҳ. Қолган 5 та мусиқа хазинасидан бутун бошли сосонийлар хабардор бўлдилар. Булар – Шодия, Дунон, Ахлоқий, Нонреза, Равона. Шундай аждоддан дунёга келишнинг ўзи бахт.
Шаҳрбонунинг ўғли борасида тўлиқ маълумот соҳиби бўлдик. Энди набира, чабиралар тўғрисида ҳам "Матлаб ут-Толибин"да маълумот мавжуд. Шу шоҳхабарни бу ерга келтиришимиздан мақсад Мадина, Нишопур ва бошқа шаҳарларда туғилган араб билан эрон халқига мансуб сулоладан қайси бирлари сомонийлардан паноҳ излаб Бухорога келган. "Матлаб ут-Толибин" шундай марҳамат қилади:
“Имомнинг олти ўғли бор эди. Имом Муҳаммад Боқир, Абдуллоҳ ал-Боҳир, Зайд аш-Шаҳид, Умар ал-Ашраф, Ҳусайн ал-Акбар ва Ҳусайн ал-Асғар..."
Шаҳрбону турмуш ўртоғининг, ўзининг қайси йилда вафот этгани унчалик аниқ эмас. Фақат ўғлининг вафоти 712-йилда содир бўлгани маълум.
Шаҳрбону ўғил, набира ва чабираларидан қайси бири Бухоро йўлини тутди? Нега? Бу саволга аниқ жавоб топиш иллинжида, "Матлаб ут-Толибин"га юзландик. Китобдан аниқ маълумот топиш бахтига муяссар бўлдик. Мана ўша нурли маълумотки, кўнглимизни ёруғ қилди.
"...Унинг ўғли Имом Али (р.а.) у ўз замонининг муқтадо ва пешвоси эди. Унинг бузургвор отаси Маккайи муаззамадан Нишопурга келган." Ва имом мазкур шаҳарда таваллуд топган. Улуғайганидан сўнг таҳсили илм учун фахрли шаҳар Бухорога келиб, бу ерда нашъу намо топиб, замон улуғларининг саромади бўлди. Унинг ўғли Имом Зоҳириддин Аҳмад (р.а) дир. У зоти шариф Бухорода таваллуд топди. Уз замонасининг имом, муқтадо ва пешвосига айланди.
“ Унинг ўғли Хожа Имом Абубакр Сумитаний (р.а.)дир. Ҳақиқат изловчилар султони, ростлик ҳужжати, доно, олим, камолот эгаси, чинакам илмлар безаги, ҳидоятга ягона, халқ муршиди, сир-у асрор соҳибидир. Бу зот абдол, зоҳид обид ва ҳақиқат йўлининг етакчилари жумласидан эди. У Бухоро Чаҳорбакрларидан бўлиб, шариат ва тариқат илмлари билан безанган, олам халқларининг пешвоси, ҳақиқат ва мусулмонлик биносининг заррин нурига чулғовчи офтоб эди. Бухоро мадрасалари таҳсилини олган зот ўз кароматлари билан ажралиб турар эди...
…Сомоний подшоҳлар Бахром Чўбин авлодлари бўлиб, улар ҳазратга ихлос қилган эдилар… Ҳазрат мартаба эгаси бўлиб, у кишининг мулклари жумласидан бўлган Сумитан, Жўйбор ва Дарвозаи Нав атрофлари ҳозиргача авлодлари қўлидадир”.
("Матлаб ут-Толибин" 71-бет)
"Унинг ўғли Абубакр Аҳмад. У валилик ва каромат аҳлининг сараси, маърифат ва ҳақиқат илмлари эгаси, инжа иборалар ва сир-у асрорлар кошифи бўлиб, Олий Сомон подшоҳлари даврида яшаган. Мазкур подшоҳлар ушбу мухлис эдилар. Замон подшоҳи ўз қизини ниёз қилиб ҳазратнинг никоҳига киритган".
("Матлаб ут-Толибийн" 66-81-бетлар) ана шу шажарага бағишланади. Шажара хабаридан маълум бўладики, Пайғамбар (с.а.в) нинг Али ибн Ҳусайн ва Шаҳрбонуидан тарқалган ўғил, қиз, набира ва чабираларнинг 19-вакили Имом Али (р.а) бўлиб, Бухорода унинг ўғли туғилади. Сомоний подшоҳлар ўз авлодларидан бўлмиш Имом Али ва унинг Бухорода туғилган ўғлини эъзозлаб, улар мол-мулк, ер берадилар. Бухорода туғилган ўғли - Зоҳириддин Аҳмаднинг ўғли Абу Бакр Сумитаний бўлиб, у Сумитанда туғилиб, мадраса ва Увайсия тарбиясини олиб, Бухорода катта олим бўлиб олишди. Экин ерлари Сумитан Жўйбор ва Дарвозай Навда эди. Жўйбор мавзесидаги ерларига бориб турар, халқнинг унга эътибори бўлакча эди. Унинг ўғли Зоҳириддин Аҳмад, Зоҳириддин Аҳмаднинг ўғли Нажибиддин бўлиб, Бухоро имомлари пешвоси даражасига етди. Сомоний подшоҳларидан бири қизини унинг никоҳига киритиб, қўшимча ер, мол-мулк берди
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси амалиётчиси
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси Исломшунослик факультети Диншунослик йўналиши
2-курс талабаси Комилова Шахинабону Камолиддиновна
Izoh qoldirish