Ислом -тинчлик ва эзгулик дини.
Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: “Икки энг азиз неъмат бор-у, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Шундай дилга яақин сўзлар борки улардан бири бу Тинчлик. Тинчлик сўзининг маънодоши эса Исломдир.
Ота-боболаримиздан қолган гўзал дуоларда доим «Юртимиз тинч осмонмиз мусаффо бўлсин»-деб айтишади. Бунинг сабаби бежизга эмас. Шу неъматнинг улуғ эканлигининг исботидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб бежиз бот-бот тинчлик ҳақида гапирмайдилар. Хусусан, давлатимиз Раҳбари 2023 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 78-сессиясида: «Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз», дея таъкидладилар ва шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурдилар.
Ана шу эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августдаги «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра, 2024 йил октябрь ойида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида юртимизда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208).
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом” дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”, дейди (Қадр, 5).
Ислом дини энди ёйилаётган давр хусусан хижратдан кейинги вақтларда кўплаб ғазот ва сариялар бўлганидан хабардормиз. Мазкур йиллар динни етказиш йўлида олиб борилиши керак бўлган машаққатга бой даврлар эди. Саҳобалардан Туфайл ибн Амр ад-Давсий розияллоҳу анҳу дўстлари билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Давс қабиласи ҳаддидан ошди, куфр келтирди. Уларни дуоибад қилинг» деганларида ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳумма, иҳди Давсан» (Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил) деб уч марта дуо қилдилар. У Зот алайҳиссалом Давсни дуо қилиш учун қўлларини кўтарганларида Туфайл ибн Амр ва унинг шериклари «Ана энди Давс ҳалок бўлди, Давснинг шўри қуриди», дейишди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом Давсни қарғайдилар, деб ўйлашган эди. Йўқ, Пайғамбар алайҳиссалом Давсга ҳидоят сўраб, «Роббим, Давсни ҳидоят қилгин, уларни Мадинага мусулмон ҳолида келтиргин», деб дуо қилдилар.
Бундан бошқа ҳолатларда ҳам, бир гуруҳ саҳобалар мушрикларни дуоибад қилишларини сўраб, у Зотга мурожаат қилишганда «Мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Мен раҳмат қилиб юборилганман» деганлар.
«Ва маа арсалнаака иллаа роҳматал лил оламийн» («Эй Муҳаммад алайҳиссалом! Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик») ояти сўзимизнинг далилидир.
Дархақиқат ислом гўзал диндир. Жохилият ботқоғига ботган жамият аъзоларининг қийшиқлигини қилич билан тўғрилаш имкони бўла туриб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тинчлик, гўзал муомала ва бағрикенглик йўлини тутдилар. Бу хам бўлса исломнинг тинчлик дини эканинг намунасидир.
Аллоҳ таоллоҳ жаннатмонанд юртимизнинг осмонини мусаффо, халқини фаровон ва тинчлигини боқий сақласин.
Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта-махсус
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Очилова Комила Жамоловна
Izoh qoldirish