Оишаи Сиддиқа (розияллоҳу анҳо)тенгсиз фазилат соҳибаси
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, онамизнинг буюк ҳаётини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комиллик сифатлари бор эканини таъкидлашади. Бу сифатлар рўйҳатининг бошида Расулулоҳ солаллоҳу алайҳи вассалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар турушини айтиб ўтмоқлигимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Термизий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Жаброил алайҳисалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яшил ипак рўмолчадаги суратни келтириб: “Бу сизнинг дунё ва охиратдаги завжангиздир” дейди.
عن عائشة رضي الله عنها قالت: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :ياعائش هذا جبريل يقرئك السلام فقلت: وعليه السلام ورحمة الله وبركاته تري يارسول الله مالا اري
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар”
«Ва алайҳисалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Росули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим”.
Буҳорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Дунёда пайғамбарлардан бошқа Оиша онамиз розияллоҳу анҳога Жаброил алайҳисалом салом айтибди. Мана шу улуғ мақомни ўзи бу зотнинг қанчалар фазилат соҳибаси эканлигини кўрсатади.
عن ابي موسي رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه وسلم قال: كمل من الرجال كثير ولم يكمل من النساء الا مريم بنت عمران وآسية امرأة فرعون وفضل عئشة علي النساء كفضل الثريذ علي سائرالطعام.رواهما الشيخان و الترمذي
Абу Мусо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади :
«Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан фақатгина Марям Имрон қизи ва Фираъвннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги Сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўҳшайдир»,дедилар.
Буҳорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун фазллари ҳақида сўз боради.
Шу ўринда Марям Имрон қизи ва Фиравннинг аёли Осиё оналаримиз фазллари ҳақида қисқача баён қилиб ўтсак.
«Аёллардан фақатгина Марям Имрон қизи ва Фиравннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлишлари Қуръони Каримда биргаликда алоҳида зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ Таоло Таҳрим сурасида:
«Аллоҳ имон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У (хотин): «Роббим, менга Ўз хузурингда, Жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фираъвндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин»,деб айтди»,деган.
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшохнинг аёли эди. Емак- ичмакда тўкин эди. Нимани ҳоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳга имон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришни сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою-ҳавасидан устсн келишнинг олий мисолидир.
Мўминаларнинг иккинчи мисоди Марям бинти Имрондур.
«Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди.
Биз унга ўз руҳумиздан пуфладик ва У Роббисининг сўзларини ҳамма китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди».
Марям Имронинг қизи Аллоҳга соф эътиқодда ва ўзларини ҳам соф тутганлар яҳудийлар тухмат қилганларидек нопок бўлмаганлари. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Исо алайҳисаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлгига ўҳшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алйҳи вассалам у кишининг бошқа аёллардан фазилларини “сарийд” деб номланадиган таомнининг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўҳшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра сарийд бошқа таомлардан афзал ҳисобланар эди.
Ҳудди шунга ўҳшаш Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эди.
Бу мақомга дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Буҳорий Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зоти Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келган вақтимда:
«Эй Аллоҳнинг Росули, одамларнинг қайсиси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша»,дедилар.
«Эркаклардан-чи?»дедим.
«Унинг отаси»,дедилар.
«Сўнгра ким?»,дедим.
«Сўнгра Умар»,дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирида қилиб қўймасинлар,деб сукут сақладим».
Ушбу ҳадиси шарифдан билинадики Аллоҳнинг росули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб экан.
Бу мақомга дунёда ким сазовор бўлибди?!
Бу мақомга дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яълом «Муснад»ида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
-Жаброил алайҳиссалом Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
-У зот менга бикр ҳолимда уйланганлар. Мендан ўзгага бикр ҳолида уйланмаганлар.
- Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда туриб, вафот этдилар.
- Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мени уйимда қабрга қўйилдилар.
-Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эди. У зотга мен чойшабларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мендан жасадларини узоқлаштирмас эдилар.
-Мен у зотнинг ҳалифалари Сиддиқларининг қизиман.
-Менинг узрим осмондан нозил бўлган.
-Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
-Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган”.
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтган:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳисаллом фаҳш ишда туҳмат қилинганда Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдак тили ила оқлади.
Марям онамиз фоҳишаликда туҳмат қилинганда Аллоҳ у кишини ўғиллари Исо алайҳисалломнинг тили ила оқлади.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо фаҳш ишда туҳмат қилинганда Аллоҳ у кишини Қуръон ила оқлади.Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан ўз каломи ила оқлади”.
Аллоҳ таоло дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан ўз каломи ила оқлаган.
Бу фазлатларнинг бирортаси қайсидир аёлга берилса ўша аёл учун дунё ва дунёдаги барча нарсалар берилганидан яхшироқ.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг фазллари зикр қилиб ўтган бу фазилатларимиз билан тугаб қолмайди. Қолаверса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг саҳийликлари илмлари ва саҳоба ва тобеинларнинг онамизга берган таърфларидан бирор нарса зикр қилмадик. Иншааллоҳ келгусида онамизнинг бошқа фазилатларига ҳам алоҳида тўхталамиз.
“Жўйбори Калон” ўрта-махсус ислом таълим
муассасаси ўқитувчиси Ашурали Холматов
Izoh qoldirish