Ҳаж савобига тенг умра
Умра луғатда “зиёрат ва “ободлик” маъноларини билдиради. Ислом шариатида эса, Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиб бажариладиган махсус зиёратига айтилади. Умра ибодатининг иккита фарзи бор: 1. Эҳром боғлаш, 2. Тавоф қилиш, иккита вожиби: 1. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, 2. Соч қидириш ёки қисқартириш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Албатта, Аллоҳнинг китобида умра ҳажнинг дугонаси каби зикр қилгандир.
"وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ للهِ"
“ҳаж ва умрани батамом қилинг!” Бақара сурасининг 196-оятида марҳамат қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда умрани ҳажга қўшиб зикр қилган. Бу умранинг қанчалар улуғ ибодат эканига ёрқин далил бўлади. Умра қандай амал?
Имом Термизий келтирган ҳадисда, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умра ҳақида:
عَنْ جَابِرٍ -رضيَ اللَّهُ عَنْهُ- أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ سُئِلَ عَنِ الْعُمْرَةِ أَوَاجِبَةٌ هِيَ؟ قَالَ: لاَ وَأَنْ تَعْتَمِرُوا هُوَ أَفْضَلُ.
«У вожибми?» деб сўралди. «Йўқ. Умра қилмоғингиз афзал», дедилар».
Умра моликий ва ҳанафий мазҳабидаги рожиҳ қавлга кўра қурби етган кишиларга суннати муаккада ҳисобланиб, йилнинг барча ойида бажариш дурустдир. Аммо умра зиёратини арафа куни, наҳр куни ва ташриқ кунларида адо этиш макруҳ саналади. Чунки мазкур беш кунда асосан ҳаж амаллари бажарилганидан бундай вақтда ҳаждан бошқа амаллар билан машғул бўлмаслик афзалдир. Рамазон ойида амалга оширилган умра эса энг афзал умра ҳисобланади. Негаки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон Рамазон бўлса, унда умра қилгин. Албатта, Рамазондаги умра ҳаждир», дейилган.
Мутафаққун алайҳ бўлган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “عَمَرَةٌ في رَمَضَانَ تَعْدِلُ حَجَّةً مَعِي، أَوْ حَجَّةً مَعِي”
“Рамазонда бажарилган умра ҳажга тенг ёки мен билан бирга адо этилган ҳажга тенг”, дея марҳамат қилинган.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Шаъбоннинг охирги кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай хутба ўқидилар: Эй инсонлар! Улуғ ва муборак бир ойнинг сояси устингизга тушди. Шундай бир ойки, унда минг ойдан афзал бир кеча бор. Аллоҳ таоло Рамазон ойида кундузлари рўза тутишни фарз қилди. Кечалари туриб намоз ўқишни суннат қилди. Агар бир киши Рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, Рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё Рамазондан бошқа ойда 70та фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади.
Шуни унутмаслик керакки, рамазон ойида шу ойнинг шарофати, ҳам қадр тунининг шарофати, ҳам умра ибодатининг шарофати биргаликда жам бўлади. Бунинг устига, юқоридаги ҳадислар мазмунига биноан, рамазон ойидаги умранинг савоби ҳаж савобига тенг бўлишдан ташқари Расулуллоҳ алайҳиссалом билан биргаликда ҳаж қилгандек савобга эга бўлиши айтилди.
“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим
муассаса мударриси Жамол Мавлонов
Izoh qoldirish