07.02.2024

Тармоқдаги тартибсизлик

(ёхуд қизларнинг интернет сабабли бадном бўлиши) 

Инобат Уста-Алимова “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари:

Ҳазрат Жалолиддин Румий айтганидек: “Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зиналар ўтириб, дам олишга мослашмаган. Умрни шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва ҳаётнинг моҳиятини тўғри англаб етган одам нақадар бахтли!” Тўғриси, ижтимоий тармоқларда вақтини беҳуда совураётганларга ачинаман. Улар ҳазрат Румий айтгандек, зинапоянингда қуйи поғонаси қолиб кетмоқда. Балки ҳозирча уч-тўрт сўм топаётгандир. Лекин бу қачонгача? 

Афсуски, интернетга боғланиб қолган фарзанд билим олишга юзаки ёндашади, фаол ҳаракатда бўлмай, узоқ вақт монитор рўпарасида ўтиради. Бу вақтни зое қилади. Агар қиз фарзандингизда бундай ҳолат кузатилса, вазият янада мураккаблашади. Сабаби, қиз – оиланинг шаъни. Унга нисбатан айтилган ҳар бир гап бутун оилага тегишли. Айтайлик, қиз ижтимоий тармоқда мутлақо бегона кимса билан танишди. Бу эса жамиятда жоҳилликнинг илдиз отаётгани ҳамда ёшлар онгига салбий таъсир қилаётганини англатади. 

Имом Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳ Аср сураси тафсирида қуйидагини айтган: “Аллоҳ таолонинг аср билан, яъни вақт билан қасам ичиши унда ажойиботлар бўлгани учундир. Чунки хурсандлик ҳам, хафалик ҳам, саломатлик ҳам, беморлик ҳам, бойлик ҳам, фақирлик ҳам – барча-барчаси вақт ичида ҳосил бўлади. Ўтаётган умрни бойлик билан баҳолаб бўлмайди. Шундай экан, агар сиз минг йилни зое қилиб юборган бўлсангиз-у, умрингизнинг сўнгги дақиқасида тавба қилишга муваффақ бўлиб, ўша лаҳзадагина сизга саодат насиб этган бўлса ва бунинг натижасида сиз жаннатга эришган бўлсангиз, демак, сиз учун энг шарафли нарса ўша лаҳзадаги ҳаётингиздир”. Қизларнинг бўш вақтини нафақат ота-она, ўқитувчи, балки маҳалла-кўй ҳам назорат қилиши лозим. Сабаби бекорчи бўлдими, телефондан бошини кўтармайди. Иложи борича, ҳамёнбоп ёки бепул тўгаракларни кўпайтиришимиз, уларга қизларни қизиқтирадиган йўналишлардаги мутахассисларни жалб қилишимиз лозим. 

 

Мўминалар журналидан 

Izoh qoldirish

Izohlar