28.12.2023

ФАРЗАНД – ДУНЁ ҲАЁТИНИНГ ЗИЙНАТИ ВА УНИ ЧИРОЙЛИ ТАРБИЯЛАШ НЕЪМАТ ШУКРОНАСИДИР.

ФАРЗАНД – ДУНЁ ҲАЁТИНИНГ ЗИЙНАТИ ВА УНИ ЧИРОЙЛИ ТАРБИЯЛАШ НЕЪМАТ ШУКРОНАСИДИР.

Бизларга икки неъмат бўлмиш, завжа ва фарзанд берган Роббимизга беадад ҳамду санолар бўлсин, гўзал хулқ эгаси, сарвари коинот бўлмиш Расулуллоҳга дуруду саловотлар бўлсин. Ва мана шу гўзал хулқни бизгача етказган саҳобаи киромларга ва соирул уламоларга Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфирати бўлсин.

وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلاَدَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِ لِمَنْ أَرَادَ أَن يُتِمَّ الرَّضَاعَةَ وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ لاَ تُكَلَّفُ نَفْسٌ إِلاَّ وُسْعَهَا لاَ تُضَآرَّ وَالِدَةٌ بِوَلَدِهَا وَلاَ مَوْلُودٌ لَّهُ بِوَلَدِهِ وَعَلَى الْوَارِثِ مِثْلُ ذَلِكَ فَإِنْ أَرَادَا فِصَالاً عَن تَرَاضٍ مِّنْهُمَا وَتَشَاوُرٍ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِمَا وَإِنْ أَرَدتُّمْ أَن تَسْتَرْضِعُواْ أَوْلاَدَكُمْ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِذَا سَلَّمْتُم مَّآ آتَيْتُم بِالْمَعْرُوفِ وَاتَّقُواْ اللّهَ وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ

Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар. Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмас. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундоқ. Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилишни ирода қилсангиз, берадиганингизни яхшилик билан аввалдан топширсангиз гуноҳ бўлмас. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, Аллоҳ қилаётганингизни албатта кўриб турувчидир.

Юқорида айганимиздек фарзанд Аллоҳ берган улуғ неъматдир. Ота-она бу неъматга шукр қилишлари лозим. Шукрнинг асосийси – фарзандни неъмат берувчи Зот бўлмиш Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган қилиб тарбиялашдир. Тарбия эса, эмизишдан бошланади. Бу ишда ота-онанинг келишмовчиликлари, ораларининг бузилиши узр бўла олмайди. Катталарнинг жанжали туфайли мурғак гўдак зарар тортмаслиги, унга Аллоҳ берган ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинмаслиги керак. Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандини икки йил эмизишидир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу Қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг, гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда. Мусулмонларга Аллоҳ таолонинг Ўзи буни Қуръони Каримда айтиб ўтган.

وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلاَدَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِ لِمَنْ أَرَادَ أَن يُتِمَّ الرَّضَاعَةَ

Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар”.

Оналар фарзандларини икки йил эмизар эканлар, албатта, оталарига ҳам ўзига яраша вазифа юкланган. Улар: онаси билан ажралиб кетганман, деб ўзини четга олиб туришга ҳақлари йўқ, балки:

وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир.

Бу ишни яхшилаб адо қилишлари керак, номига эмас. Аммо ҳаддан ҳам ошилмайди.

Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло айтадики: «Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…». Фарзанд қалб райхонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот этганимиздан кейин эса уларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

 

قال رسول الله صلي الله عليه و سلّم : اذا مات ابن ادم انقطع عمله الاّ من ثلاث: صدقة جارية و علم ينتفع به و ولد صالح يدعوا له (رواه مسلم)

 «Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд». Муслим ривояти.

Мана шундай дуогўй, фармонбардор, солиҳ фарзанд дунёга келиши учун ота – она жуда катта аҳамиятга эга. 

Бола тарбияси учун аввало ота ўрни катта. Ўзининг келажакдаги ҳаётини тинч осуда ўтказмоқчи бўлса, биринчи ўринда касбини ҳалол қилиши керак ва агар касби ҳалол бўлса, Худога тақво қилиб, шариат ҳадларидан чиқмаслиги лозим. Сўнгра ҳар бир киши уйланишидан олдин келажакдаги жуфтини жуда диққат билан синчиклаб ахтариши керак. Шариат  шартларига эътибор бериб уйлансин.

Бизларга бу ишда Ислом шариати ёрдамга келган. Пайғамбаримиз с.а.в. ушбу ҳадисда муносиб келин қандоқ бўлишини баён қилиб берганлар:

عن أبى هريرة ، عن النبىِّ صلعم قال : " تُنْكَحُ المَرْأةُ لِأربعٍ لِمالها و لِحسبها و لِجمالها و لِدينها فَظْفَرْ بِذات الدينِ تَرِبَتْ يداك".

Набий с.а.в.: “ Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади. Моли, ҳасаби, чиройи ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар.

Агар ушбу тўрт сифат – мол ҳам, чирой ҳам, келиб-чиқиши насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни зийнатлаб турса, албатта, яхши.

Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Чунки бойлик вақтинча, ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Гўзалик ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Диндорлик эса ҳақиқий ва бардавом яхши сифат. Чунки ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.

Бир киши Пайғамбаримиз с.а.в.дан сўради “ кимга яхшилик қилай”? айтидилаки, “ ота ва оангга” – “ ота-онам вафот қилган” деди. “ ундай бўлса, фарзандларингга яхшик қил, чунки уларнинг ҳаққи ҳудди отангни ва онангни ҳақларидек” деб марҳамат қилдилар. 

Анас ибн Молик р.а. Пайғамбаримиз с.а.в.дан ривоят қиладилар: « Вақтики фарзанд етти кунлик бўлса ақиқа қилинглар ва яхши ном қўйинглар. Ақиқа бу ўғил фарзанд бўлса, икки қўй, қиз фарзанд бўлса бир қўй сўйиш. Вақтики олти ёшга кирганда мактабга бергай. Тўққиз ёшга етганда ётадиган ўрнини алоҳида қилгай. 13 ёшда кирганда шариат кўрсатмалари асосида тарбиялаш.. Балоғатга етиб, қадди кўтарилиб қолса, хотин олиб бергай. Ундан кейин фарзандининг қўлини ушлаб туриб, айтадики, - илм ва одоб ўргатдим ва хотин олиб бердим. Роббимга сиғиндим, бу дунёда Худои таборак таолонинг ғазабига ва охират азобига гирифтор бўлмоқдан сақландим- дегай».

«Жоҳилият вақтида бирортамиз ўғил кўрса, қўй сўйиб, унинг қонини боланинг бошига суртар эди. Аллоҳ Исломни келтирганида эса, қўй сўядиган, сочини олдирадиган ва бошига заъфарон суртадиган бўлдик».

Ақиқадан фойдалар шуки, аввало қўй сўйилади. Бу Ислом миллатига янги аъзо келиб қўшилганининг шукронасига бир ҳалол ҳайвонни  Аллоҳ ҳаолонинг йўлида қурбон қилишдир. Иккинчидан сочини олиш янги туғилган боланинг сочига турли ифлос нарсалар теккан бўлади. Ана ўша нарсаларни боланинг бошидан тезроқ кетказиш маъносида унинг сочи олиниб ташланади. Бошига заъфарон суртилади. Заъфарон хушбўй нарса бўлиб, усуртилган жойдан ажиб ҳид анқиб туради. Заъфароннинг ҳиди ҳузурбахшдир, руҳни тетик қилади. Энг асосийси, фаришталарга хуш ёқади.

Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида неъмат қилиб берган. Лекин гоҳида мана шу фарзанд ота-онасига бало бўлиши ҳам мумкин. Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-она ўз фарзандларига яхши тарбия берсалару, бола улғайганда ота-онасига раҳмат олиб келса, бу улар учун Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Болалар эртанги кунимизнинг посбонлари, қарашларимиз, ишларимизнинг давомчилари, улар янги турмуш барпо этиш, соғлом ҳаёт кечириш учун дунёга келган кишилардир.

Тарбиянинг энг мураккаб даври ўсмирлик давридир. Бола энди мустақил ҳаракат қила бошлаган, ҳаётга ўз назари билан баҳо беришга киришаётган, доимий эшитиб юргани ота-онанинг сўзидан кўра ўзгаларнинг, янги танишларнинг фикрлари жозибалироқ кўринаётган пайтда унга эҳтиёт бўлиб муомала қилмоқ керак. Тарбия услубини олдингисидан ўзгартиришга, баъзи жиҳатларни босиқлик билан ҳал қилишга тўғри келади.

  Хорижда болаларни соғлом ва баркамол ўстириш борасида олимлар қизиқ тажриба ўтказишади. Ота бола туғилишига беш олти ой қолганида ҳар куни маълум бир вақтда битта эртакни «унинг» ёнида сўйлаверади. Гўдак туғилгандан сўнг ҳам эртак айтишда давом этади. Боланинг тили   чиққанида ота ўша эртакни айта бошлаганида, унинг давомини боланинг ўзи сўзлаб берибди. Ҳофизул Қуърон бўлган бир киши фарзанд кўради. Боланинг тили чиққанида, маълум оятларни такрорлаётганини эшитишади. Маълум бўлишича, ота илохий каломни тиловат қилаётганида фарзанднинг онаси  унга сомеъ бўлиб, тинглаб турар экан. Демак, фарзандни соғлом ўстиришни  она қорнида вужудга келганидан бошланса, кўзланган мақсадга эришиш  мумкин. Яхши таълим - тарбия, шубҳасиз, инсоннинг жисми ва руҳий дунёсига, охиратига фойдали, уни ҳар икки жаҳонда бахту саодатли қиладиган, илм ва тажриба билан бир қаторда диёнату билимдонлик, балоғат бахш этадиган тўғри йўлга эзгу ва маъқул илмларга ундайдиган таълим – тарбиядир. Ақл илмга нақадар тўлиб – тошса ҳам, қалб ва кўнгилни сира унутмаслиги керак, инсон ўзидаги маънавий жиҳатларни – виждон ва нафсини тарбиялаш, эҳтиросларни бошқара олиши, хунук одатларини тарк этиши,  мавжуд  илмий ютуқларини инсоннинг фойдасига йўналтира оладиган зеҳниятга эга бўлиши зарур. 

 Илоҳо бизларни зурриётларимизни аҳли иймон, аҳли Исломдан қилгин. Бизларга қиёмат кунига шафоат қилгувчилардан қилгин. Қиёмат кунигача уларни намозхон, Қуръонхон ва Расулуллоҳнинг суннатларига олиму омил айла!

 

«Жўйбори Калон»  аёл-қизлар ўрта  махсус ислом 

таълим муассасаси ўқитувчиси  Н.Ҳалимова

Izoh qoldirish