Аршнинг соясида кимлар бўлади?
Сур чалиниб. Одамлар қайта тирилиб, қабрдан чиққанлардан сўнг одамлар яланг оёқ, яланг бош, онадан туғилгандек, хатна қилинмаган ҳолда Маҳшар майдони сари ҳайдаладилар. Маҳшар оппоқ, кафтдек текис ер бўлиб, унинг на қийшайган, на эграйган ери бор. Унда инсон панасига беркиниб оладиган на бир дўнглик, на кўздан яширин жарликлар бор. Бу кенг майдоннинг тупроғи барча ерида бир хил, зарраси заррасидан фарқланмайди
يَوْمَ تُبَدَّلُ الْأَرْضُ غَيْرَ الْأَرْضِ وَالسَّمَاوَاتُ
“У кунда ер бошқа ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қолади”[1]
Одамлар Маҳшарга тўп-тўп ҳайдаладилар. Кураи заминнинг турли бурчакларидан, турли тоифаларга бўлиниб келаётган сонсиз халойиқни битта майдонга жамлайди.
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عائشة -رضي الله تعالى عنها- قالت: سمعت رسول الله ﷺ يقول: يُحْشَرُ النَّاسُ يَومَ القِيامَةِ حُفاةً عُراةً غُرْلًا، قُلتُ: يا رَسولَ اللهِ، النِّساءُ والرِّجالُ جَمِيعًا يَنْظُرُ بَعْضُهُمْ إلى بَعْضٍ! قالَ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ: يا عائِشَةُ، الأمْرُ أشَدُّ مِن أنْ يَنْظُرَ بَعْضُهُمْ إلى بَعْضٍ.
«Қиёмат куни кишилар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда тўпланадилар», деганларида, мен: «Эй Аллоҳнинг расули, эркаклар ва аёллар бир-бирларига қарайверишадими?» десам, у зот: «Эй Оиша, аҳвол улар бунга эътибор бера олмайдиган даражада оғир бўлади», дедилар.
لِكُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُمْ يَوْمَئِذٍ شَأْنٌ يُغْنِيهِ
“(Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлади”[2]
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم " يُحْشَرُ النَّاسُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلاَثَةَ أَصْنَافٍ صِنْفًا مُشَاةً وَصِنْفًا رُكْبَانًا وَصِنْفًا عَلَى وُجُوهِهِمْ " . قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَكَيْفَ يَمْشُونَ عَلَى وُجُوهِهِمْ قَالَ " إِنَّ الَّذِي أَمْشَاهُمْ عَلَى أَقْدَامِهِمْ قَادِرٌ عَلَى أَنْ يُمْشِيَهُمْ عَلَى وُجُوهِهِمْ " .
“Қиёмат кунида одамлар уч гуруҳ бўлиб тўпланадилар: уловда юрувчилар, яёв юрувчилар ва юзлари билан юрувчилар”. Шунда бир киши: “Ё Расулаллоҳ, юз билан қандай юрилади?” деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оёқлари билан юритишга қодир Зот, уларни юзлари билан юргизишга ҳам қодирдир”, деб жавоб бердилар.
Кейин Маҳшар майдонида тўпланган етти фалак ва етти ер мавжудоти: фаришталар, жинлар, инсонлар, шайтон, ваҳший ҳайвонлару йиртқич қушлардан иборат халойиқни тасаввур қилинг. Уларнинг устига ёғилаётган қуёш нурининг ҳарорати борган сари зиёдалашиб боради.
Сўнгра қуёш уларнинг боши узра икки ёй миқдорида яқинлаштирилади. Инсонлар икки гуруҳга ажраладилар: бир гуруҳ Аршнинг соясида, бошқаси қуёшнинг ёндирувчи ҳарорати остида.
Эритиб юборувчи бу қайноқ ҳарорат ғам-андуҳни кучайтиради. Зич ва тиқилинчдан оёқлари чалкашиб кетаёган халойиқ бир-бирини итаради. Бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳ олдида бундай шармандали ҳолда бўлиш уларни янада қаттиқроқ хижолатга солади.
Қуёшнинг оловли тафти, нафасларнинг ҳарорати, ҳаё ва хавф ўтида қоврилаётган қалбнинг куйдириши ва бошқа азоблар одамларни қийнайди, уларнинг ҳар тукидан тер тошади. Шу даражада тошадики, ерлар сувга тўлади, баданларга қадар кўтарилиб, ҳатто Оллоҳнинг ҳузуридаги манзилларгача етади. Тошиб чиқаётган тер кимнидир тиззасигача, кимнидир белларигача, кимнидир қулоғининг юмшоғигача кўмса, яна кимнидир буткул ғарқ қилади.
Бундай даҳшатли кунда, иссиқ, дим бўлган, на бир шабадаси ҳам ҳаттоинки йўқ бўлган кунда кимлар Аршнинг соя салқинида мазза қилиб ўтиради:
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ اَنَّهُ قَالَ:قالَ رَسُولُ اللهِ صَلِّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سَبْعَةٌ يُظِلّهُمُ اللهُ فِى ظِلِّهِ يَوْمَ لاَ ظِلَّ إلّاظِلُّهُ إِمامٌ عَادِلٌ وَشَابٌّ نَشَأَ فِى عِبادَةِ اللهِ وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِى الْمَسْجِدِ وَرَجُلانِ تَحَبَّا فِى اللهِ إِجْتَمَعا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقا عَلَيْهِ وَرَجُلٌ دَعَتْهُ إِمْرَأَةٌ ذَاتَ حَسَبٍ وَجَمالٍ فَقَالَ إِنِّى أَخافُ اللهَ وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ فَأَخْفَاها حَتّى لا يَعْلَمُ شِمَالُهُ مَا يُنْفِقُ يَمِيْنُهُ وَرَجُلٌ ذَكَرَاللهَ خالِياً فَغَاضَتْ عَيْنُهُ
«Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур:
- одил имом, яъни адолатли раҳбар
- ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, хоҳ йигит бўлсин, хоҳ қиз
- қалби масжидларга боғлиқ киши,
- Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши,
- мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда "Мен Аллоҳдан қўрқаман" деб юз буриб кетган одам,
- садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани махфийлигидан чап қўли билмай қолган одам ва
- холи қолиб, Аллоҳни эслаганда кўзидан ёш оққан одам", дедилар".
Имом Муслим келтирган ҳадисда:Абул Юср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن أبي الْيَسَرِ رضي الله عنه عن رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال : ( مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِرًا أَوْ وَضَعَ عَنْهُ أَظَلَّهُ اللَّهُ فِي ظِلِّهِ ) .
«Ким танг ҳолатда турган инсонга қарз муҳлатини чўзиб берса ёки уни кечиб юборса, Аллоҳ таоло қиёматда уни Ўз арши соясида соялантиради», дедилар.
Имом Дайламий келтирган ҳадисда: Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عن أنس بن مالك رضي الله عنه، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: " التَاجِرُ الصَّدُوقُ تَحْتَ ظِلِّ الْعَرْشِ یَوْمَ الْقِیَامَةِ"
“Ростгўй савдогар Қиёмат кунида Аршнинг соясидадир”
Юқорида зикри ўтган ҳадисларда эркаклар тилга олинган бўлсада, бу ишлар ичида эркакларга хос бўлган имомлик (раҳбарлик) ва масжидларга боғлик амаллардан бошқа барча ишларнинг савобида хотинлар ҳам муштаракдирлар.
Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عَنِ السَّيِّدَةِ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَنِ السَّابِقُونَ إِلَى ظِلِّ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ قَالَ: «الَّذِينَ إِذَا أُعْطُوا الْحَقَّ قَبِلُوهُ، وَإِذَا سُئِلُوهُ بَذَلُوهُ، وَحَكَمُوا لِلنَّاسِ كَحُكْمِهِمْ لِأَنْفُسِهِمْ»
“Билсизларми, қиёмат кунида кимлар биринчи бўлиб Аршнинг соясидан сояланадилар?” Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Росули билади”, дедилар. Сўнгра: “Ҳақни кўрсатсалар, қабул қиладиганлар. Улардан сўралса, берадиганлар. Агар одамлар устидан ҳукм қилсалар, худди ўзларининг устларидан ҳукм чиқарётгандек ҳукм чиқарадиганлар”, дея жавоб бердилар.
Имом Дайламий келтирган ҳадисда: Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «ثَلَاثَةٌ فِي ظِلِّ العَرْشِ يَوْمَ القِيامَةِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهِ، وَاصِلُ الرَّحِمِ يَزِيدُ اللهُ فِي رِزْقِهِ وَيَمُدُّ لَهُ فِي أَجَلِهِ، وَامْرَأَةٌ مَاتَ زَوْجُهَا وَتَرَكَ عَلَيْهَا أَيْتَامًا صِغَارًا، فَقَالَتْ: لَا أَتَزَوَّجُ أُقِيمُ عَلَى أَيْتَامِي حَتَّى يَمُوتُوا أَوْ يُغْنِيَهُمُ اللهُ، وَعَبْدٌ صَنَعَ طَعَامًا فَأَضَافَ ضَيْفَهُ وَأَحْسَنَ نَفَقَتَهُ فَدَعَا عَلَيْهِ اليَتِيمَ وَالمِسْكِينَ فأَطَعَمَهُمْ لِوَجْهِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ»
“Аллоҳ таоло уч кишини Арш соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур:
- сийлаи раҳмнинг боғловчи унинг ризқи кўпаяди ва
- эри ўлган аёлки, унинг бошига эри етим сағираларни қолдирган. У аёл дейди: Бу етимларимни катта қиламан то ўлгунимча ёки Аллоҳ уларни бой қилгунича турмуш қурмайман
- бандаки (ҳалол меҳнат қилиб) пул топади. Сўнг меҳмонига зиёфат беради ва нафақани чиройли сарф қилади, ҳамда етим мискинларни чақириб зиёфат беради”
Имом Дайламий келтирган ҳадисда: Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ مَرْفُوعًا: «ثَلَاثٌ تَحْتَ ظِلِّ الْعَرْشِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، مَنْ فَرَّجَ عَنْ مَكْرُوبٍ مِنْ أُمَّتِي، وَأَحْيَا سُنَّتِي، وَأَكْثَرَ الصَّلَاةَ عَلَيَّ»
“Уч тоифа инсонлар қиёмат кунида Аршнинг соясидан сояланади.
- Умматимдан қийинчиликни кетказган киши
- Унутилиб бораётган суннатимни тирилтирган киши
- Менга кўп салавот айтган киши”
Парвардигори олам, кошки эди, бизларни юқорида зикр қилинган сояланувчи тоифаларнинг биридан қилса, дейиш билан бўлмайди, балки ўзимиз ҳам ушбу тоифаларнинг биридан бўлишга ҳаракат қилайлик.
“Жўйбори Калон” аёл қизлар
ўрта махсус ислом таълим
муассаса мударриси
Жамол Мавлонов
[1] Иброҳим 48
[2] Абаса 37
Izoh qoldirish