Намоз қироатида огоҳ бўлинг!
Инсон намоз ичида қироат қилаётганида, шунингдек, такбирлар, сано, тасбеҳлар, аттаҳийёт ва саловотларни ўқишда ўзи эшитгулик қилиб ўқиши лозим! Айримлар бу нарсаларни ўта ичидан, ўзи ҳам эшитмайдиган, ва ҳатто, тили ва лаби қимирламайдиган қилиб, хаёлда ўқишади. Бу эса намознинг жоиз бўлмаслигини билдиради. Шу хилда қироат қилишга ўрганиб қолганлар эса, ёнида турган намозхонларнинг шивирлаб қироат қилишларидан жаҳллари чиқади, энсаси қотади. Қаранг, ҳанафий мазҳабининг энг машҳур фиқҳий манбаси “Мухтасар ал-Виқоя”да бундай дейилган:
و أدنى الجهر إسماع غيره و أدنى المخافتة إسماع نفسه، هو الصحيح
“Ошкоранинг энг паст даражаси бошқага эшиттиришдир. Махфийнинг энг паст даражаси эса ўзига эшиттиришдир. Ушбу фиқҳий қараш саҳиҳдир!” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 16).
Демак, ошкора ўқишнинг энг паст даражаси бошқага эшиттириш бўладиган бўлса, махфийнинг энг юқори даражаси ҳам шудир. Чунки, овозсиз фақат тилнинг ҳаракати луғатда ҳам, урфда ҳам қироат деб аталмайди. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида турган саҳобаи киромлар суннат намозларида ҳамда пешин ва аср намозларидаги қироатларини, шунингдек, “омин”ни эшитиб қолишган. Албатта бу махфийнинг юқори даражаси бўлгани учун эшитишган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод ва шомнинг суннатида “Кофирун сураси” ва “Ихлос сураси”ни ўқиганлар (Муслим, 1/726; Термизий, 1/431; Насоий, 2/992; Абу Довуд, 1/1258; Ибн Можа, 1/833; Аҳмад, 2/4763; Табароний, 10/10251; Байҳақий, 3/4657; Ибн Абу Шайба, 2/6336).
Юқорида айтганимиздек, айримлар намозда ўқиладиган нарсаларни ўта ичидан, ўзи ҳам эшитмайдиган қилиб, тили ва лаби қимирламайдиган қилиб, хаёлда ўқишади. Бу мутлақо дуруст эмас, намознинг намоз бўлиши ҳам шубҳали. Ҳанафий олимларидан Абу-л-Ҳасан ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ: “Махфийнинг энг оз даражаси ҳарафларни тўғрилаб ўқишдир!”, деганлар (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1902. – Б. 107).
Ҳарфларни махражларидан чиқариб, тўғрилаб ўқиш учун ҳам лаб қимирлаши лозим бўлади. Саҳобалардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин билан асрда қироат қилармидилар, деб сўралганда, улар тасдиқ қилганлар. Ушбу намозлар махфий ўқилгани боис, буни қаердан билдингизлар, деб сўралганда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқоллари қимирлашидан билардик, деб жавоб берганлар (Бухорий, 1/746; Абу Довуд, 1/801; Ибн Можа, 1/826; Ибн Ҳиббон, 5/1826; Аҳмад, 5/21098; Ибн Хузайма, 1/505; Байҳақий, 2/2192; Ибн Абу Шайба, 1/3655; Абдурраззоқ, 2/2676).
Яъни, махфий ўқилган намозда ҳам лаб ва жағлар қимирлаши даркор экан, одатда эшитиши жойида бўлган қулоқ билан ўз қироатини, ҳарфларнинг тўғри ўқилаётганини эшитиб туриш керак экан.
Намоздаги қироатнинг ошкоралигининг даражасининг энг пасти бировга эшиттириш бўлса, унинг махфийлигининг энг юқори даражаси ҳам шу бўлса, унда бу икковининг орасидаги фарқ нимада, деб сўралган саволга устозимиз Шайх Дўстмуҳаммад Турсун раҳимаҳуллоҳ бировга эшиттириш ниятида ўқилса, ошкоралик ҳисобланади; ўзи эшитиши ниятида ўқилса, бу ошкора ўқиганлик дейилмайди, деган эдилар. Бошқа устозларимиз эса ошкора ва махфийнинг орасидаги фарқ ҳалқум (кекирдак, томоқ, бўғиз, ютқин, ҳиқилдоқ) нинг қимирлаши деб таъкидлаганлар. Ҳалқумни қимирлатмасдан шивирлаб ўқилган нарсани хонада ўтирганларнинг ҳаммаси эшитиши мумкин, лекин у ошкора ўқилган ҳисоб қилинмас экан. Чунки, ҳалқум ўзига хос микрофон ролини ўйнар экан, сўзлаганда у қимирласа, ошкора сўзланган бўлади, “микрофон” ишлаган бўлади. Акс ҳолда махфий айтилган бўлади.
Хуллас, фиқҳий манбаларда таъкидланган, хоссатан, “Мухтасар ал-Виқоя”даги иборага мувофиқ намозхонлар суннат ва нафл намозларида, имом домлаларимиз эса аср билан пешин каби махфий намозларда қироатни ўзлари эшитадиган қилиб ўқишлари лозим. “Эҳтиёт сари ибодат аст!” (“Эҳтиёт ибодатнинг бошидир!”) деганларидек, намозни эҳтиёт қилган яхши.
Таълим муассасаси 3 курс талабаси Х.Хақбердиева
Izoh qoldirish