03.02.2023

Аҳли суннат вал-жамоат розиаллоҳу анҳум ажмаъин ҳазратларининг эътиқоди

Аҳли суннат вал-жамоат розиаллоҳу анҳум ажмаъин ҳазратларининг эътиқоди будур: 

1. Аллоҳ таоло биттадир — ягонадир, қадимдир, араз (кейин бўлган эмас), жисм, жавҳар (модда), мусаввар (тасаввур қилинган), маҳдуд ва маъдуд (чегараланган ва саналадиган) эмас. 

2. Қадим, бизнинг таъбиримизча аввали бўлмаган ва охири бўлмайдиган бир зоти жалили аълодир. 

3. Моҳият ва кайфият билан васф қилинмас. 

4. Бир маконга муҳтож эмас. 

5. Ундан (Унинг учун) замон (вақт) ўтмагай. 

6. Унга ҳеч нарса ўхшамас. 

7. Илмидан ва қудратидан ҳеч нарса камаймас ва кетмас. 

8. Унинг зоти билан қоим сифоти азалиййаси бор. 

9. Сифатлари Унинг на зотининг айни ўзи ва на ғайрисидир. Масалан, ойнага қарасангиз, ўзингизни кўрасиз. Шу ойнада кўрганингиз бир қарашда гўёки худди ўзингиздир, бу мен эмасман, дея олмайсиз, шу менман десангиз ҳам бўлмайди. Шунинг учун на айни ўзидир ва на ғайрисидир, деганлар. Бу сифатлар эса қуйидагилардир: ҳаёт, илм, қудрат, ирода, самиъ, басар, калом, таквин. Аллоҳ таоло бирдир, зотида, сифатларида, исмларида, феълларида ва мулкида шериги йўқ. Аллоҳ жалла жалалуҳу жисм эмас ва жавҳар эмас. Шарҳ. «Аллоҳ жисмдир», дейишнинг қандай бир сақланиладиган, қўрқиладиган жиҳати бор? Маълумки, жисм турли нарсалардан вужудга келган нарсадир. Аҳвол шундай бўлгач, Аллоҳга Унинг борлиғида бўлиниш иснод этилган бўлади.

«Илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У меҳрибон ва раҳмлидир», дейилган Бақара сурасининг 163-ояти инкор этилган бўлади, бу эса куфрдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Меърожда Аллоҳ таолони «Энг гўзал суратда кўрдим», деганлар. Бу эса «Ажойиб бир ҳолатда кўрдим», деганларидир. Расулуллоҳнинг бу сўзларидан ҳам «Аллоҳнинг жисми бор» деган гап англашилмайди. Шарҳ. Ҳеч бир башарга насиб этмаган энг улуғ неъмат - Аллоҳ таолонинг олий даргоҳига чиқиш ва Аллоҳ таолони кўриш неъмати «Ҳотамул анбиё» бўлган Пайғамбаримиз (с.а.в.)га ражаб ойининг 27-кечасида насиб этди. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. умматларига «Аллоҳ дийдорини ўлгандан кейин кўрасизлар», - деб башорат берганлар. 

Бу ҳадис бутун инсониятга тегишли бўлса ҳам аксар уламоларимиз Пайғамбаримиз (с.а.в.) Меърож кечасида Аллоҳ дийдорини ҳадсиз ва кайфиятсиз ҳолда кўрганликлари ҳақида иттифоқ қилганлар. Баъзилар Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳни қалб кўзи билан кўрган дейишса, айрим тоифа олимлар эса ҳам қалб кўзи билан, ҳам кўз билан кўрганликларини ёзишган, яъни, бутун вужудлари кўзга айланган эди. Оиша р.а. онамиздан ривоят қилинадики, «Ҳар кишики, он ҳазрат алайҳис салоту вассалам Парвардигорини бош кўзи билан кўрган деб айтса, шак-шубҳасиз у кимса улкан ёлғонни тўқибдур (тўқиб чиқарди). Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳни кўз билан кўрмадилар, балки муборак баданларини соч фарқидан то қадамларигача ҳар зарраси кўз бўлган эди. Ҳамма аъзолари билан кўрдилар. (Шайх Акбарободийнинг «Наводирул меърож туркий» китоби асосида тайёрланди).

Таълим муассасаси ўқитувчиси    А.Жамилова 

 

 

Izoh qoldirish