13.05.2023

Шариат аҳкомлари

Маълумки, шариат аҳкомлари тўрт манба: Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсдан олинади. Демак, ижмоъга қарши чиқиш, Қуръону ҳадисларга қарши чиқиш билан тенг эканлигини унутмаслигимиз керак. "Нисо" сурасининг 115-оятида қуйидагича зикр қилинган:

«Кимда-ким ҳидоят унга аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса, мўъминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда тоблаймиз. Нақадар нохуш жой у!». 

Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳдан Қуръондан ижмоъул умматга далил кўрсатинг, дейишганда, у киши бунга "Мўъминлар йўлидан ўзгасига эргашса" ояти каримаси далил бўлишини айтдилар. Буни тушуниш учун инсонда ақл билан бирга фаҳм ҳам бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "Парвардигоро! Менга илмни зиёда қилиш билан бирга фаҳм ҳам бер", деб дуо қилишимизни буюрганлар. Илми бўлгани билан фаҳм-ҳикмат берилмаса бундан ёмони йўқ, чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида:  «У ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар», деб марҳамат қилган. 

Демак фаҳм-ҳикмат шундай улуғ нарса эканки, инсон у орқали Қуръон, ҳадис илмларини билиб, ундан тўғри ҳукм чиқара билиш ҳамда ҳар бир оят ва ҳадиснинг моҳиятига тушуна олиш қобилиятига эга бўлади. Аллоҳ ўзининг улуғ неъмати бўлган ҳикматини ҳаммага эмас, балки фақат ўзи хоҳлаган, ўзи севган бандаларига беради. Ҳикмат боши, манбаи, тамали, асоси Аллоҳдан қўрқувдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

 «Ҳикмат боши Аллоҳдан қўрқувдир», деганлар. Қалбида Аллоҳдан қўрқуви бўлиб, ҳикматэгаси бўлган киши ҳеч қачон Ислом дунёси уламолари "Ножия фирқаси", деб ижмоъ қилган, аҳли суннат вал жамоатга қарши чиқиб, янги фирқалар тузмайди, бошқа фирқаларга эргашмайди. Зеро Имом Термизий ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоатдадир. Кимки жамоатдан ажралса, мусулмонлар жамоасидан ажралиб жаҳаннамга киради», деганлар. Ислом тарихида қанчадан-қанча мазҳаблар, фирқалар чиққан бўлса-да, уламолар уларнинг йўллари тўғрилигига ижмоъ қилмаганлигидан, тезда йўқолиб кетишди. Аҳли ножия деб эълон қилинган аҳли суннат вал жамоат ҳақ бўлганлиги сабабли 14 асрдан бери яшаб келмоқда. Ҳикмат соҳиби бўлган фаросатли, аҳли фаҳм, "Мен юрган йўл нотўғри бўлиб қолса, Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима қиламан?", деб қўрқади. Фақатгина илмнинг ўзи кифоя қилганда эди, Азозил тўғри йўлдан адашмаган бўлар эди. У олим бўлса ҳам, ҳикматдан бехабар бўлгани оқибатида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг ҳикматини била олмасдан тўғри йўлдан озиб, шайтонир ражиймга айланди. 

Таълим муассасаси ўқитувчиси      А.Жамилова.

Izoh qoldirish