19.04.2023

Исломда қўшничилик одоби

Кишининг оила аъзоларидан сўнг энг кўп дуч келадиган, мулоқот қиладиганлари қўшниларидир. Кишининг ўзгаларга муносабати қўшниларга муносабати орқали шаклланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ таолога ва Қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурматласин”, дедилар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кишининг ёмонликларидан қўшниси омон бўлмаса, у жаннатга кирмайди”, деганлар. Қўшничилик одоблари-қўлдан келганча унга яхшилик қилиш, масалан хадялар бериш, кўрганда очиқ юзлик билан муомала қилиш, ахволидан хабар олиб туриш, иложи борича моддий ёрдам беришдан, агар моддий ёрдам қўлидан келмаса, унга озор берадиган ишларни қилмасликдан иборатдир. Қадим аждодларимиздан  то бизгача давом этиб келаётган ажойиб ва савобли удумларимизга амал қилиб, қўшниларимиз билан таомларимиздан  улашиб туришимиз қўшниларимиз билан қўшничилик алоқаларини мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Тушунмовчилик орқали қўшнилар ўртасига баъзан хафачиликлар тушиб қолса, бир-бирлари билан узоқ вақт аразлашиб, гаплашмай, ҳатто саломлашмай юриш мусулмончиликка умуман тўғри келмайди. Ҳасан Басрий айтадиларки: “Ҳуснул живор”, яъни яхши қўшничилик деб фақат зарар етказмасликни эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб жанжал кўтаравермасликни айтурлар. Арабларда бир мақол бор: «Уйдан олдин қўшни ол, йўлдан олдин йўлдошни сўра».Бир жойга сафарга борасан, деса йўл қанча масофа ёки у ерда қанча вақт бўламан, деб эмас, ким билан бораман, деб сўранг. Агар йўлдошингиз яхши бўлса, сафарда машаққат кўрмайсиз.Уй оламан десангиз ҳам, ҳовлиси, иморати қандай экан, дейишдан олдин қўшнилари кимлигини ўйлаш керак. Қўшнилари иймонли, диёнатли бўлган жойда ҳар қанақа муаммо ҳал бўлиб кетади. Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан ҳаётлик даврида жаннатдаги қўшнисини кўрсатишни сўрабдилар. У кишига илҳом бўлиб фалон мамлакатдаги бир қассоб жаннатда қўшни экани билдирилибди. Излаб бориб, қарагач, Мусо алайҳиссалом қўшним шумикан, деб иккиланибди. Кейин яқинлашиб, бир кунга уйидан жой сўраб, бир кеча тунабди. Қараса, уйда саватда бир нарса осиғлиқ экан. Унда мункиллаб қолган қария онахон. Қассоб онасига ғамхўрлик қилиш учун уйланмай, фақат шу онаси учун яшаб, ишга кетганда шу саватга қўйиб кетар эканлар. Қайтганида сочини тараб, юз қўлини ювиб, таом бераркан. Бир кечада Мусо алайҳиссалом қассобнинг онасига қилган хизматини кўриб, «эй Парвардигор, розиман», деган экан.Жаннатдаги қўшниларимиз ҳам ана шундай инсонлар бўлиши учун биз ҳам атрофимиздаги қўшниларга чиройли муносабат қилишимиз даркор.

 

 

 

 

 

 

Таълим муассасаси ёшлар билан

 ишлаш маънавият ва маърифат ишлари

 бўйича бўлим бошлиғи                                             И.Уста-Алимова

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar