14.04.2023

Мусулмон раҳбарга қарши исён кўтариш шариатимизда жиддий жиноят

 

   “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шу хайрли ва оқибати яхшидир.Аллоҳнинг амрига бўйсуниш эса фарзи айндир. 

 

 Ушбу ояти каримада ишбоши деб келган сўзнинг тафсири борасида уламолар айтган фикрларни келтириб ўтмоқчимиз. Кўпчилик «ишбоши» деганда ҳокимнигина тушунади. Аслида оятда ҳамма ишбоши назарда тутилган. Фиқҳ илми уламоларимиз бу оятдаги «ишбоши»ларни шундай тушунтирганлар: фиқҳда ижтиҳод даражасига етган уламоларнинг жамланиб, бирор масала бўйича иттифоқ бўлиб қарор қилишлари ишбошиликдир. Яъни қайсики олим даражасидаги инсон бўлса унга бўйсунса, у чиқарган фатво ва қарорларга итоат қилса, буни шариатдан деб билса - оятдаги раҳбарга итоатни бажарган бўлади.  Улардан сўнг ҳокимлар ҳам “ишбоши” ҳисобланадилар. Улар токи шариатга зид бўлган ишга буюрмас эканлар, уларга ҳам қарши чиқиш оятдаги раҳбарга қарши чиқишни сафига киради. Ундан сўнг, оятдаги раҳбардан мурод, бу маҳалла оқсоқоли бўладими, мактаб директори бўладими, корхона бошқарувчиси бўладими, ҳатто уйимизни бошқариб турадиган отамиз ҳам шу оятдаги ишбошини тахтига тушади, уларга итоат қилишлик вожиб бўлади. 

 

قال النبيُ صلى الله عليه وسلم: لا طاعةَ لِمخلوقٍ في معصيةِ الخالقِ

               

 (متفق عليه)     

 

Ҳасандан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Холиқнинг маъсиятида махлуқга итоат йўқ» – дедилар”. Ибн Абу Шайба ривоят қилган. (Муттафақун алайҳ)

         Соф аҳли суннат йўлида юраман деган ҳар қандай мусулмон киши, ҳукумат қарори ёқмаган пайтда ҳам, унга бўйсунишдан бош тортмайди. Жамиятдан ажралмайди, халқ тинчлигини бузмайди, давлатга қарши исёнчилик қилмайди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: «Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшо қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилиятда қолади». (Бухорий, китоб ал-фитан 7054. Муслим, китоб ал-имарот 1849. Доримий, китоб ас-сияр 2519. Имом Амад. Муснад 2491).

           Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни шарҳида шундай дейди:

 «Ибн Баттол айтган: бу ҳадисда султон агарчи золим бўлса ҳам унга қарши чиқилмаслигига ҳужжат бор. Фуқаролар ҳукумат раҳбари бўлиб турган султонга итоат қилиш ва унинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш вожиблигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. Шунингдек, султонга итоат қилиш унга қарши исён кўтаришдан яхшироқдир. Чунки султонга итоат билан кераксиз ғам-ташвишларга барҳам берилади ва қон тўкилишининг олди олинади». (Фатҳ ал-Борий. 13 – Ж. 9 – Б.).  Мусулмон раҳбарга қарши исён кўтариш шариатимизда жиддий жиноят бўлиб, истилоҳда «боғийлик» дейилар ва боғийларнинг жазоси ўлим ва бежаноза кўмилиш каби оғир ҳукмлар берилади. 

Юқорида ўтган оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, инсон доимо ўзидан юқори турган инсонларга итоат қилиб, буни Аллоҳ розилиги учун чин ихлос билан қилса жудаям катта савобга эга бўлади. Агарда итоат қилмаса оғир жазоларга йўлиқади.

Таълим муассасаси директори А. Иноятов

“Жо’йбори Калон” аёл-қизлар о’рта махсус  ислом таълим муассасаси ўқитувчиси  Жамилова Асила

Izoh qoldirish

Izohlar