ЗУЛФИЯХОНИМ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ
Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентда ҳунарманд-дегрез оиласида туғилган. Отаси заҳматкаш темирчи эди, онаси Хадича опа эса жуда кўп қўшиқ, эртак, афсона ва достонларни билар ва болаларга айтиб берарди. 1928 йилда бошланғич мактабни тугаллаб,Тошкент хотин-қизлар педагогика билим юртига ўқишга кирди. Ана шу йиллардан бошлаб, Зулфиянинг адабиётга бўлган қизиқиши кучайди. Навоий, Пушкин, Абдулла Қодирий, Ғайратий асарларини, Уйғун ва Ҳамид Олимжон каби ёзувчи шоирларнинг ижодини қизиқиб кузатди. Ўқиш ва ўрганиш ўз навбатида унинг қўлига қалам олишга илҳомлантирди. Шу тариқа бадиий истеъдоди намоён бўла бошлади. 1930 йилдан бошлаб “Ишчи”, “Туркистон” газеталари, “Болалар”, “Янги йўл” журналларида ёш шоиранинг дастлабки шеърлари кўринади. 1932 йилда ўн саккиз ёшли шоиранинг биринчи шеърлар тўплами- “Ҳаёт варақлари” босилиб чиқади. Зулфия доимо изланишда, ўқишда ўз ижодини янада серқиррали бўлиши учун сидқидилдан ҳаракат қилди. 1933 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олди.. 1935-1938 йилларда эса А.С.Пушкин номидаги тил ва адабиёт илмий текшириш институтида аспирантурада ўқийди. 1938-1940 йилларда Республика болалар ва ёшлар адабиёти нашриётида муҳаррир бўлиб ишлайди. Зулфиянинг илк шеърлари ўзининг ҳаётбахш руҳи билан китобхонларни ўзига жалб этди. У иккинчи жаҳон уруши арафасида таниқли шоирлар қаторидан ўрин олган эди. Зулфия урушдан кейинги йилларда тинч ижодий меҳнатда кишиларнинг матонати ва қаҳрамонлигининг юксак намуналарини кўрсатаётган замондошлари ҳақида, тинчлик ва дўстлик ҳақида китобхонларга манзур бўлган ажойиб шеърлар яратди. Шоиранинг “Хулкар” (1947), “Мен тонгни куйлайман” (1950), “Дугоналар билан суҳбат” (1953) каби тўпламларидаги шеърларида ўзбек қизи – Зулфиянинг овози она қалбини, аёл назокатини, инсон орзусини куйлаган оташин шеърлари фақат Ўзбекситондагина эмас, бутун Осиё ва Африка мамлакатларида ҳам китобхонлар диққатини жалб қилди. Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамоат ва давлат арбоби Зулфия, хорижий мамлакат тараққийпарвар ёзувчилари ва давлат арбобларининг меҳмони сифатида жуда кўп мамлакатларда бўлган эди. Ўзбек-ҳинд дўстлиги, Ўзбекистон Жамиятининг президенти сифатида ўзининг бутун ижоди ва ижтимоий фаолияти билан тинчлик ишига, халқларнинг дўстлиги ва биродарлиги ишига катта ҳисса қўшиб келган. Зулфия асарлари кўплаб чет тилларда, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларида нашр этилган. Зулфия “Халқаро Жавоҳарлал Неру” (1968), “Нилуфар” (1971) мукофотлари ҳамда “Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти” (1970) лауреати, шунингдек, у Болгариянинг “Кирилл ва Мефодий” (1972) орденига сазовор бўлган. Зулфия А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.А.Некрасов, М.Воҳиф, Л.Украинка, М.Дилбозий, С.Капутикян, э.Огнетсвет, Мустай Карим, Амрита Притам, Е.Багряна ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Зулфиянинг қудратли овози, майин ва меҳр тўла қўшиқлари, ўзбек хотин-қизларининг бахтиёр тақдирини, тинчликка ва озод меҳнатга ташна инсонларнинг орзуларини ифодалаган ҳароратли шеърлари ҳозирги кунда ҳам баланд янграмоқда. Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди. Тошкентдаги майдонлардан бирига Зулфия ҳайкали ўрнатилди, кўчалардан бирига эса Зулфия номи берилган. Биринчи Президентимиз И.Каримов айтганларидек, Зулфия ижоди – миллионлаб кишиларга, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ бермоқда, садоқат ва вафо рамзи бўлиб яшамоқда. Камалак етти рангда етмиш хил жилоланиб, барчани мафтун қилгандек, Зулфия тонгнинг ўзидай рост ва ёрқин хақиқатга йўғрилган поезияси билан (“Кечир, қолдим ғафлатда”, “Не балога этдинг мубтало”, “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Хотирам синиқлари” каби шеърларида садоқат ва вафо туйғусини – инсонийликнинг, комилликнинг бош мезони даражасига кўтарган. У болалар ва ўсмирлар учун ҳам кўплаб тўпламлар нашр эттирган. Атоқли шоира 81 ёшида, 1996 йил августда вафот этди.
•Ta'lim muassasasi axborot resurs markazi bo'limi Shomurotova G.
Izoh qoldirish