Мусулмоннинг обрўсини тўкиш ҳаромдир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Исломда ҳар бир мусулмон шахснинг обрўси шариат қонуни билан ҳимояланган бўлиб, унга дахл қилиш ҳаром қилинган маънавий жиноятлардан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида юз мингдан зиёд саҳобалар олдида ваъз қилар экан, жумладан шундай деган эдилар:
إن دماءكم و اموالكم و اعراضكم حرام عليكم كحرمة يومكم هذا في شهركم هذا في بلدكم هذا ألا هل بلغت؟
Албатта, бир-бирингизнинг қонингиз, молингиз, обрўйингизга дахл қилмоқ худди шу бугун (қурбон ҳайити куни назарда тутилган) шу ойда шу шаҳар (Макка)да (бошқа жиноятлар қилиш ҳаром бўлгани каби) ҳаромдир! Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!
Афсуски, ижтимоий тармоқларда мусулмонлар бир-бирини ҳақорат қилиши, туҳмат, ҳаттоки бўҳтон қилиши, обрўйига путур етказиши, ғийбат қилиши, ўзининг она юрти ва жамиятда фитна уруғларини сочиши кузатилиб турибди. Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
﴿لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ، يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ﴾ (رواه الإمام أبو داود عن أنس رضي الله عنه)
яъни: “Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда, бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб – уларни ғийбат қилиб, обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Абу довуд ривоятлари). Ушбу ҳадиси шариф динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли эканига яққол далилдир. Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири – ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир. Шундай экан, бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Мўмин-мусулмонларни мана шундай фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган ёлғон хабарларни тарқатмасликка чақирамиз. Аллоҳ таоло Ҳумаза сурасининг 1-оятида марҳамат қилади: «Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин».Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллар билан тўкувчи одам араб тилида “ҳумаза” дейилади. Одамларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи “лумаза” дейилади. “Вайл” жаҳаннамдаги бир водийнинг номи ёки “ҳолига вой”, “ҳалок бўлсин” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўплаб неъматларни ато этди. Буларнинг шукрини қилиб, тўғри йўлда сарфлаб, фойдаланмоқ мақсадга мувофиқдир. Роббим барчамизни бир-биримизга нисбатан ҳурматли бўлишимизни насиб этсин!
Таълим муассасаси Ёшлар билани ишлаш
маънавият ва маърифат ишлари
бўйича бўлим бошлиғи: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish