09.12.2022

ЎРТА АСР ШАРҚ АЛЛОМАЛАРИНИНГ ИСЛОМИЙ-ҒОЯВИЙ ҚАРАШЛАРИ ДУНЁ ҲАМЖАМИЯТИ НИГОҲИДА

 Инсон ўз даврининггина эмас, ўз тарихи, ўз авлодининг фарзандидир. Биздаги ғурур, ифтихор, инсонийлик ўтмиш авлоддан мерос бўлиб қолган. Шунинг учун ўзини аждодларнинг маънавий вориси сифатида тасаввур қилмаган одам, тўла маънода шахс бўлиб етиша олмайди[1]. Жамият ҳам ўз тараққиётига эришиш йўлида ҳамиша илдизи орқали унинг танига сингган халқнинг асл фарзандлари илмдан озиқланиб боради.

 Ислом дини Ўрта Осиё халқлари тарихида, унинг маданияти ва цивилизацияси шаклланишида катта роль ўйнаган. У бошқа динлардан фарқли равишда фақат таълимот ва мафкуранигина эмас, балки сиёсат ва ҳаёт тарзи ҳам эди. Ислом динига хос ана шу универсаллик мусулмонлар маънавиятининг ҳамма соҳаларини қамраб олган. Қуръон, шариат ва ҳадисларга ҳар бир мусулмоннинг ижтимоий, сиёсий, ахлоқий, ҳуқуқий, маиший ва ҳоказо фаолияти қатъий белгиланган ва тартибга солинган. Бу эса кишилар ўртасидаги муносабатларни такомиллаштиришга, бойлик ва қашшоқлик, донишмандлик ва нодонлик ва оқиллик ва жоҳиллик ўртасидаги зиддиятларни мумкин қадар бартараф этишга имкон беради. Марказий Осиё тарихида сиёсий ақл-идрок билан маънавий жасоратни, диний дунёқараш билан қомусий билимдонликни ўзида мужассам этган буюк арбоблар кўп ўтган. Имом Бухорий,Термизий, Хожа Баҳовуддин Нақшбандий, Аҳмад Яссавий, ал-Хоразмий, Беруний, ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб буюк аждодларимиз миллий қадриятимизни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшдилар. Имом ал-Бухорий ва Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийларнинг ҳаёти ва илмий мероси ислом оламида айниқса, муҳим манбалар ҳисобланиб, улар яшаган давр ҳадис илмининг ривожидаги олтин давр ҳамдир. Ислом дунёсидаги энг нуфузли манбалар деб тан олинган 6 та ишончли ҳадислар ( Ас сиҳоҳ ас-ситта ) ҳам уларнинг номлари билан боғлиқдир.

 Имом ал-Бухорий умри давомида илм излаб саёҳат қилган ва у “Ҳадис илмида Амир ал-Мўминийн” деган шарафли номга сазовор бўлган. Имом ал Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал – Адаб ал-муфрад” асарлари айниқса, катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг ҳадислар тўплами Қуръондан кейинги иккинчи ўринда турадиган манба дея эътироф этилади. 1998 – йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони Билан буюк ҳадисшунос олимнинг 1225 йиллик таваллуд кунининг нишонланди ва Имом ал-Бухорий мақбарасининг қайта тикланиши тарихий воқеа бўлиб қолди[2].

 Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ҳам ҳадисшунос олим сифатида Шарқ алломалари орасида алоҳида ўринга эга. Ат-Термизийнинг “Ал-Жомиъ”, “Аш-Шамоил ан-Набавия”, “Ал-илал фил-ҳадийс” каби асарлари айниқса, ислом оламида машҳурдир. “Аш-Шамоил ан-Набавия”        асари пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, суврат ва сийратлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни ўз ичига олган муҳим манбадир.

 Яна буюк аждодларимиздан Абу Мансур ал-Мотуридий сунъий эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридия оқимининг асосчиси. Мотуридий Самарқандда дастлабки илмларни ўрганиб, «Ҳанафия» мазҳаби олимларидан сабоқ олган ва фақиҳлар ҳамда муҳаддислар билан доимий мулоқотда бўлган. Абу Мансур ал-Мотуридий ислом динидаги сунъийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳ ва каломга оид китоблар ёзган. Унинг «Китоб ат – тавҳид», «Таъвилот ал-Қуръон » асарлари айниқса машҳурдир. Абу Мансур ал-Мотуридий ислом дини «Ҳанафия» мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқалиши ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказишда катта ҳисса қўшганлиги дунё олимлари томонидан эътироф этилган. Мотуридий «Имом ал-мутакаллимин» (Ҳидоят йўли имом ва мутакаллимлар имоми ) дея эътироф этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 – декабрда қабул қилинган қарорига биноан 2000 йилда алломанинг 1130 йиллиги таваллуд санасининг нишонланган.

 Абу Бакр ибн Али Исмоил Қаффол аш-Шоший ( 903 -976 йй )нинг ҳам қонуншуносликка оид асарлари ислом мамлакатларига кенг тарқалган. У ёшлигидан Имом ал-Бухорий ва Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийларнинг илмий меросини ва умуман фиқҳ билимларини атрофлича ўрганади.[3] У илм излаб Ҳижоз, Боғдод, Дамашқ каби шаҳарларга боради. Қаффол аш-Шошийнинг қонуншунос ва тарих бўйича устози Абу – Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийдир. Аш-Ашъарий Қаффол аш-Шошийнинг иккинчи устози бўлиб, ундан калом илмини ўрганади. Қаффол аш-Шошийнинг «Одоб ал-Қози», «Одоб ал-Баҳс» асарлари жуда машҳурдир. Қаффол аш-Шоший « Ҳазрати Имом » дея улуғланади.

 Шарқда яшаб öтган ва жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қöшган буюк аждодларимиз халқимизнинг миллий ифтихори бўлиб қолдилар. Уларнинг номлари жаҳон Цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссалари ҳозирги кунда бутун дунёга маълум.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

  1. Маънавият юлдузлари. Т., «Фан»,1999.
  2. Ислом энциклопедияси. Т., 2004.
  3. Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. Т, 2000.
  4. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ҳадис 1-4 жилд Т, 1997.
  5. Абдураҳмонов Абдулҳай Саодатга элтувчи билим И-ИИ китоб.Т, «Мовароуннаҳр» 2003.
  6. «Имом ал-Бухорий ва унинг дунё маданиятида тутган ўрни» мавзуидаги халқаро илмий конференция материаллари. Самарқанд, 1998.
  7. Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб. Т, 1997.
  8. Хайруллаев М. Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири. Т, 1971.
  9. Зоҳидий А. Туркистонда ўрта аср араб – мусулмон маданияти. Т, 1990.
  10. Иброҳим Микоил ўғли Велиев. Қоффол Шоший. Қисқача маълумотнома. Т, « Истиқлол », 2005.

[1] И. Раҳимов , А. Отамуродов «Фанларнинг фалсафий масалалари». Т., 2005. Б- 121

[2] Маънавият юлдузлари. Т., «Фан», 1999 Б -78

[3] Иброҳим Микоил ўғли Велиев. Қоффол Шоший. Қисқача маълумотнома. Т, « Истиқлол », 2005. Б-32

Дилноза ФАЙЗИЕВА,

Бухоро вилояти Юридик техникуми ўқитувчиси

 

Izoh qoldirish