Ҳадис истеълоҳларини қўлланишида ҳанафий мазҳабининг тутган йўли
Фақиҳларнинг ихтилофларининг сабаблари мавзуси ҳар бир мусулмон кишининг илмий ва амалий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.
- Илмий ҳаётидаги аҳамияти Исломнинг буюк имомлари ушбу ҳаниф диннинг ҳукмларини унинг асосий манбалари бўлмиш Аллоҳ таолонинг Китоби ва Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан истинбот қилишдаги моҳирликлари ва бу борада қанчалар жидду жаҳд сарфлаганларига гувоҳ бўлишида ўз аксини топади.
- Амалий ҳаётидаги аҳамияти эса ибодат, муомалот ва ахлоқ одоб масалаларида киши ўз ишининг тизгинини топширган, ўзи билан Робби азза ва жалла ўртасида воситачи қилган имомлари қай даражада омонатдор кишилар эканига ишонч ҳосил қилишида ўз аксини топади.
Булар орасида ҳанафий мазҳабига тўхталишимизнинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат.
- Ҳанафий мазҳаби пайдо бўлиши ва шаклланиш даврига кўра барча мазҳаблардан пешқадамлиги;
- Унинг асосини фақатгина қиёс ва раъй эмас, балки суннати мутоҳҳаро ташкил этгани;
- Мусталаҳул ҳадис уламолари билан нозик нуқталарда фарқлар айнан шу мазҳабда кўрингани;
- Ҳозирги кунда ҳам бу мазҳабга эргашувчилар сонининг кўплиги ва мавзуга бўлган эҳтиёжнинг катталиги.
Ҳанафий мазҳаби усул ва қоидалар асосида шаклланган мазҳабдир. Бу қоидалар Қуръони карим ва ҳадиси шариф асоида эканига шак шубҳа йўқдир.
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “ Модомики одамлар орасида ҳадис талабида юрганлар бор экан, улар яхшиликда бардавом бўладилар. агар улар илмни ҳадиссиз талаб қилгудек бўлсалар, барбод бўладилар.”[1]
Яна бошқа ўринда: “Аллоҳнинг динида ўз раъйингиз билан асло бир сўз айта кўрманг. Суннатга эргашинг, чунки ким суннатдан четга чиқса, адашади”, деганлар[2]
Ҳанафий мазҳабининг ўзига хос ёндашувлари.
Ҳанафий уламолар жумҳур муҳаддислардан фарқли равишда хабарни етиб келиш йўлига кўра уч қисмга тақсимлайдилар.
Мутавотир
Машҳур
Оҳод
Машҳур ҳадисни оҳоднинг таркибига киритмасдан алоҳида ўрганганлар. Шунга кўра унга қуйидагича таъриф берганлар.
У асли оҳод бўлган ҳадис бўлиб, ҳижрий иккинчи ва учинчи асрда яшаган кўп сонли ровийлар уни ривоят қилган. Шу ўринда бир эслатма борки, мазҳабимиз уламолари иккинчи ва учинчи аср билан қайдладилар. Чунки барча оҳод ҳадислар шу даврда машҳурга айланди.[3]
Кейингиси ҳадиснинг саҳиҳ бўлиши учун қўйилган баъзи шартлардаги ихтилоф.
Муҳаддислар ҳадис саҳиҳ бўлиши учун бешта нарсани шарт қилиб қўядилар.
Биринчиси: санади бардавом уланган бўлиши.
Иккинчиси: ровийларнинг адолатли бўлиши.
Уламолар истеълоҳида: “Адолат кишидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакадир”. Ровийда адолат бўлиши учун унда қуйидаги тўртта шартнинг бўлиши талаб этилади:
1. Ислом
2. Балоғат. Балоғатга етмаганларнинг ривояти қабул қилинмайди.
3. Ақл, яъни соғлом ақлли бўлиши керак.
4. Тақводорлик.
Учинчиси: ровийларнинг зобтли бўлиши.
Тўртинчиси: хадис шоз бўлмаслиги.
Бешинчи: ҳадис иллатли бўлмаслиги.
Ҳанафий уламолар ҳадис қабул қилиниши учун ровийда тўрт нарсани шарт қилиб қўйганлар:
1. Ақл
2. Зобт
3. Ислом
4. Адолат
Бу сифатлар жумҳур зикр қилган икки сифатни, яъни зобт ва адолатни остига киради
Тўртинчиси: ҳадис шоз бўлмаслиги.[4]
Шоз ҳанафий уламолар наздида иккига бўлинади:
1. Оммавий эҳтиёжга айланган нарсаларда сиқо ровийнинг ёлғиз бўлиб қолиши.
Бир ишончли киши ҳаммага умумий бўлган масалада ёлғиз ривоят қилди. Унинг фикри олинмайди. Чунки агар у ҳадис бўлганида эди, инсонларнинг эҳтиёжига тегишли бўлгани учун машҳурга айланарди. Ровийнинг ўзи ривоят қилган нарсасида бир неча сиқоларга хилоф қилгани унинг ривояти олинмаслигига яна бир сабабдир.
2. Қуръон, мутавотир ҳадис, ижмоъ ёки ақлга хилоф бўладиган нарсаларда сиқо ровийнинг ёлғиз бўлиб қолиши.
Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи: “шоз ҳадислар қабул қилинмайди. Фақиҳлар орасида машҳур бўлган ва Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келадиган ҳадисларни лозим тутинг”,деганлар.
Бешинчи: ҳадис иллатли бўлмаслиги.
Муттасиллик масаласига алоқадор нарсалардан яна бири мурсал ҳадисдир.[5]
Жумҳур муҳаддислар мурсал ҳадисни заиф, ҳужжат эмас, дейишган.
Абу Ҳанифа ва имом Молик: “Мурсал ҳадис ҳужжат, унга амал қилинади”, деганлар.[6]
Уч мазҳаб имомлари ёки улардан бири мурсал ҳадисга суяниб чиқарган шаръий ҳукм муҳаддислар наздида ҳужжат эмас.
Лекин мурсал ҳадислар сони оз эмас. Шунинг учун Баздавийнинг “Усул” китобининг шарҳида Ало Бухорий раҳимаҳуллоҳ: “Мурсал ҳадисни инкор қилиш билан кўп суннатлар йўққа чиқади. Чунки мурсал ҳадислар жамланганда еллик жузга етган”, дейдилар.
ХУЛОСА
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, уламоларнинг ихтилофлари уммат учун раҳмат ва кенчиликдир. Ўзи эргашган мазҳабини мукаммал ўрганиш ва унга тўлақонли амал қилиш учун киши бу борада ҳам зарур илмларга эга бўлиши керак.
Ҳанафий уламоларнинг мутсалаҳул ҳадис илмидаги ўзига хос ёндашувлари уларнинг суннати мутоҳҳародан қандай шаръий ҳукмларни келтириб чиқарганларини кўрсатиб берувчи воситалардан бири ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят ва рушд йўлида бардавом қилсин. Саййидимиз, мавломиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин.
Жўйбори Калон аёл қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Жамилова Асила
[1] Аллома Шаъроний, Мезонул Кубро, 1 жилд. Б.51.
[2] Муҳаммад Аввома, “Асарул ҳадиси шариф”. Б.23
[3] Қоваид фий улумил ҳадисин набавий аъла манҳажи садатил ҳанафия. Абдул Мажид Жузжоний, Дарил улумид Девбан, Б.27
[4] «Шоз» дегани, ровий санади ва матнида ишончли кишиларнинг айтганига тескари зиёда ёки нуксон киритган бўлмасин‚ деганидир. Агар озгина ўзгариш бўлса ҳам, ҳадиснинг саҳиҳлиги қолмайди.
[5] Мурсал ҳадис тобеъинни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғловчи восита тушиб қолган ҳадисдир.
[6] Имом Аҳмаддан ҳам бир ривоят бор.
Izoh qoldirish