26.11.2022

ЎЛИМ ФАРИШТАСИ ҲАҚИДА ВАЪЗ

ЎЛИМ ФАРИШТАСИ ҲАҚИДА ВАЪЗ 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотимаи Заҳро вафот этганларида, у кишининг жанозаларига тўрт киши – Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу, икки ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн, Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳозир бўлди. Қабрга қўйган вақтларида Абу Зарр айтдилар: “Эй қабр! Сенга кимни олиб келганимизни биласанми? У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари, Алининг розияллоҳу анҳу жуфти ҳалоли, Ҳасан ва Ҳусайннинг оналари Фотимаи Заҳродир”. Шунда улар қабр томондан: “Мен ҳасаб ва насаб ўрни эмасман. Фақатгина солиҳ амал ўрниман. Мендан фақат яхшилиги кўп, қалби саломат, амали солиҳ бўлганларгина саломат қолади”, деган нидони эшитдилар.

Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Қабр азобидан саломат бўлишни истаган киши тўрт нарсани лозим тутиши ва тўрт нарсадан четланиши керак. Лозим тутиши керак бўлган тўрт нарса: намоз, садақа, Қуръонни кўп тиловат қилиш, тасбеҳни кўп айтиш. Булар қабрни нурафшон ва кенг қилади. Четланиши лозим бўлган тўрт нарса: ёлғон гапириш, хиёнат қилиш, чақимчилик, тик туриб бавл қилиш”.

Абу Бакрдан розияллоҳу анҳу: «“Жон танадан чиққандан кейин қаерга кетади?” деб сўрашганда, у киши: “Етти жойга кетади. Пайғамбарларнинг руҳлари Адн жаннатига, уламоларнинг руҳлари Фирдавс жаннатига, саодатли кимсаларнинг руҳлари иллиййинга, шаҳидларнинг руҳлари жаннатда хоҳлаган ерларида учиб юрадиган қушларнинг ичига кетади. Гуноҳкор мўминларнинг руҳлари қиёматгача осмон билан ернинг ўртасида муаллақ туради. Мўминлар фарзандларининг руҳлари мушкдан бўлган тоғда бўлади. Кофирларнинг руҳлари сижжинда қиёматгача жасадлари билан бирга азобланади».

"Мусулмон учун 30 ваъз" китобидан.
 

Izoh qoldirish