22.11.2022

ТАШРИҚ ТАКБИРИ ҲУКМЛАРИ

“Ташриқ” сўзининг луғавий маъноси “қуёш зиёсида гўшт қуритиш”дир. Арабларда ҳайитнинг биринчи, иккинчи, учинчи кунлари қурбонлик гўштларини қуритиш одат бўлгани учун бу кунларга “ташриқ кунлари” деб ном берилган. Баъзи олимларга кўра, бу сўзнинг “жарангдор овозда такбир айтиш” маъноси ҳам бор. Арафа куни бомдод намозидан (яъни, Зулҳижжа ойининг тўққизинчисидан) бошлаб, ҳайитнинг тўртинчи (Зулҳижжанинг ўн учинчи) куни аср намозигача (аср намози билан бирга 23 вақт) ҳар бир фарз намози ўқилганидан сўнг, якка ўзи намози ўқувчи, жамоатга қатнашган, имом, муқим, мусофир, шаҳарлик, қишлоқлик, аёл, эркак – ҳар бир намозхоннинг ташриқ такбирларини айтиши вожибдир.Агар ўша 23 маҳал намозни қазо қилса, унинг қазосини ташриқ кунларидан бошқа вақтларда ўқиса ҳам ортидан такбир айтади. Чунки қазо аслида вақтида ўқилган намоздан ҳисобланади. Бунинг акси ўлароқ, агар ташриқ кунларидан олдинги намозлар қазосини ташриқ кунларида ўқиса, улардан кейин такбир айтмайди. Агар имом такбирни тарк қилса ҳам имомга эргашувчи тарк қилмайди.

Ташриқ такбирлари қуйидагича айтилади:

أَللهُ أَكْبَرُ ، أَللهُ أَكْبَرُ ، لآ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ ، أَللهُ أَكْبَرُ وَللهِ الْحَمْدُ.

Ўқилиши: “Аллоҳу акбар, аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, аллоҳу акбару ва лилллаҳил ҳамд!”

Таржимаси: “Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир, барча мақтовлар У Зотга хосдир!”

 

Таълим муассасаси маънавият ва маърифат 

ишлари бўйича директор ўринбосари:                            И.Уста-Алимова

Тошхўжаева Моҳларойим Миродилжон қизи 3 курс талабаси

Izoh qoldirish