Дуо қилганда кафтни юзга суртиш суннат
Дуо – ибодат турларидан бири бўлиб, инсон руҳига қўшиб яратилгандир. Қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қилади. Ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ
“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору-зор холларида кирурлар” – деди.”[1]
Мана шу оятда Аллоҳ дуони “ибодат” деб атаган. Кимки ундан юз ўгирса Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган. Инсон Роббисига илтижо қилиб дуо қилар экан, ўзининг муҳтож, ожиз банда эканлигини эътироф этиб, намоён қилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилади:
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ
“Сиздан (Эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватимни) ижобат (этиб), Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар”[2]
Аллоҳ таоло бу оятда банданинг дуосини ижобат қилишини ваъда қилар экан, бунинг учун банда Унинг талабини сўзсиз бажариши ва чақириғига доимо лаббай деб жавоб бериши лозимлигини таъкидламоқда. Чунки Аллоҳ таоло бой, беҳожат, меҳрибон зот, бергани билан молу мулкидан заррача камаймайди.
Яна ушбу оятда Парвардигорига дуо қиладиган кишини бандам деб таърифлаяпти. Демак, дуо бандачиликнинг бир кўриниши экан. Дуо қилган бандасини Аллоҳ таоло яхши кўрар экан.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " سَلُوا اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ فَضْلِهِ ، فَإِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يُحِبُّ أَنْ يُسْأَلَ مِنْ فَضْلِهِ ، وَأَفْضَلُ الْعِبَادَةِ انْتِظَارُ الْفَرَجِ "
“Аллоҳдан у зотнинг фазлидан сўранг, чунки Аллоҳ фазлидан сўралишини яхши кўради ва ибодатларнинг афзали енгил бўлишини кутиш”
Роббул оламийн мўмин банларига дуо қилиш одобларини ўргатиб шундай марҳамат қилади:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
“Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан у ҳаддан ошувчиларни севмас”[3]
Аллоҳ таоло дуода тазарруъ – ёлвориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда. Ҳанафий уламолари ушбу оятдан намоздаги фотиҳа сурасидан сўнг “Омин” сўзи дуо бўлгани учун махфий айтиш кераклигини далил ўлароқ айтганлар.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم قال: ”منْ لم يَسألِ الله يَغْضَبْ عليهِ“
“Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади”
Муҳтарам жамоат, дуо қилмаслик, Аллоҳ таолодан сўрамаслик бу кибрнинг аломатларидан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим ҳар бир ҳолатда дуо қилиб турганлар. Муҳаддислар дуо борасидаги барча ҳадисларни тўплаб китоб қилишган. Фақиҳлар дуонинг тартибларини ўрганиб қаерда қандай дуо қилишни ўргатганлар.
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий роҳматуллоҳи алайҳ: “Дуо чоғида икки кафтни осмонга кўтариш Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам сўзда, ҳам амалда собит бўлган суннатдир.
Имом Абу Довуд келтирган ҳадисда: Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِىِّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« إِنَّ اللَّهَ حَيِىٌّ كَرِيمٌ يَسْتَحْيِى إِذَا رَفَعَ الرَّجُلُ إِلَيْهِ يَدَيْهِ أَنْ يَرُدَّهُمَا صِفْرًا خَائِبَتَيْنِ ».
“Албатта, Аллоҳ таоло ҳаёли ва сахий зотдир. У зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан уялади”, дея марҳамат қилганлар. Бундан ташқари Расули Акрамнинг истисқо куни, “Бадр” воқеаси юз берадиган кечада кафтларини очиб турганлари, “Биъри мауна”да ўлдирилганларга жаноза намозларида дуо қилган муддатларича кафтларини очиб турганлари ҳам ривоят қилинган.
Имом Ибн Можа келтирган ҳадисда: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عن ابن عباس رضي الله عنهما قال : قال النبي صلى الله عليه وسلم : (إذا دَعوتَ اللَّهَ فادعُ بباطنِ كفَّيكَ ، ولا تدْعُ بظُهورِهِما ، فإذا فرغتَ فامسَح بِهِما وجهَكَ
“Аллоҳга дуо қиладиган бўлсангиз, кафтларингизнинг ичи билан (яъни кафтларингиз ичини осмонга қилиб) дуо қилинг. Усти билан дуо қилманг (яъни дуода кафтларингиз устини тепага қаратманг) Дуодан фориғ бўлгач, қўлларингизни юзингизга суртинг!”
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилиб дедилар:
عنِ عُمَر قال: "كان النَّبيُّ صلَّى الله عليه وسلَّم إذا رَفَع يديْهِ في الدُّعاء لا يَحُطُّهما حتَّى يَمسح بِهما وَجْهَه"
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўлларини кўтарганларида то уларни юзларига суртмагунларича туширмас эдилар”
“Ад-Дур ал-мухтор” китобида келади: “Сафо, Марва ва Арафотда эса худди дуодаги каби қўлларини кўтаради. Бу ўринда ва истисқо намозида қўлларни кўтариш мустаҳаб ҳисобланади. Хуллас, қўлларини кўкси баробарида осмонга қаратиб очади. Чунки, само дуонинг қибласидир. Икки қўли орасини (ёпиштирмасдан) бироз очиқ жой қолдиради... Ундан (яъни дуодан) кейин (қўлни) юзга суртиш (мазҳабимиздаги турли қавллар ичидан) энг саҳиҳига кўра суннатдир”.
Абу Нуъаймдан – у Ваҳбдир – ривоят қилинади: «Ибн Умар ва Ибн Зубайрнинг дуо қилаётганларини, икки кафтларини юзларига суртаётганларини кўрдим».
Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо энг улуғ саҳобалардан. Икковлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин бўлган зотлардан.
Айниқса Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир қилган ишларини – у ҳамма учун суннат бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос амал бўлса ҳам – ҳаммасини ипидан игнасигача аниқ бажариб, амал қилиб юрган зотдир. Амал қилганда ҳам, у зотга ўхшатиб, қилча ўзгартирмай амал қилиб юрганлар. Шу зот дуо қилганларида икки кафтларини юзларига суртар эканлар.
Доктор Ваҳба Мустафа Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳнинг “Ал фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу” номли китобида намоздан кейинги дуони қачон қилса тўғри бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Намоздан кейин зикр ва маъсур дуони (салафи солиҳийнлардан нақл қилинган дуоларни) қилиш Бомдод ва Аср намозларига ўхшаш ортидан суннати йўқ намозларда фарздан кейин қилинади. Аммо Пешин, Шом ва Хуфтон намозига ўхшаш ортида суннати бор намозларда суннатдан кейин дуо қилиш суннатдир. Чунки истиғфор намознинг нуқсонини тўлдиради”.
Ҳанафий мазҳабида, суннат намозлар фарзларни тўлдирувчи ҳисобланади ва шунинг учун, суннатни ҳам ўқиб олгандан кейин, намознинг нуқсонлари ҳам тўлиб, дуо қабул бўлиш ҳолати мукаммал бўлганидан кейин дуо қилинади.
Мавлянов Жамол
Izoh qoldirish