Косметик жарроҳлик ва унинг ҳукми
Бугунги кунда аёлларимиз орасида муслималарга косметик жарроҳлик хизматлари ёки унинг баъзи турларидан фойдаланишга шариатимизда рухсат бериладими? деган савол кўп такрорланмоқда.
Маълумки, ислом дини Қиёматгача келадиган барча инсонлар учун юборилган бўлиб, замонлар ўзгариши билан пайдо бўладиган янги ҳолатлар бўйича туғиладиган масалалар юзасидан шу замоннинг фақиҳлари Қуръон, Суннат, Қиёс ва Ижмоъга асосланган ҳолда янги масала юзасидан ижтиҳод қилиб, ҳукм чиқаришади. Ҳозирги кунда бундай масъулиятли вазифани адо этувчилардан бири Ислом Конференцияси ташкилоти ҳузуридаги Халқаро Ислом Фиқҳи Академиясидир.
Косметик жарроҳлик ва унинг ҳукми мавзуси бўйича тақдим қилинган илмий иш-лар ўрганиб чиқилиб, у ҳақида бўлиб ўтган баҳс-мунозараларни тинглаб, Халқаро Ислом Фиқҳи Академияси қуйидагича қарор қабул қилган:
I. Косметик жарроҳликнинг таърифи:
Косметик жарроҳлик инсоннинг ташқи жисмидаги аъзоларидан бирини ўзгартириш орқали чирой киритиш ёки шикаст етганлиги сабабли вазифасини қайта тиклашга хизмат қиладиган жарроҳликдир.
II. Косметик жарроҳликдаги умумий шартлар:
1. Жарроҳлик вазифани йўлга қўйиш, айбни ислоҳ қилиш ва хилқатни аслига қайтариш мақсадида бўлиши лозим.
2. Бу ишни мутахассис ва ишончли кишилар амалга ошириши лозим. Токи умид қилинган манфаат ўрнига зарар ошиб кетмасин.
3. Жарроҳлик амалиёти беморнинг розилиги билан бўлиши лозим.
4. Табиб онгли ва юзага келиши мумкин бўлган хатарларни кўра олиши лозим.
5. Жарроҳликдан фойдалироқ бошқа муолажа бўлмаслиги лозим.
6. Шариатга хилоф бўлмаслиги керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) қилган ривоятда у зот: “Игна билан баданига сурат чизувчи ва чиздиртирувчини ва соч улайдиган ва улатадиганни , ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ халқ қилган нарсани ўзгартирувчини лаънатлаган”, деб айтдилар.(Имом Бухорий ривояти)
Ва яна Расулуллоҳ ўзини аёлларга ўхшатувчи эркакни ҳамда ўзини эркакка ўхшатувчи аёлни бундай қилишдан ман қилдилар.
7. Даволаниш қоидалари, яъни номаҳрам билан ёлғиз қолмаслик, авратларни очмаслик ва шунга ўхшаш нарсалардан четланиш. Зарурат учун ёки мажбур бўлганда зарари йўқ.
III. Шаръий ҳукмлар:
1. Косметик жарроҳлик зарурат ва ҳожат юзасидан шаръан жоиздир:
Жисмдаги аъзо шаклини Аллоҳ халқ қилган ҳолатига қайтариш;
Аллоҳ таоло Қуръонда бу ҳақда: “Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик” (“Тийн” сураси, 4-оят), деб айтган.
a) Жисм аъзосига таниқли маълум вазифасини қайтариш;
b) Халқий нуқсонларни тузатиш, масалан, дарз кетган лаб, қийшиқ бурун, хол, бармоқ ва тишларнинг ортиқчаси ёки бармоқ ёпишиб қолиб, унинг шундай туриши моддий ёки маънавий зарар келтирса;
c) Бахтсиз ҳодисалар, масалан, ёнғин ва касаллик туфайли етган нуқсонларни тузатиш учун. Масалан, терини ямаш, касалланган кўкрак қисми ёки ҳаммасини олиб ташлаш, соч тўкилиб кетганда соч экиш.
d) Бадбашараликни йўқотиш, хусусан, бу нафсий азиятга сабаб бўлса.
2.Косметик жарроҳлик амалиёти зарурий тиббий муолажа бўлмай, балки инсоннинг текис хилқатини ўз ҳавойи нафсига эргашиб ёки бошқаларга тақлид қилиб, рағбатларини рўёбга чиқариш мақсадида бўлса, жоиз эмас. Масалан, юз, бурун, лаб, кўз шаклини ўзгартириш, лунжни кенгайтириш каби.
3.Вазнни илмий воситалар билан камайтириш, агар вазн касаллик келтириб чиқарса, жарроҳликдан бошқа йўл қолмаса, зарар етмаслиги шарти билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш жоиз.
4.Ажинни жарроҳлик йўли билан ёки укол орқали йўқотиш, модомики, бу касаллик ҳолати бўлмаса, безарар бўлиш шарти билан ҳам жоиз эмас.
5. Қизлик пардасига бахтсиз ҳодиса ёки зўравонлик оқибатида ёки мажбурлаш билан шикастланган бўлса, уни тикиш жоиз. Аммо фоҳишалик сабаб қилган гуноҳини ёпиш учун бўлса, шаръан жоиз эмас.
Бу амалиётда аёл докторлар бошчилик қилмоғи лозим.
6. Мутахассис табиб тиббий амалларда шаръий қоидаларга амал қилмоғи ва жарроҳлик қилдираётганларга насиҳат қилиши лозим. Чунки “Дин насиҳатдир”, деб айтилган.
Табиб ва жарроҳларга қуйидагилар тавсия қилинади:
1. Шифохона ва хусусий клиника докторлари, Аллоҳга тақво қилишни лозим топинг. Амалиёт давомида ҳаром ишларга йўл қўйманг.
2. Хос тиббий машғулот ва косметик жарроҳликка тааллуқли нарсаларда фиқҳни билмоқлари ва у ишларида шаръий ҳукмни аниқламасдан фақат моддий манфаатни ўйламасликлари лозим. Ҳамда ҳаққа мухолиф бўлган савдога тарғиб қилувчи нарсага ҳам бормасликлари лозим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Кифоя” китоблари 3-жузи асосида “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ЎМИТМ услубий бўлим бошлиғи Н.Амонова тайёрлади
Izoh qoldirish