03.12.2021

Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида устоз М.Нўъмоновнинг қўлёзма шаклида ёзилган муқаддас Қуръон китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

 

        Жорий йилнинг 3 декабрь 2021 йил Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида устоз М.Нўъмоновнинг қўлёзма шаклида ёзилган муқаддас Қуръон китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотни  таълим муассасаси директори А.Иноятов табрик сўзи билан очиб бердилар. 

       Ҳамду сано ва салавотлардан сўнг аммо баъд: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм деб ўз нутқлари бошладилар қўлёзма муаллифи. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарларга тарқатилган Мусҳафлар кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилган. Ўша замонларда Мусҳафлар асосан кўфий ёзувида қўл меҳнати билан кўчирилган. Кейинчалик эса сулс, ёқут, насх ёзувувларида кўчирила бошланган.

НАСХ — хаттотлик услуби, араб ёзувидаги мумтоз хат услубларидан бири. 10-аср да куфий ёзуви заминида яратилган, ихтирочиси Ибн Муқла. Куфий ёзувини китобат санъатидан бутунлай сиқиб чиқаргани учун у насх номи билан аталган. Мумтоз хат услубларида бўлганидек бу хат услуби, асосан Қуръон, ҳадис, тафсир кўчиришда қўлланилган, кейинчалик илмий ва бадиий асарлар ҳам шу ёзувда битилган. Турли хат услублари ихтиро қилинганига қарамай, насх хати бугунги кунда ҳам матбуотда кенг қўлланилмоқда. Аммо насх хатининг ўзи турли мамлакатларда ёзиш услубларига кўра бир биридан фарқ қилади. Қадимда юртимизда бу санъат бениҳоя тараққий этгани сабаб унинг бир нечта мактаблари вужудга келган. 

Жумладан XVI – XVII асрларда Мир Убайд Бухорий томонидан Бухорода насх хати асосида янги хат равиши “Насхи Бухорий” (“Мир Убайдий”) хати яратилган. Бу хат насх хатидан кўра каттароқ (йирикроқ) бўлиб, у жозибадорлиги ва мўъжизакорлиги билан ҳар қандай кишини ҳам ўзига мафтун этади. Ушбу хат билан Мир Убайд Бухорийнинг довруғи ва таърифи тез орада бутун Ўрта Осиё бўйлаб кенг тарқалган. Шу тариқа ушбу хатнинг ихлосмандлари ва ҳаваскорлари ҳам кўпайиб кетган. Қуръони карим нусхалари ва саловотлар асосан шу хатда кўчириладиган бўлган. Мир Убайд “Насхи Бухорий”ни ихтиро қилгандан кейин барча хаттотлар жумладан қори Мирфайз, қори Абдулвоҳид, Қори Аҳмад, Мирзо Ҳошим, Абдуллоҳбек ва бошқалар унинг равишини жон-диллари билан ихтиёр қилдилар. Бу равишда ёзиш ҳам, уни ўқиш ҳам аввалги насх хатига қараганда осон ва содда энг муҳими ёзиш ва ўқиш жуда қулайдир.

Шуни алоҳида таъкиддаш лозимки бугунги кунда юртимизда бармоқ билан санарли даражада оз қолган хаттотларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни шу соҳага йўналтириш орқали унутилаёзган хаттотлик мактабларини қайта тиклаш ишларида Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси мударриси, манбашунос, хаттот устоз Абдулғафур Раззоқов бош қош бўлмоқдалар.

 

Ушбу хайрли ишларнинг давоми сифатида бу мусҳафи шариф 2019-2021 йй устоз Абдулғафур Раззоқовнинг шогирдлари ҳаттот Муҳиддин домла Нўъмонов томонидан кўчирилди. Мазкур мусҳафнинг ўлчами 60 см./40 см. бўлиб, Бухоро услубида ёзилди. Ушбу хат услуби юқорида зикр қилинган Мир Убайдий Бухорий томонидан амалиётга жорий этилган қўлёзма шакли бўлиб, ўзига хослиги ва чиройлилиги билан ажралиб туради.

Мусҳафи шарифнинг саҳифаларидаги нақш ва безаклари ҳам қўлда ишланди. Тадбир сўнггида талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Мусҳафни кўзларида ёш билан зиёрат қилишди.

                                                                                                                                                          

 

 

Маънавият ва маърифат ишлари

           бўйича директор ўринбосари:     И. Уста-Алимова

Izoh qoldirish

Izohlar