01.05.2024

ҚУРЪОНИ КАРИМ ИЛМ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

Илм дунёда азизлик ва охиратда шарафдир.Инсониятнинг азизу мукаррам бўлишидаилмнинг ўрни беқиёс. Ҳазрат Одам (алайҳиссалом)илм туфайли фаришталардан ҳам юқори мартабага мушарраф бўлди. Қуръони каримда илмлилар билан илмсизлар асло тенг бўла олмаслиги айтилган. Аҳли илмларни юксак мартаба ва олий даражаларга кўтаришни Раббимиз Аллоҳ таолонинг ўзи ваъда қилган.

Қуръоннинг кўп ўринларида илмнинг фазилати ҳақида кўплаб оятлар ворид бўлган. Қуйида улардан бир қанчаларини зикр қилиб ўтамиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 

شَهِدَ ٱللَّهُ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَأُوْلُواْ ٱلۡعِلۡمِ قَآئِمَۢا بِٱلۡقِسۡطِۚ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡحَكِيم

 

“Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам” (Оли Имрон сураси, 18-оят).

Бу оят айнан илмнинг фазилати, уламоларнинг шарафи ва фазлига далолат қилади. Чунки олимлардан шарафлироқ бирор киши бўлганда эди, албатта, Аллоҳ Ўзининг исми ва фаришталарининг исми билан бирга зикр қилган бўларди. Фаришталардан кейинги мартабада илм эгаларининг зикр қилиниши улар учун улкан шараф ва фазлдир.

 

يَرۡفَعِ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مِنكُمۡ وَٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡعِلۡمَ دَرَجَٰتٖۚ وَٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرٞ

 

“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

“Аллоҳдан бандалари ичидан фақатгина олимлар қўрқарлар” (Фотир сураси, 28-оят).

 

يُؤۡتِي ٱلۡحِكۡمَةَ مَن يَشَآءُۚ وَمَن يُؤۡتَ ٱلۡحِكۡمَةَ فَقَدۡ أُوتِيَ خَيۡرٗا كَثِيرٗاۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّآ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰب

 

“У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара сура- си, 269-оят).

Ояти каримада Аллоҳ таоло илмни “кўп яхшилик”деб атади. Демак, ким илм эгаси бўлса, у бадавлат ҳисобланади. Чунки инсоннинг қадри моддий бойлигига эмас, балки маънавий камолотига қараб ўлчанади. Шу боисдан ҳам илм мавзуси долзарб маъно касб этади. Илм энг шарафли нарса бўлгани боис Аллоҳ таоло Набийи (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бундай дейишга буюрган:

وَقُل رَّبِّ زِدۡنِي عِلۡمٗا

«Ва: “Раббим, илмимни зиёда қилгин”, деб айт» (Тоҳо сураси, 114-оят).

Агар илмдан афзал бирор нарса бўлганда  эди, албатта, Аллоҳ таоло Набийи (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га илмда зиёдаликни сўраш ўрнига ўша нарсада зиёдаликни сўрашга буюрар эди.__

 

Илм ва одоб саодат калитидир

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ

 

Izoh qoldirish