Саодат мавжуддир
Саодат мавжуддир. Лекин ким унга эга бўла олади?
Қалбимга дедим: “Агар сени ғам-алам тутса хурсанд бўл, чунки кўп қўрқилган нарсалар асли ёлғон бўлиб чиқади!”.
Инсон саодатга эришиш учун ўзи ҳаракат қилиши керак, аммо унга етишмоқ учун Тўғри йўлни топган бўлиши лозимдир. У ишни, одамларни севадиган шижоатли, ростгўй бўлмоғи, ўзгаларга ёрдам бериб, худбинликдан узоқ бўлмоғи даркор. Балки ҳамма нарсадан аввал унинг қалби тирик бўлиши керакдир. Саодат афсона эмас, балки у очиқ ҳақиқатдир. Унга етишганлар кўпдир.
Одамлар инсон учун кўзгудир. Агар унинг хулқи гўзал бўлса, одамлар ҳам у билан чиройли муомалада бўлурлар. Шунда унинг асаби тинчланар, қалби роҳат олар, ўзига дўст бўлган жамиятда яшаётганини ҳис қилар.
Хулқи ёмон инсон хулқи ёмон одамларга, тошбағирларга дуч келади. Ўзгани ҳурмат қилмаган ҳурмат топмайди.
Хусни ҳулқ эгаси хотиржамликка яқинроқ, изтироб, кескинлик, аламли ҳолатдан узоқроқдир. Бинобарин, хусни ҳулқ- Аллоҳнинг бандаларига берган неъмати ва Ислом унга энг кўп ундаган нарсадир. Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!”. (Аъроф сураси, 199-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Сизлардан ахлоқи гўзал, шикаста нафс, ошно бўлувчи ва бўлинувчи кишилар менга суюклидирлар. Чақимчилик қилиб юрадиган, дўстларни бир-биридан айирадиган, покиза одамлардан айб ахтариб юрадиган кимсалар мен учун суюксиз-мағзубдир”.
Мен оқил инсон самимиятдан юз ўгиради, мўмин инсон бахцизлик, умидсизлик томон қанот қоқади, деб ўйламайман. Лекин, баъзан кишини енгилмас тасодифлар мағлуб қилади ва ундан хотиржамлик ва тинчликни тортиб олади. Киши ана шу пайтда бу чигалликдан чиқариши учун Аллоҳдан паноҳ сўрамоғи даркор. Зеро, қайғу оқимига таслим бўлмоқ, иродани қамраб олувчи емирилишнинг бошланишидирки, бунинг оқибатида барча амаллар ожизлик ва омадсизликка йўл тутади.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашобларига Аллоҳдан мана шундай офатлардан нажот беришини сўрашларини таълим берганлар. Абу Саийд ал-Худрий айтади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кириб, у ерда ансорлардан бўлган Абу Умома отлиқ бир кишини кўрди. Ундан : “Эй Абу Умома, нега намоз вақти бўлмаса ҳам бу ерда турибсан?“, - деб сўради. Абу Умома : “Қайғу ва бўйнимдаги қарзларим мени шундай қилишга мажбур қилди, я Расулуллоҳ”,- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам : “Агар айцанг, ғамларингни кетказадиган, қарзларингни тўлашингга ҳам ёрдам берадиган дуони ўргатайми?”, -деди. Абу Умома: “Ҳа, я Расулуллоҳ, ўргатинг”, -деди. Шунда У зот айтдилар:
“Тонгга кирганингда ҳам, тунга кирганингда ҳам ушбу дуони ўқигин: “ Аллоҳим, мен Сендан ғам-қайғулардан, ожизлик, дангасаликдан, қўрқоқлик, бахилликдан, ва қарз остида қолисгдан ҳамда одамларга мағлуб бўлиб қолишдан паноҳ сўрайман”, - дедилар.
Манбалар асосида “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 3-курс талабаси Сафарматова Гулруҳ тайёрлади.
Izoh qoldirish