31.05.2025

"ЯШИЛ МАКОН" УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ҲАМДА ЎРМОНЛАРНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИДА ИСЛОҲОТЛАРНИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТТИРИШ, ЯШИЛ ҲУДУДЛАРНИ КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

"ЯШИЛ МАКОН" УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ   ДОИРАСИДА ҲАМДА ЎРМОНЛАРНИ БОШҚАРИШ  ТИЗИМИДА ИСЛОҲОТЛАРНИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТТИРИШ, ЯШИЛ ҲУДУДЛАРНИ КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

 

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш, ўрмонлар ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашиш ишларини тизимли амалга ошириш, шунингдек, мазкур йўналишларда ягона давлат сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштириш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:

I. Мақсадлар

1. "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлиги, яшовчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширишнинг 2026 йил 1 январдан бошлаб мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгилансин:

(а) давлат ўрмон хўжаликларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос дарахт турларининг замонавий селекция усулларидан фойдаланиб сифатли ва кафолатланган уруғларни етиштириш ҳажмини                       1,5 бараварга ошириш;

(б) уруғчилик лабораторияларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос ўсимлик турларидан оналик плантацияларини ташкил қилиш;

(в) давлат ўрмон хўжаликлари томонидан етказиб берилаётган кўчатлар ҳажмини 2 бараварга ошириш.

II. "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ташаббуслар

2. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини ошириш, "Яшил макон" электрон платформасида очиқликни таъминлаш ва рақамлаштиришга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий қилинсин:

(а) аҳоли ташаббуси билан дарахт экилиши мумкин бўлган аниқ ҳудуд (туман (шаҳар), кўча, ер участкасининг координаталари), сув таъминоти, кейинчалик парвариш қилиш имконияти ва дарахтларнинг турларини кўрсатиш;

(б) "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасига Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка "ҳар бир тийин сарфланишини кузатиш" тамойили асосида онлайн етказиш;

(в) дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатнома бериш юзасидан мурожаат қилган шахс тўғрисида маълумот, кўчирилиши ёки кесилиши таклиф этилаётган дарахт ва кўчириш (кесиш) сабаби, аниқ манзили, жойлашуви, фото- ва видеотасвирларини акс эттириш;

(г) ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахслар томонидан компенсация сифатида экилган дарахт ва бута кўчатлари ҳисобини юритиш тизимини жорий қилиш;

(д) дарахтларни қонунга хилоф равишда кесган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу ҳуқуқбузарликлар ва улар юзасидан кўрилган чоралар бўйича "Яшил макон" электрон платформасига доимий равишда маълумотлар киритиб бориш.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) "Менинг боғим" лойиҳаси доирасида яшил боғлар барпо этишга камида бир гектар, яшил жамоат парклари учун ярим гектардан ер майдонлари ажратилади;

(б) компенсация ёки мажбурият тарзида экиладиган дарахт ва буталар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда - Экология вазирлиги) томонидан белгиланадиган ер участкаларида Ўрмон хўжалиги агентлиги буюртмачилигида белгиланган тартибда аниқланадиган лойиҳалаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқиладиган лойиҳалар асосида давлат ўрмон хўжаликлари - пудрат ташкилотлари томонидан экилади. Бунда:

(i) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари компенсация ёки мажбурият тарзида кўчат экилиши режалаштирилган ер участкаларини ажратади;

(ii) лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатлари Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

(iii) компенсация ёки мажбурият тарзида кўчат экиб берадиган шахслар шартнома асосида дарахт ва бута кўчатларини экиш, белгиланган муддат давомида парваришлаш харажатларини давлат ўрмон хўжаликлари - пудрат ташкилотларига тўлаб беради.

III. Ўрмонларни бошқариш ва чўлланишга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш

4. Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги негизида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда - Ўрмон агентлиги) ташкил этилсин.

5. Белгилансинки, Ўрмон агентлиги:

(а) барча ўрмонларнинг давлат ҳисобини ҳамда давлат ўрмон кадастрини тузади ва юритади;

(б) "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, кўчатчиликни ривожлантириш, дарахт ва бута кўчатлари питомникларини кўпайтириш бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ўрмон фонди ер майдонлари алоҳида муҳофаза этилади ва уларнинг тоифасини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.

7. Қуйидагилар:

(а) Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ;

(б) Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш, ушбу йўналишда устувор чора-тадбирларни белгилаш ва соҳани ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Экология вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда "Яшил макон" электрон платформасида 2026 йил 1 сентябрга қадар чўл ва ярим чўл ҳудудларида яшил майдонларни кўпайтиришга қаратилган дастурлар амалга оширилишининг натижасини ҳар чоракда кузатиш ҳамда ушбу ҳудудларда экологик ҳолатни тизимли мониторинг қилиб бориш имконияти яратилишини таъминласин.

IV. Малакали мутахассисларни тайёрлаш

9. Белгилансинки, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва унга бириктириладиган "яшил" техникумларда:

(а) ўқув жараёни дуал таълим тизими асосида йўлга қўйилади;

(б) илмий-амалий машғулотларни ташкил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ботаника ёки дендрология боғлари барпо этилади;

(в) уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши соҳаларида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиб борилади.

V. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

10. Экология вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Ушбу Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

13. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2025 йил 30 майдаги

ПФ-90-сон Фармони

 

Izoh qoldirish