25 Yanvar 2020 12:16:54 (GMT+5)

Assalomu alaykum

O‘zbekiston musulmonlari idorasi

“Jo‘ybori kalon”

o‘rta maxsus islom bilim yurtining rasmiy saytiga xush kelibsiz

Tarixdan ma’lum, Buxoro shahri bir qancha guzarlardan tashkil topgan. Guzarlardan birida jo‘yborilar, ya’ni, mavqei yuksak, hurmatli shayxlaristiqomat qilgan. Jo‘ybor so‘zi lug‘atda “katta oqar ariq”, “ariq bo‘yi” ma’nolarini bildiradi.

...

Абу Ҳанифанининг донишмандлиги

Мазҳаббошимиз улуғ мужтаҳид имом - Нўъмон ибн Собит (80.699-150.767) роҳматуллоҳи алайҳ яшаган муҳит Сурёнийлар, юнон фалсафаси, ва шарқ ҳикматини ташувчилар жуда кўп бўлиб, сиёсат ва ақоид бўйича турли йўналишлар мавжуд эди. Шиалар, Хорижийлар, Мўътазилийлар каби йирик ақидавий йўналишларнинг ихтилофли қарашлари авж олган бир даврда Аллоҳ таолонинг инояти ила Абу Ҳанифадек забардаст олим илм саҳнасига чиқди. Ақидавий тортишувлар, фиқҳий ихтилофлар ва сиёсий тазйиқлар зарбасида чархланиб ўткир заковат, фаросат ҳамда муноқаша соҳиби бўлиб етишди.

Имом Абу Заҳра “Абу Ҳанифа” номли китобида Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу мулоҳазаларини келтиради “... Мен англаб олдим-ки, калом йўлидан бориб, унинг мавзулари бўйича мунозара қилувчиларда ўтганларнинг сиймоси ва солиҳ кишиларнинг услубини кўриш мумкин эмас экан, уларнинг кўнгиллари қаттиқ ва юраклари қотган бўлиб, Қуръон, Сунна ва салафи солиҳинга қарши туришдан ҳам қайтмас эканлар, уларда тақво ва парҳезкорлик кўринмас экан”.

Эътиқод борасида баҳслашишнинг аянчли оқибатлари бугунги куннинг ҳам долзарб муаммосидир. Бу зиддиятлар туфайли қанча-қанча кишилар маъсият ботқоғига ботди, заллолатга маҳкум бўлди ва бўлмоқда.

Абу Ҳанифа шундай кучли истидлол соҳиби эдики, ҳатто ашаддий душманларини лол қолдирарди. Хорижийлардан бир гуруҳи келиб, Имомдан сўрадилар:

Масжид эшиги ёнида икки жаноза бор, бири шароб ичиб ўлган, иккинчиси зино қилган хотин, хомиладорлигини англаб ўзини ўлдирган.

Абу Ҳанифа сўради: “Улар қайси миллатдан эдилар, яҳудийларданми?

Йўқ!

Насронийларданми?

Йўқ!

Мажусийларданми?

Йўқ!

Улар қайси миллатга мансуб эдилар?

Хорижийлар: “Аллоҳдан бошқа худо йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва расули” деб гувоҳлик берувчилар миллатиданлар.

Абу Ҳанифа деди: “Айтинг-чи, ушбу гувоҳлик (тасдиқ) иймоннинг учдан бирими, тўртдан бирими ёки бешдан бирими?”

Улар: “Иймон учдан бир, тўртдан бир ёки бешдан бирга бўлинмайдику?” дедилар

Сўради: “Уларнинг гувоҳлиги (тасдиғи) иймоннинг қанчасидан иборат эди?”

Дедилар: “Комил иймондан”

Абу Ҳанифа: “Шундай бўлса нима учун ўзингиз гувоҳлик берганингиздек, мўмин бўлган кишилар ҳақида мендан сўрайсизлар?”

Дедилар: “Энди бизни қўй, фақат айт, улар жаннат аҳлиданми ёки дўзах аҳлиданми?”

Абу Ҳанифа дедилар: “ Аммо агар ибо қилсангизлар, мен улар ҳақида Иброҳим алайҳи салом уларга нисбатан каттароқ гуноҳ қилган қавм ҳақида айтган сўзларини айтаман: “Роббим, у(санам)лар одамларни кўпини адаштирдилар. Бас, кимки менга эргашса, ана ўша мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзингмағфиратливараҳмлисан” (Иброҳим сураси, 36-оят)” Шунингдек, улар ҳақида Исо алайҳи салом уларга нисбатан каттароқ гуноҳ қилган қавм ҳақида айтган сўзларини айтаман: “Агар уларни жазоласанг, улар сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, Ўзинг қудрат-ҳикмат эгасидирсан” (Моида сураси, 118 оят).

Хорижийлар унинг бу сўзларини эшитиб қуролларини ташладилар.

Ҳақиқатда, бу зукколикка тан бермасликнинг иложиси йўқ. Ихтилоф чиқаришни касб қилган, тирноқ остидан кир қидирувчиларни қаноат қилдирувчи асосли далиллар ёрдамида ҳеч тараддудсиз ҳозиржавоблик ила мот қилишликни Имом ҳаётида кўп кузатиш мумкин. Бундан ташқари кенг бағирлик, инсонпарварлик ва муроса тамойиллари Абу Ҳанифа таълимотининг яққол намунасидир.

Бундай мужтаҳидлик даражаси энг аввало ҳеч муболағасиз Аллоҳнинг иноятидир. Сўнгра илм олишда, ҳақиқатни англашда устозлар кўмаги, Қуръон ва суннатни маҳкам тутиш, илму-маърифат марказларидан бири бўлган Куфа шаҳрида яшаш, кенг мушоҳада, ўткир фаросат, мунтазам фаолият, илмга ҳарислик, бебаҳо иқтидор ила мўмин-мусулмонлар учун йўлчи юлдуз бўлган Ҳанафийлик мазҳаби вужудга келди ва асрлар оша сайқалланиб келмоқда.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди” деганлар. (Абу Довуд, Термизий, Доримий ривоятлари.)
Бу ҳадис олимларни менсимай ёки танимай, айниқса, мужтаҳидларни тан олмай, мазҳабсизликни иддао қилувчиларга муҳим эслатмадир. Абу Ҳанифадек олимлар зиддиятларни бартараф этиб тинч тотувликни таъминласа, пашшадан фил ясовчи калтафаҳмлар эса, осойишталикнинг кушандаларидир!

“Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар”, дедилар”. (Термизий ривояти)

Эй , Роббимиз! Барчаларимизга Пайғамбарларга ворис бўлишликни, ворис бўлганда ҳам Абу Ҳанифадек мужтаҳид бўлишликни, ҳамда ҳақиқатни англашда маърифатни қалбларимиз англашлигини, яхшиликни ўргатувчи бўлмоқликни насиб этгин!!! (Амин)

“Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом

билим юрти мударрисаси М.Хўжаева