21 Oktyabr 2019 18:37:27 (GMT+5)

Assalomu alaykum

O‘zbekiston musulmonlari idorasi

“Jo‘ybori kalon”

o‘rta maxsus islom bilim yurtining rasmiy saytiga xush kelibsiz

Tarixdan ma’lum, Buxoro shahri bir qancha guzarlardan tashkil topgan. Guzarlardan birida jo‘yborilar, ya’ni, mavqei yuksak, hurmatli shayxlaristiqomat qilgan. Jo‘ybor so‘zi lug‘atda “katta oqar ariq”, “ariq bo‘yi” ma’nolarini bildiradi.

...

​АМАЛЛАРГА ЭЪТИБОР​

Бугунги доруломон кунларга етқазгани учун Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин. Ҳаётимизнинг барча жабҳалари юзасидан бизга йўл кўрсатган, барча масала юзасидан аниқ кўрсатма қолдирган Пайғамбармиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саломлар бўлсин.

Бизнинг юртимизда туғилиб ўсган, Ислом динида ўзининг ўчмас изини қолдирган асрлар оша халқимиз фахрланиб келаётган заминимиз улуғларининг ҳаёти ва қолдирган бебаҳо меъросини асрлар оша бутун дунё эъзозлаб, ўрганиб келмоқда. Истиқболимиз шарофати билан очилган янги имкониятлар, қулайликлар, диний, маънавий меъросимизнинг тикланиши, биз учун азиз бўлган аждодларимизнинг хоки пойларини зиёрат қилиш, ўз илм савиямиздан келиб чиқиб диний амалларимизни бажаришимизга замин

яратиб берди. Шу кунларда Ватандошларимиз ҳоҳ аёл ҳоҳ эркак бўлсин чекланишсиз буюк қадамжоларга бориб ўз дуои ҳайрларини қилиб дунё ва охират тилаб, зиёрат қилмоқдалар. Ушбу кунларда барча муқаддас қадамжолар халқимиз ва турли ўлкалардан келаётган меҳмонлар билан гавжум. Ўзбекистон аҳли ҳам ушбу жойларга бориб зиёрат аммалларини бажариб ўз дуоларининг мустажоб бўлишидан умидвор бўлиб узоқ яқиндан у ерларга боришади. Фақатгина мукаммал динимизда ҳар бир жабҳада бўлганидек қабристонлар зиёратига доир одоб ва тартиб қоидалар борлигига ҳамма ҳам эътибор қилавермайди, ваҳоланки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа буюк олимлар томонидан бу тўғрида ҳам йўл йўриқ кўрсатиб қандай ҳаракатлар қилиш суннат, макруҳ, мубоҳ эканлиги айтиб ўтганлар.

Бир ривоятда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз айтдилар: «Қабрларни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин. Чунки қабр зиёрати бизга охиратни эслатади» (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки у ўлимни (охиратни) эслатади”.

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : أَلاَ فَزُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُزَهِّدُ فِى الدُّنْيَا وَتُذَكِّرُ الآخِرَةَ

Огоҳ бўлинглар! Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у зиёрат туфайли фоний дунёдан зоҳидроқ ва охиратни эсловчироқ бўласизлар”.

Исмоил Ҳаққий Бурсавий ҳазратларининг машҳур «Руҳул-баён» китобида:«Ал-ҳокумут-такосур, ҳатто зуртумул-мақобир», яъни: «Сизлар то қабрларни зиёрат этмагунларингча кўпайтирмоқ ҳирси (билан фахрланиш) сизларни машғул қилди (яъни, сизларни ғафлатда қолдирди)», деган ояти карима шарҳида айтилади: «Тийбий айтади: «Бу (ифода) киноя учун қўлланган. Чунки қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эсламоқ, дунё муҳаббатини кезказмоқ, манманлик ва мақтаниш, ғурурланишни тарк этмоқ учун машруъ қилинган (яъни шариъатда рухсат қилинган)дир» (10-жилд, 605-саҳифа).

Қабрларни зиёрат қилиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, уларни зиёрат қилаверинглар, у сизларга ўлимни эсалатади”, деб марҳамат қилдилар. Бошқа бир ривоятда: “Охиратни эслатади”, дейилган (Имом Муслим ва Абу Бурайда ривояти). Ибн Абу Шайба ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар йилнинг бошида Уҳуд шаҳидлари қабрларига бориб: “Сизларга сабр қилганингиз учун салом бўлсин! Охират диёри қандай ҳам яхши”, дер эдилар.

Аёллар қабрни зиёрат қилганида қайғуси янгиланадиган бўлса, қабрларни зиёрат қилиш жоиз эмас. Агар йиғламасдан ибрат олиш мақсадида бўлса, зиёрат қилишларининг зарари йўқ.

Аҳмад Изуддин ал-Байянунийнинг «Таҳорат ва намоз ҳукмлари» китобининг «Қабрларни зиёрат этиш ва улар ҳаққига дуо қилиш» бобида бундай дейилади: «Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда, албатта, маҳрам бўлиши шартдир» (147-саҳифа). «Риёзу-с-солиҳийн»нинг туркий шарҳида эса аёллар учун ҳам қабр зиёратининг зарари йўқ, деганлар. Фақат бунда фитнадан холи бўлиш, ислом ахлоқи ва интизомига, зиёрат одобига риоя қилиш шартдир.

Агар аёлларга бу зиёрат насиб этса, аввало фитна хавфи бўлмаслиги, яна исломий ахлоқ ва қоидаларга амал қилишлари шарт. Яъни, сафар асносида ёнларида эрлари ёки бошқа маҳрамлари бўлади, боши очиқ ёки ярим яланғоч ва ҳаёсиз ҳолда бўлмасдан, исломий одобга мувофиқ кийинади, сабрсизлик қилмасдан, овоз чиқариб йиғламасдан, эркаклар билан аралаш-қуралаш бўлмасдан, одоб ва ҳаё билан зиёрат қиладилар.Мана шу ердан аёллар ва эркакларга қабрларни зиёрат қилишнинг бир хилда шарт бўлган одоб ва тартиблари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Зиёрат одобини уламоларимиз қуйидагича айтиб ўтишган. “Шарҳу Лубоб”да айтилганки, зиёрат қилиш кунларининг афзали бу жумъа, шанба, душанба ва пайшанбадир. Қабристонга зиёратга борилганда, аввал ўша ердаги масжидга кириб икки ракаат намоз ўқилади ва савоби қабристон аҳлига бағишланади. Сўнгра қабристонга юзланиб салом берилади:

عَنْ بُرَيْدَةَ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يُعَلِّمُهُمْ إِذَا خَرَجُوا إِلَى الْمَقَابِرِ فَكَانَ قَائِلُهُمْ يَقُولُ « السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ - قَالَ مُعَاوِيَةُ فِى حَدِيثِهِ - إِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهِ بِكُمْ لاَحِقُونَ أَنْتُمْ فَرَطُنَا وَنَحْنُ لَكُمْ تَبَعٌ وَنَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ »

Кейин қабристон йўлакларидан юриб, қабр бошига боради. Хоҳласа тик туриб, хоҳласа ўтириб тиловат қилиши мумкин. Орқасини қиблага қилиб юзини қабрга туради. Агар ким қиблани билмаса, бизларнинг диёрларимизда қуёш ботадиган томонга орқасини қилсин. Зиёрат қиладиган кишисини тириклигида қандай ҳурмат қилган бўлса, қабрининг олдидан ҳам шундай ҳурмат ила ўтиради.

«Аёлларга оид фиқҳий масалалар китоб»ида айтилади: «Охиратни эсламоқ учун қабр зиёрати эркак ва аёллар учун мандубдир. Тиловат қилмоқ мақсадида қабрлар устида ўтириш мумкин.
Қабрни босиш (оёқости қилиш), қабр устида ухлаш, у ерда таҳорат ушатиш, яшил дарахтларни (ва ўсимликларни) кесиш, узиш макруҳ. Қуриган дарахтларни ва ўсимликларни кесиш, узиб тозалаш мумкин» (287-саҳифа).
Таҳоратли ҳолда зиёрат қилиш ва қабр олдида тик турган ҳолда дуо қилиш суннат. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Бақиъ” қабристонига зиёратга борганларида ана шундай қилган эдилар.

Бирорта мусулмон ўзининг мўмин биродарининг қабридан ўтса-да, дунё ҳаётлигида танигани каби таниб унга салом берса, у ҳам уни таниб унга алик олади

عَمَّنْ سَمِعَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ يَقُولُ قَالَ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنَ الأَمْوَاتِ فَإِنْ كَانَ خَيْراً اسْتَبْشَرُوا بِهِ وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لاَ تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا ».

Албатта, амалларингиз вафот этиб этиб кетган яқин қариндошларингизга ва аждодларингизга қабрларида кўрсатилади. Агар амалларингиз яхши бўлса, улар бундан шодланурлар ва агар ёмон бўлса улар: “Аллоҳим, бизларни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмагунингча ўлдирма”деб дуо қилишади”.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « تُعْرَضُ الْأَعْمَالُ يَوْمَ الِاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ عَلَى اللَّهِ وَتُعْرَضُ عَلَى الْأَنْبِيَاءِ وَعَلَى الْآبَاءِ وَالْأُمَّهَاتِ الْجُمُعَةَ فَيَفْرَحُونَ بِحَسَنَاتِهِمْ وَتَزْدَادُ وُجُوهُهُمْ بَيَاضًا وَإِشْرَاقًا فَاتَّقُوا اللَّهَ وَلَا تُؤْذُوا أَمْوَاتَكُمْ »

Зиёрат қилишдан олдин иложи борича таҳоратли бўлиш, шунинг учун аёлларнинг узрли ҳолатларида боришлари мумкин эмас. Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охират ўйламоқ. Хотамул Асом дейдилар: “Бир киши қабристондан ўтса-ю, ўзи учун ўлимни, қабрда ётишни ва охиратни тафаккур қилмаса, ўзига хиёнат қилган бўлади, ўликларга ҳам хиёнат қилган бўлади”. Зиёрат қиладиган зот ҳаёт бўлганида эди, у зотга қанчалик эҳтиром қилса, қабр олдида ҳам шунчалик эҳтиром кўрсатади. Қабр олдига борганда салом беради. Қабр ёнида Қуръон каримдан ўқиб, дуои хайрлар қилади.

عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه أنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ :" مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ فَقَرَأَ سُورَةَ يس خَفَّفَ اللَّهُ عَنْهُمْ يَوْمئِذٍ وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٌ "

Қабрларни зиёрат қилганда “Ёсин” сурасини ўқиши мандубдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Вафот этган кишиларингизга “Ёсин” сурасини ўқинглар”, деганлар (Имом Аҳмад ва Абу Довуд Маъқал ибн Ясордан ривоят қилган). Агар киши “Ёсин” сурасини ёдламаган бўлса, Қуръондан билган оятларни ўқиш мумкин. Масалан, “Фотиҳа” сураси, “Бақара” сурасининг аввалидан беш оятни, охиридан икки оятни, “Оятал курси”ни, “Мулк”, “Такосур”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нос” сураларини ўқиб қабр эгалари руҳониятларига бағишлаш мумкин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: سُورَةٌ مِنَ الْقُرْآنِ ثَلاَثُونَ آيَةً تَشْفَعُ لِصَاحِبِهَا حَتَّى يُغْفَرَ لَهُ تَبَارَكَ الَّذِي بِيَدِهِ الْمُلْكُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан “МУЛК” сураси фазли бўлимида ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг китобида бир сура бор. Унинг оятлари ўттизта. У ўз соҳибига то уни мағфират қилингунча шафоат қилади. «Табарокаллази биядиҳил Мулку», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Бу сураи кариманинг ўз соҳибига то уни мағфират қилингунча шафоат қилгани учун ҳам уни «Шафоатчи» деб аталади. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларимизда уни дафндан кейин қабр устида ўқиш одатга айланган.

Билим юрти мударрисаси Бафаева Гулнора