21 Oktyabr 2019 18:17:22 (GMT+5)

Assalomu alaykum

O‘zbekiston musulmonlari idorasi

“Jo‘ybori kalon”

o‘rta maxsus islom bilim yurtining rasmiy saytiga xush kelibsiz

Tarixdan ma’lum, Buxoro shahri bir qancha guzarlardan tashkil topgan. Guzarlardan birida jo‘yborilar, ya’ni, mavqei yuksak, hurmatli shayxlaristiqomat qilgan. Jo‘ybor so‘zi lug‘atda “katta oqar ariq”, “ariq bo‘yi” ma’nolarini bildiradi.

...

​ВОДИЛЛИК АЗИМ ЧИНОР

Водийдан Шоҳимардон зиёратига бораётган зиёратчилар албатта Водил қишлоғида тўхтаб ўтадилар. Шундоққина йўлнинг юзида “Чинор таги” истироҳат боғи мавжуд. Бу сўлим истироҳат боғида ёши тахминан 1000 йилларга тенг азим чинор бор. Водилнинг қадим ўтмишидан дарак берувчи бу чинорни зиёратчилар томоша қилиб, соясида дам оладилар. Бу чинорнинг остида кўплаб маънавий чинорлар етишиб чиққан. Улардан бири Оҳунжон қори Водилийдир. У зот қори, машҳур олим, муфассир, фақиҳ, тарихчи, шоир, адиб ва қилқалам соҳиби бўлганлар. Бу зотни замондошлари илмда чинорга тенглаштиришар эди.

Оҳунжон қори 1827 йили диёнатли дўкондор Расул оқчи (оқ газмол дўкондори) оиласида таваллуд топганлар. Расул оқчи барча ўғил-қизларини диний мутахассис бўлиб вояга етиши учун саъй-ҳаракат қилади. Шу мақсадда 7 ёшли Оҳунжонни чимёнлик Даминжон қорига шогирдликка топширади. Ёш Оҳунжон кўплаб қорилар қатори 14 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёдлаганларидан сўнг устозларининг ижозати билан қишлоққа қайтадилар.[1] Сўнгра оталари Марғилондаги Мавлоно Муҳаммад Юсуфхоннинг тарбиясига топширадилар. Ўша даврда инсонлар фарзандларини олимларнинг хизматига берардилар. Олимнинг хизматини қилиб бирга яшаса, уларнинг илмини ўрганмаса ҳам тарбиясини, хулқини ўрганади, деган мақсадда шундай қилишар эди. Оҳунжон устозларининг ҳузурига келувчи талаба ва меҳмонларга чой дамлаб хизмат қилганликлари сабабли “махдум” (хизматкор) деб аталганлар.

Бир куни устоз талабаларни имтиҳон қиладилар. Улар бир масаланинг жавобини топа олмай турган пайтларида Оҳунжон чой олиб кириб қолади ваёш болаларча жавобни айтиб, яна хизматларига чиқиб кетадилар. Чой ташиб, оддий хизматларни қилиб юрган ёш боладан жавобни эшитиб ажабланган устозлари дарс тайёрламай чой ташиш асносида эшитиб, ёд олган Оҳунжонни ёнларига чақирадилар ва синаш мақсадида бир-икки масалаларни сўрайдилар. Илм олишга қобилияти борлигини пайқаган устозлари Оҳунжонга: “ Отангдан ўқишга рухсат сўраб кел”, дейдилар ва “Сени ўқитармикан ёки ўзи каби мол-дунё тўплатармикан?” – деб қўшиб қўядилар. Оталари бу гапни эшитиб, ўқитишга рози бўладилар ва шундан сўнг устозларининг олдига қайтиб келиб, энг яқин талабаларига айланадилар. Устозларига хизмат қилиш билан бирга, у зотдан таважжуҳ илмини ҳам ўрганадилар. Ғиштин мадрасасини тамомлаб, катта олим бўлиб етишадилар. Устозлари у зотга: “Сен ҳамма нарсани ўчоқ бошидан, яъни хизматдан топгансан-да” дея таҳсин айтганлар. Мадрасада бирга таълим олган сабоқдошлари Мир Яҳё у киши ҳақида: “Биз вазифаларни икки-уч кун тайёрлаб ниҳоясига етказсак, Оҳунжон қори такрорламай, биздан кўра яхшироқ ўзлаштириб олардилар”, – деб айтганлар. Ёзма манбаларда бу зот “улуғлар афзали”, “шариат офтоби”, ”ҳақиқатларни очиб берувчи”, “моҳир суҳандон”, “турли фанлар соҳиби” каби сифатлар билан таърифланганлар.[2]

Талабалик даврларида устозлари у кишини иккита қори билан бирга Лоғон қишлоғига таровеҳ намозида хатм қилиш учун жўнатадилар. У ерга етиб боришгач, шерикларидан бири вабо касали билан вафот этади, иккинчиси эса курашда қўли синиб, орқасига қайтиб кетади. Ўзлари ёлғиз бешта хатмни ўтказиб қайтадилар. Бундан хурсанд бўлган устозлариҳақларига алоҳида дуо қиладилар.

Устозлари Аравонга сафар қилганларида ёш Оҳунжонни ҳамбирга олиб кетардилар. Шундай сафарларнинг биридаОҳунжонга Аравон қозисининг назари тушиб қолади ва янги қурилган масжидга имом-хатиб қилиб қолдиришни устозларидан илтимос қилади. Шу тарзда Оҳунжон Аравонда имом-хатиб сифатида ишлаб, истиқомат қиладилар ва қисқа вақт ичида Аравон халқи ўртасида катта ҳурмат қозонадилар. Аравонлик Мадоким Аминнинг қизига уйланадилар.

Бухоролик шайхул исломнинг таклифига кўра устозлари раҳнамолигидаАбдулҳаким исмли пешқадам билан Оҳунжон қори Бухоро шаҳрига ташриф буюрадилар. Рамазонда ўн кунлик таровеҳ намозида, Қуръон хатмонасида иштирок этадилар.

Устозлари Мавлоно Муҳаммад Юсуфнинг вафоти (1921 й.)дан сўнг Оҳунжон Марғилонга кўчиб келиб, Мулла Мўминжон хонадонида яшаб, “Хонақоҳ” масжидида имомлик ва мадрасада мударрислик қиладилар.1924-1925 йиллари ўзларининг туғилиб ўсган қишлоғи – Водилга кўчиб келиб, мозор тагидаги мадрасада дарс бериб, кўплаб қориларга устозлик қилганлар. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда Ўрта Осиё мусулмонлар идораси бошлиғ Эшон Бобохон Оҳунжон қоринибир неча бор бирга ишлаш учун Тошкентга таклиф қилганларида, узр айтиб, ўз масканларида қолганлар. Тошкентда бўлиб ўтган имом-хатиблар йиғилишида Муфтий ҳазратлари: “Юртимизда Оҳунжон қоридек уламоларимиз бор экан, иншааллоҳ, ислом илдизи бақувват”, – деб таъкидлайдилар.[3]

Оҳунжон қори 1928 йилдан то вафот этгунларича (1958 й.) ўттиз йил давомида уйдан чиқмай, ибодат билан машғул бўлганлар. Бу давр мобайнида кўплаб нодир китобларни оққа кўчирадилар. У зот қилқалам соҳиби бўлиб, ҳуснихат бўлган. Ўзлари ҳам диний йўналишда кўплаб китоблар ёзиб қолдирганлар. Афсуски, улар китоб шаклида босилиб чиқмаган.

Айтишларича, аллома асарларини махсус хонтахта устида эмас, чўкка тушиб, тиззалари устига қўйиб ёзганлар. Буни кўрган аёллари: “Ахир бир оз оёғингизни узатиб олсангиз, бўлади-ку”, – десалар, “Мен ҳеч қачон оёғимни узатиб ўтирган эмасман”, – дер эканлар. Мободо, ёзаётган сўзлари хато бўлиб қолса, уни тиллари билан ялаб олар эканлар.[4]

Ҳозирда бу зотнинг фарзандлари, набиралари исломга содиқлик йўлида ҳаёт кечирмоқдалар. Ўғиллари Мухториддин махдум вафотларига қадар қўлларидан қалам тушмаган. Ислом динига оид бир нечта китоблар ёзиб, чоп эттирганлар. Кенжа ўғиллари Абдуллоҳ махдум 1975 йилдан бери Ёшларобод қишлоғидаги масжид имом-хатиби сифатида хизмат қилиб келмоқдалар. Акалари Мухториддин билан бу кишининг бошчилигида ҳашар йўли билан Ёшларободда жомеъ масжиди қуриб битказилди ва халқнинг талаб-истаклари билан масжидга оталари Оҳунжон қори номи берилди.

“Жўйбори Калон” ўрта-махсус ислом

билим юрти муаллимаси Султонова Диловар



[1] Қулфиддинов Х. Водилга бир назар “Фарғона” 2006. -60-б.

[2] Р. Файзуллаев, Н. Абдулаҳатов –Т.: “Шарқ”, 2013.-159-161-б.

[3]Қуфиддинов Х. Водилга бир назар “Фарғона” 2006. -60-б.

[4] Р. Файзуллаев, Н. Абдулаҳатов –Т.: “Шарқ”, 2013.-159-161-б.