1442 йил 3 зулқаъда | 2021 йил 12 июнь, шанба Тонг-03:41 | Қуёш-05:17 | Пешин-12:46 | Аср-17:58 | Шом-20:14 | Ҳуфтон-21:51
Тонг-03:41 | Қуёш-05:17 | Пешин-12:46 | Аср-17:58 | Шом-20:14 | Ҳуфтон-21:51

ДАМ СОЛИШ ВА ТУМОР ТАҚИШ МУМКИНМИ?

16:35 / 22.11.2020 160

 

 

Биз билан ваҳҳобийлар орасидаги энг асосий фарқлардан ва катта келишмовчиликлардан бири даво учун ёки кўз тегмаслиги учун Қуръон оятлари ёки Аллоҳнинг исмларидан бирортасини дам солиш, ўқитиб қўйиш ёки уларни ёзиб, тумор қилиб тақишни ширк, ширк бўлганда ҳам “ширки акбар” деб баҳолашларидир. Улар буни сеҳр ёки сеҳрнинг бир кўриниши деб биладилар. Шунинг учун ваҳҳобийлар тумор тақиш у ёқда турсин, оятлар билан дам солишни, масалан, “чилёсин” қилишни ҳам ширк деб биладилар.

 

Қуръон маънавий ва жисмоний шифодир

 

Қуръони каримнинг шифо эканлиги Қуръоннинг ўзида айтилган бўлиб, унинг шифолиги мутлақ зикр этилган. Яъни, уни фақат маънавий шифога боғлаб қўйиш мумкин эмас! Қуръон оятлари жисмоний шифо ҳамдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

 

و ننزل من القرآن ما هو شفاء

 

“Қуръондан шифо бўлган нарсаларни нозил қиламиз!” (Исро, 82)

 

Яна Аллоҳ бундай деган: قل هو للذين آمنوا هدى و شفاء – “Айтгин, у (Қуръон) имон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир!” (Фуссилат, 44)

 

Қуръони каримдаги олтита ўринда “шифо оятлари” маълум ва машҳур бўлиб, ушбу оятлар ва Қуръондаги ҳар бир оят ҳиссий, маънавий, зоҳирий ва ботиний касалликларга шифо ҳисобланади. Шунинг учун ҳам “алҳамду” сураси ҳақида Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай демишлар: فاتحة الكتاب شفاء من كلّ داء – “Қуръоннинг фотиҳаси – ҳар бир дардга шифо!” (Доримий, 2/3433; Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 4/2152-2154)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ҳам деганлар:

 

من لم يستشف بالقرآن فلا شفاه الله

 

“Ким Қуръондан шифо истамаса, Аллоҳ унга шифо бермасин!” (Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 21/23853; ал-Муттақий, “Канз ул-уммол”, 10/28106)

 

Кўз тегиши бор нарсадир

 

Уламолардан кўп сўраладиган саволлардан бири кўз тегиши ҳақидадир. Ҳақиқатдан ҳам кўз тегиши бор нарса. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “мутавотир” деб ҳисобланадиган ҳадиси шарифларида: العين حق- "ал-Айну ҳаққун!" ("Кўз тегиши ҳақиқатдир!"), деганлар (Бухорий, 7/5740; Муслим, 4/2187; Абу Довуд, 4/3881; Термизий, 4/2061; Насоий, 6/10872; Ибн Можа, 3/3506-3508; Ибн Ҳиббон, 12/5503; Аҳмад, 2/8228; Ҳоким, 4/7498; Табароний, 6/5581; Абу Яъло, 13/7195; Баззор, 2/5271; Ибн Абу Шайба, 7/24060; Абдурразоқ, 11/19778)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўз тегишидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар!”, деганлар (Ҳоким, 4/7497)

 

Инсондаги биоқувват ва руҳий таъсирнинг яхши ёки ёмон жиҳатининг ғолиблигига қараб кўз тегиши атрофдагиларга ёмон таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда:

 

العين حق و لو كان شئ سابق القدر سبقته العين و اذا استغسلتم فاغسلوا

 

"Кўз тегиши ҳақдир. Агар бирор нарса тақдирдан ўтадиган бўлса, албатта кўз тегиши ўтар эди. Қачонки, сиздан ғусл қилиб беришингиз сўралса, ғусл қилиб беринг", дейилган (Муслим, 4/2188; Термизий, 3/2141; Насоий, 4/7620; Ибн Ҳиббон, 13/6107; Табароний, 11/10905; Байҳақий, 9/19398; Ибн Абу Шайба, 7/24063; Абдурраззоқ, 11/19770)

 

Ғусл, яъни ювинишнинг маъноси бундай: кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади.

 

Одатда кўзи тегилганда, унинг давоси сифатида "кўз"ли инсоннинг таҳорат қилиб бериши сўралади, таҳорат сувига касал ювинса, фойдаси бўлади. Бироқ, дардни даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ. Шунинг учун чаҳорёрлардан Усмон разийаллоҳу анҳу чиройли бир болани кўриб қолиб, унга кўз тегмаслиги учун кулдиргичини беркитиб қўйишни буюрган эканлар.

 

Кўз тегмаслиги учун ҳадисларда келтирилган дуоларни ўқиб юриш, "қул аъузу" ва "оят ал-курсий" каби сура ва оятларни ўқиб юриши ва дам солиш тавсия қилинади.

 

Роҳат Муҳаммадшоева

Жўйбори Калон ДТМ маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари

Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар