1442 йил 16 рабиъус сони | 2020 йил 01 декабрь, сешанба Тонг-06:43 | Қуёш-08:03 | Пешин-12:45 | Аср-15:47 | Шом-17:28 | Ҳуфтон-18:48
Тонг-06:43 | Қуёш-08:03 | Пешин-12:45 | Аср-15:47 | Шом-17:28 | Ҳуфтон-18:48

Қабрларни ушлаб табаррук қилиш ва ўпиш ширк эмас, макруҳдир!

21:45 / 04 ноябрь 53

Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларини ушлаб, кўзга суртиб табаррук қилиш, шунингдек, муборак ҳужралари деворлари ва эшикларини, муборак қабрларини ушлаш ва қўлни силаб юзга суртиш, қучоқлаш асло ширк эмас. Афсуски, салафий-ваҳҳобийлар чиққанидан сўнг бу ишларни ширк деб баҳолаш оммалашди. Ҳатто айрим аҳли суннат ва жамоатда мустаҳкам турган уламолар ҳам кўп изланиб, сўраб-суриштирмасдан, уларнинг гаплари таъсирига тушиб бу ишни ширк дейишларини эшитиб қоламиз. Аслида у ширк эмас! Зотан, ширк дегани Аллоҳ таолодан бошқа бир илоҳни бор деб эътиқод қилиш ҳисобланади. Бировни ширк қилганликда айблаш эса уни куфрда айблашнинг айнан ўзгинасидир. Аҳли суннат ва жамоатнинг энг устувор таълимоти шуки, мўъмин-мусулмон бўлиб танилган бирор кимсани ҳуда-беҳудага куфрда айблаш – такфир қилиш асло мумкин эмас! Бинобарин, мазкур иш бўйича ҳам айрим маълумотларни билиб қўйган фойдадан холи эмас.

Аҳли суннат ва жамоатнинг буюк имоми Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қабрларни табаррук қилиш ва ўпишни “Зарари йўқ!” деб баҳолаганлар. Жумладан, у зотнинг “Китоб ал-Илал” асарларида қуйидаги ибора мавжуд:

سألته عن الرجل يمسّ منبر النبى صلى الله عليه و سلم و يتبرّك بمسّه و يقبّله و يفعل بالقبر مثل ذلك او نحو هذا يريد بذلك التقرّب الى الله عزّ و جلّ فقال لا بأس بذلك

“У зотдан (Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан) бир кимса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларини ушласа,ушлаб табаррук қилса ва ўпса, бу ишни қабрларида ҳам қилса ёки шунга ўхшаш қабрларда қилса, бу билан у Аллоҳ таолога қурбатни хоҳласа, нима бўлади, деб сўрадим. У зот: “Бунинг зарари йўқ!”, деб жавоб бердилар” (Аҳмад ибн Ҳанбал. Китоб ал-Илал ва маърифат ар-рижол. 3243-рақам. 2-жилд. / Таҳқиқ: Васийуллоҳ Аббос ас-Салафий. – Байрут: ал-Мактаб ал-исломий, 1988. – Б. 492.).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларини ушлаб, табаррук қилиш саҳобалар томонидан ҳам амалга оширилган. Жумладан, муҳаддис Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ бундай нақл қиладилар:

عن زيد بن الحباب قال حدثنى أبو مودود قال حدثنى يزيد بن عبد الله بن قسيط قال رايت نفرًا من أصحاب النبى صلى الله عليه و سلم إذا خلا لهم المسجد قاموا الى رمّانة المنبر القرعاء فمسحوها ودعوا قال و رأيت يزيد يفعل ذلك

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бир неча нафарини кўрганман. Қачон масжидда холи қолсалар, бўш турган минбарнинг думалоқ тутқасини силардилар ва дуо қилардилар. Ровий Язид ибн Абдулмалик раҳимаҳуллоҳнинг ҳам шундай қилаётганини кўрдим” (Ибн Абу Шайба, 4/16129).

Мазкур ҳадиснинг исноди саҳиҳдир. Демак, айрим саҳобалар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларини табаррук қилиб силаганлар. Шунинг учун, фиқҳий манбаларда бу ҳақида алоҳида сўз юритилган. Жумладан, таниқли ҳанафий олими Камолиддин ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя”га ёзган энг эътиборли шарҳи “Фатҳ ал-қадийр”да бундай деганлар:

و كان السلف يستحبون أن يضع أحدهم يده على رمانة المنبر النبوى التى كان عليه السلام يضع يده عليها عند الخطبة و هناك الآن قطعة تدخل الناس أيديهم من طاقة فى المنبر اليها يتبركون بها يقال أنها من بقايا منبره عليه الصلاة و السلام

“Салафи солиҳинлар қўлларини набавий минбарнинг тутқичига қўйиб олишни мустаҳаб санаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба пайтида қўлларини қўйиб турганлар. Ҳозирда эса одамлар минбарнинг пештоқидаги бир парчага қўлларини киритиб табаррук қиладилар. Уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларидан қолган қисми, деб айтишади” (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. 2-жилд. – Миср: Амирия, 1897. – Б. 338).

Аҳли суннат ва жамоатнинг буюк имоми Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳни инкор қилувчи қайсарларга қарата Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ юқорида келтирилган Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳининг ишларини ва “Зарари йўқ!” деган гапларини келтирар экан, бу ишларни ширк дегувчиларни бидъатчи хаворижлар деб атайдилар:

قلت أين المتنطع المنكر على أحمد و قد ثبت أنّ عبد الله سأل اباه عمّن يلمس رمّانة منبر النبى صلى الله عليه و سلم و يمسّ الحجرة النبوية فقال لا أرى بذلك بأسًا أعاذنا الله و إيّاكم من رأى الخوارج و من البِدع

“Мен айтаман: Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳни инкор қилувчи инжиқлар қаерда?! Дарҳақиқат, албатта, Абдуллоҳ ўз отаси (Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ)дан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва слаламнинг минбарлари тутқичига қўл теккизган ва набавий ҳужрани силаган кимса ҳақида сўраганлари собит бўлган. Шунда, у зот: “Бунда бирор бир зарар кўрмайман!”, деганлар. Аллоҳ бизга ва сизларга хаворижлар ва бидъатчиларнинг фикрларидан паноҳ берсин!”(Шамсиддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 11-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1982. – Б. 212).

Абулфазл Абдуллоҳ ибн ас-Сиддиқ ал-Ғуморий ал-Ҳасаний раҳимаҳуллоҳ “ар-Радд ал-муҳкам ал-матин” асарларида қуйидагиларни айтадилар:

قال الحافظ العراقى أخبرنى الحافظ أبو سعيد العلائى قال: رأيت فى كلام ولد أحمد بن حنبل فى جزء قديم عليه خط ان ناصر و غيره من الحفاظ أن الإمام أحمد سئل عن تقبيل قبر النبى صلى الله عليه و آله و سلم و تقبيل غيره فقال لا بأس بذلك فأريناه ابن تيمية فصار يتعجب من ذلك و يقول عندى أحمد جليل يقول هذا قال و اى عجب فى ذلك

“Ҳофиз ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ айтади: менга Ҳофиз Абу Саид ал-Алоий раҳимаҳуллоҳ бундай деб хабар берганлар:

“Мен Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг ўғлининг эски тўпламидаги гапини кўриб қолдим. Ибн Носир раҳимаҳуллоҳ ва бошқа ҳадис ҳофизлари ёзишича, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини ва бошқа нарсаларини ўпиш ҳақида сўралди. У зот: “Бунинг зарари йўқ!”, дедилар. Шунда, уни биз Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга кўрсатдик. У бундан ажабланди ва “Имом Аҳмад менинг олдимда буюк имомдир. Шуни айтибдиларми?!”, деди.
Аслида, бунинг нимаси ажабланарли?!” (Абулфазл Абдуллоҳ ибн ас-Сиддиқ ал-Ғуморий ал-Ҳасаний. ар-Радд ал-муҳкам ал-матин. – Миср, 1955. – Б. 273).

Яна “ар-Радд ал-муҳкам ал-матин”да Ибн аз-Зикрий раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳамзия” шарҳидан қуйидаги иқтибос келтирилган:

عن يحيى بن سعيد شيخ الإمام مالك أنه حين أراد الخروج الى العراق جاء الى المنبر النبوى فمسحه
و نقل عن ابن أبى الصيف و المحب الطبرى جواز تقبيل قبور الصالحين

“Яҳё ибн Саид раҳимаҳуллоҳ Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳидан нақл қилишича, у зот Ироққа чиқишни хоҳлаган вақтларида, набавий минбарнинг олдига келиб, уни масҳ қилганлар. Ибн Абу-с-Сайф раҳимаҳуллоҳ ва Муҳибб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ кабилардан солиҳ зотларнинг қабрларини ўпишнинг жоизлиги нақл қилинган” (Абулфазл Абдуллоҳ ибн ас-Сиддиқ ал-Ғуморий ал-Ҳасаний. ар-Радд ал-муҳкам ал-матин. – Миср, 1955. – Б. 273).

Юқоридаги иқтибосларни келтиришдан мақсад қабрларни силаб табаррук қилиш ширк эмаслигини элатиш, холос. Бироқ, ушбу иш тўрт мазҳаб уламолари наздида ҳам макруҳи таҳримий деб баҳоланиб келади ва фикхдаги «садди заройеъ» коидасига кура — ширкнинг олдини олиш максадида мусулмонлар оммасини бундан қайтарилади. Жумладан, ҳанафий мазҳабининг таниқли олими Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ҳажга оид асарларида бундай деганлар:

و لا يمسّ عند الزيارة الجدار اى لأنه خلاف الادب فى مقام الوقار و كذا لا يقبله لأن الإستلام و القبلة ن خواص بعض أركان الكعبة و القبلة و لا يلتصق به اى بالتزامه و لصوق بطنه لعدم وروده و لا يطوف اى و لا يدور حول البقعة الشريفة لأن الطواف من مختصات الكعبة المنيفة فيحرم حول قبور الأنبياء و الأولياء و لا عبرة بما يفعله العامة الجهلة و لو كانوا فى صورة المشائخ و العلماء و لا ينحنى و لا يقبل الأرض فانه اى كل واحد بدعة اى غير مستحسنة فتكون مكروهة و أما السجدة فلا شكّ أنها حرام فلا يغتر الزائر بما يرى من فعل الجاهلين بل يتبع العلماء العاملين

“Зиёрат пайтида деворни силамайди. Чунки, бу виқор мақомидаги одобга хилофдир. Шунингдек, уни ўпмайди ҳам. Зотан, силаб-сийпаш, ўпиш Каъба ва қибланинг айрим рукнларига хос бўлган ишдир. Унга ёпишмайди ҳам. Бу борада ҳадислар йўқлиги боис қорнини ёпиштирмайди. Тавоф ҳам қилмайди. Яъни, шарофатли бинонинг атрофини айланмайди. Чунки, тавоф юксак Каъбанинг ўзига хос амалларидан биридир. Демак, анбиё ва авлиёларнинг қабрлари атрофини айланиш ҳаром бўлади. Жоҳил авомларнинг қилаётган ишларининг ибрати йўқ. Гарчи улар машойих ва уламо суратида бўлсалар ҳам! Эгилмайди, ерни ўпмайди. Чунки, буларнинг ҳар бири бидъатдир, яъни яхши кўрилмаган ишдир! Демак, улар макруҳ бўлади. Саждага (қабрлар олдида сажда қилишга) келсак, унинг ҳаром эканига шак-шубҳа йўқ! Зиёратчи жоҳилларнинг қилмишларига алданиб қолмасин, балки амал қилувчи уламоларга эргашсин!” (Али ал-қори. ал-Маслак ал-мутақассит фи-л-мансак ал-мутавассит. – Миср: ал-Кубро, 1871. – Б. 293).

Гарчи аҳли суннат ва жамоатнинг ҳаққоний уламолари ва ҳимоячи олимлари Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ва Муҳибб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ каби зотлардан қабрларни табаррук нуқтаи назаридан ўпиш ва силашнинг жоизлиги ҳақида бир ривоят келган бўлса-да, бироқ, тўрт мазҳаб уламолари қабул қилган ва фатво берган ҳукмлари қабрларни ўпиш ва силашдан сақланишдир. Айниқса, авомни бу хилдаги ишлардан сақламоқ даркор. Бироқ, билиб қўйиш керакки, бу иш асло ширк деб баҳоланиши керак эмас. Зотан, ширкнинг асл таърифи ва моҳиятини билиб олиш керак. Ҳар нарса ширк бўлиб қолавермайди. Акс ҳолда, юқорида номлари тилга олинган буюк уламоларни айблаш ва қоралашга сабаб бўлиб қолади.

 

Мавзуга оид мақолалар
Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар