1442 йил 8 рабиъул аввал | 2020 йил 24 октябрь, шанба Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57
Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57

Буюк устозга юксак эҳтиром

18:53 / 01 октябрь 45

Шайх Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” китобида бир шеъри бор:  Солиҳ инсонлар билан бирга бўлишнинг фойдаларини бадиий услубда ифодалайди:

 

                                  Гиле хушбўйи дар ҳаммоми рўзи,

                                    Ба худ аз дасти маҳбуби дастам

                                    Ба ту гуфтам: Кимишки йа авири,

                                    Ки аз бўйи даравизи ту мастам?

Хушбўй лой парчаси (эскидан совун ўрнида шундай гил лойлардан фойдаланилган) бир куни ҳаммомда маҳбубнинг қўлидан менинг қўлимга ўтди. Мен у лойга дедимки: “Сен бунчалар анбар бўлмасанг, ахир сенинг бу хушбўйлигингдан маст бўлдим - ку” Лой эса шундай жавоб берибди.

Би гуфт: “Ман гиле ночиза будам,

   Ва лекин муддате ба гул нашастам”

Дедики, мен қийматсиз бир лой эдим аслида, лекин бир муддат гулнинг ёнида бўлдим. У билан бўлган дўстлигимнинг таъсиридир бу. У гўзал хушбўйлик гулники, унинг жамолининг таъсиридир. Йўқса:

          “Ва гар ман ҳамон хокам...” Мен бошқа лойлар каби бир лойман.

          Илм аҳли, солиҳ зотлар билан бирга бўлсак, уларнинг фазлидан, илмидан фойдаланамиз, албатта.

          Шундай буюк зотлардан бири “Ал – Имом ул - Миқдом” (Жасур имом), Имом ул – Муҳаддисийн (муҳаддислар имоми) каби юксак унвонлар соҳиби Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил алломалар юрти Бухорода дунёга келганлар. Буни алоҳида таъкидлаш жоиз бўлмасада мени Бухорий номи доим ўзига жалб этиб келади. Луғатда Бухоролик деган маънони англатувчи бу сўз қанчадан – қанча муаллифотлик китобларига муҳр, бутун дунё мусулмонларига амал асоси бўлган суннатни ўрнатиш учун энг аъло манба сифатида қўлланиладиган саҳиҳ ҳадислар ровийси Бухорий номи билан зикр қилинади. Бу сўз нафақат бухоронинг, балки бутун Ўзбекистоннинг  кўпчиликка намуна сифатидаги мавқеини янада юксакка кўтаради.

          Аслида Бухорони илм зиёси билан Бухоро қилган зот ҳам имом ал – Бухорийдирлар. У зот ўз даврларида барча учун  ишонч ва ҳалоллик тимсоли бўлиб ном қозонганлар. Аллоҳ таоло улуғ устозга ақл бовар қилмас даражада кучли қувваи ҳофиза ато этган эдики, бу борада ўз даврларида ҳеч ким у зотга тенг келолмасди. У зот ёш бўлишларига қарамасдан илму маърифат талабидагилар ортларидан гала – гала бўлиб юришар, у кишидан ўтиришларини ва ҳадис айтишларини илтимос қилардилар. Имомлар пешвоси атрофида минглаб ҳадис толиблари тўпланиб, ҳадис ёзиб олардилар. Устозни Аллоҳнинг энг афзал махлуқоти инсонни тўғри йўлга бошлаш йўлидаги ҳаракатларини энг юксак инсоний хислат сифатида қадрласак арзийди.

           

“Олти буюк муҳаддиснинг иккинчиси ҳисобланган имом Муслимнинг ал – Бухорийга қарата: “Эй, устозларнинг устози, муҳаддисларнинг султони, ҳадисларнинг табиби! Пойингизни ўпишга ижозат беринг!” – дея қилган хитоби аҳли исломнинг улуғ бобомизга ҳурмат ва эътирофи нақадар юксаклигини кўрсатади.

Буюк ватандошимиз башариятга тенгсиз мерос қолдириб кетди. Бу мероснинг гултожи – энг ишончли ҳадислар тўплами – “Ал – Жомеъ – ас - Саҳиҳ” ислом динида Қуръони Каримдан кейин эъзозланадиган иккинчи манбадир. Бутун дунё мусулмонларининг эътиқодига кўра у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғидир ” – деган эдилар.

Исмоил ибн Абу Увайс бир куни имом ал – Бухорийга: “Китобларимни ўқиб чиқиб, хатоларини тузатиб берингиз, бунинг учун неки бойлигим бўлса, сизники бўлсин ва мен то тирик эканман, сизга доимо ташаккур айтурман!” – деган эканлар.

Бу мисол ҳам у зотнинг илмий даражалари юқори эканлигидан яққол намунадир.

Абдон ибн Усмон ал -  Марвазий: “Мен бу боладан кўра донороқ кимсани ўз кўзим билан кўрган эмасман!” – дея Муҳаммад ибн Исмоилдан ишора қилдилар.

Болалигидан то умрининг охиригача атрофидагилар томонидан юксак эъзозланган аллома, вафотидан сўнг ҳам илмий фаолияти ва Аллоҳ томонидан ато этилган илм неъмати билан қиёматгача барча ислом аҳлига, хусусан илму – маърифат талабидагилар наздида юксак эҳтиром ва намунавий шарафга эга бўлди.   

 

 

 

Маҳфуза Бозорова.  “Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳадис фани ўқитувчиси

Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар