1442 йил 16 рабиъус сони | 2020 йил 01 декабрь, сешанба Тонг-06:43 | Қуёш-08:03 | Пешин-12:45 | Аср-15:47 | Шом-17:28 | Ҳуфтон-18:48
Тонг-06:43 | Қуёш-08:03 | Пешин-12:45 | Аср-15:47 | Шом-17:28 | Ҳуфтон-18:48

Диний бағрикенглик

19:09 / 30 июнь 270

Бизларга иймонни берган Парвадигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Ҳақиқий мўмин  қандай бўлиши кераклигини ўзларининг амалу сўзлари билан кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо с.а.в.га бешумур салоту саломлар бўлсин.

Одам а.с. ва момо Ҳавво орқали инсониятга асос солинди. Бу икала инсондан қанча-қанча инсонлар дунёга келди. шунинг учун бизларни Бани Одам деб номланамиз, яъни Одам а.с. фарзандлари ва шунинг учун бизларнинг иккинчи номимиз одамлар, яъни отамиз Одам а.с. номидан қолган. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида шу ҳақида хабар беради:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُواْ رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيرًا وَنِسَاء

Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар![1]

Дарҳақиқат, бизларнинг барчамиз бир ота-онадан бўлганмиз. Отамиз Одам а.с. эса тупроқдан. Ҳозирги пайтда одамзоднинг унсурларини ўрганадиган олимлар шуни аниқлашдики, ердаги тупроқда қанча элемент бўлса, инсоннинг ҳам баданида мана шунча элемент мавжуд. Юқоридаги оят ва мана бу олимларнинг тадқиқотлари шуни маълум қиладики, бизларнинг барчамиз тупроқдан бўлганмиз, маймундан эмас. Яъни бизлар бир ота ва бир оандан дунёга келганмиз.

       Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгани келишганда, Бобилиюн қўрғони олдигача бориб тўхташди. Мисрнинг подшоҳи Муқавқис мусулмонлар билан музокара ўтказишни ва улар нимани хоҳлаётганини билишлик учун бир нечта бошлиқларни юборишни сўради. Ўша пайтда мусулмонларга қўмондон бўлган Амр ибн Ос уларга 12 кишилик жамоа юборди. Улар ичида Убода ибн Сомит ҳам бор эди. Убода ибн Сомит жуда қора, бўйи узун киши эди. Ҳатто у кишини қариб 3 метр бўйлари бор дейишарди. Амр ибн Ос р.а. Убода ибн Сомитга гаплашиш ҳуқуқини берган эди. Улар Муқавқис ҳузурига қирган вақтларида Убода ибн Сомит олдинга чиқди. Муқавқис унинг қоралигидан қўрқиб кетди ва: “Бу қора танлини кўзимдан йироқ қилинг. Мен билан сўзлагани бошқа чиқсин”, деди. Шунда мусулмонлар баробарига: “Албатта, бу қора танли бизнинг фикр ва илм жиҳатидан афзалимиздир. У саййидимиз, яхшимиз ва пешқадамимиздир. Албатта, биз унинг фикри ва сўзига қулоқ соламиз”, дейишди. Муқавқис бунга жавобан: “Бу қора қандай сизларнинг афзалингиз бўлиши мумкин, аслида у сиздан паст мақомда бўлиши керак эди-ку?” деди. “Бундай эмас, гарчи у қора бўлса-да, кўрганингдек даража, ақл ва фикрда биздан афзал. Биз мусулмон ичида бу қора бу оқ деб ажратмаймиз” деб кескин жавоб беришди. Шунда Муқавқис Убода ибн Сомитга: “Майли, олдинга чиқ, эй қора, менга мулойим сўзла, мен сенинг қоралигингдан қўрқаман”, деди. Убода ибн Сомит Муқавқиснинг қўрқинчини кўргач, унга шундай деди: “Бизнинг аскарларимиз ичида 1000 та қора бор. Улар мендан-да қорадирлар”

Динимиз Ислом дини бағрикенг диндир. Бағрикенг динлиги шундаки, самовий динларни бирортасини инкор қилмайди. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:

شَرَعَ لَكُمْ مِنَ الدِّينِ مَا وَصَّى بِهِ نُوحًا وَالَّذِي أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ وَمَا وَصَّيْنَا بِهِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَى وَعِيسَى أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيهِ

Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, шунингдек, биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилинг ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар![2]

Яна динимиз Ислом дини рисолат юборилган бирорта пайғамбарларни орасини ажратмайди ва ҳаммасини ҳақ пайғамбар деб билади:

قُولُوا آَمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنْزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنْزِلَ إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَى وَعِيسَى وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِنْ رَبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ

Айтинглар (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор томонидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у Зотга бўйинсунувчилармиз[3]

Эътиқодда мажбурлашмумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилиши лозим:

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ

Динда зўрлаб киритиш йўқдир[4]

أَفَأَنْتَ تُكْرِهُ النَّاسَ حَتَّى يَكُونُوا مُؤْمِنِينَ

Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?[5]

Илоҳий диёнатли ибодат маконлари, муҳтарам жойлар, мусулмонлар масжидлар каби уларни ҳам ҳимоя ва мудофаа қилинади:

وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَهُدِّمَتْ صَوَامِعُ وَبِيَعٌ وَصَلَوَاتٌ وَمَسَاجِدُ يُذْكَرُ فِيهَا اسْمُ اللَّهِ كَثِيرًا

Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳи, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлар эди[6]

Пайғамбаримиз с.а.в. аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя берар ва улардан қабул қилардилар. Ҳабашистондан насронийлардан бир нечтаси келганда, Расулуллоҳ с.а.в. уларни масжидга тушуриб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилганлар. У зот с.а.в. шу куни бундай деганлар: “Булар саҳобаларимизга ҳурматли эдилар, бугун мен ўзим уларни икром қиламан

Ўлкамизга Ислом динига асос солган ота-боболаримиз риоятлари каби ҳозирда ҳам масжидлар фаолият кўрсатаётгани каби насронийлар черкови, яҳудийлар ибодатхоналари ва бошқа дин вакиллари бутхоналари иш олиб бормоқда. Албатта, бу динимизнинг бағрикенглигидан далолат қилади. Буларнинг замирида эса барча миллату элатлар тинчлиги ва осудалиги ётади. Чунки динимиз номи Ислом. Араб тилида Ислом тинчлик маъносини ўз ичига олади. Аллоҳнинг каломи Қуръон уруш, босқинчиликни зид ғайритабиий ҳолат сифатида қоралайди. Қуръон карим таълим берадики, иложи борича ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонпарварлик йўли билан ҳал қилиниши ва тинчлик ва осойишталик йўли билан ҳар бир нарсани тугалланишини истайди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қирғизистонда бўлиб ўтаётган воқеалар ҳақида яқинда жонажон шаҳримиз Бухорога ташриф буюрганларида Юртбошимиз юқорида зикр қилиб ўтган ояту ҳадисларимизга ҳамоҳанг фикрни айтиб, ўзбек-қирғиз воқеалари тинчлик йили билан ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаб ўтдилар.

Ҳозирги пайтда қўшни мамлакат Қирғизистонда бўлиб ўтаётган можаролар тезроқ тугаб, тинч бўлиб кетиши Аллоҳ таоло илтижо қилиб сўраймиз. Чунки Расулуллоҳ с.а.в. айтганларидек:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالْفَرَاغُ ».

Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир

Парвардигори олам барчамизни мана шу икки неъматдан ҳаргиз айирмасин. Омин!

 

 

 



[1] Нисо 1

[2] Шўро 13

[3] Бақара 136

[4] Бақара 256

[5] Юнус 99

[6] ҳаж 40

Мавзуга оид мақолалар
Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар