1442 йил 8 жумадис сони | 2021 йил 21 январь, пайшанба Тонг-06:34 | Қуёш-07:51 | Пешин-12:56 | Аср-16:20 | Шом-18:01 | Ҳуфтон-19:17
Тонг-06:34 | Қуёш-07:51 | Пешин-12:56 | Аср-16:20 | Шом-18:01 | Ҳуфтон-19:17

Ваҳҳобийликнинг тарихи ва унинг даъволари.

19:00 / 29.06.2020 326

Ватанимиз мусулмонларининг ҳақли эътирозига сазовор бўлган ботил фирқалардан бири “Ваҳҳобийликдир”. Хўш бу фирқа бизнинг диёримизда қачондан бери бўй кўрсатди ?  Қандай даъволар қилди? Бу фирқа тахминан мустақиллик йилларидан илгарироқ, қайта қуриш йилларида пайдо бўла бошлаган. Чунки ўша йиллари эркин фикрлаш ва гапиришга имконият пайдо бўлган, халқимиз ўз дин диёнати ва тарихини ўрганишга кириша бошлаган эди. Мана шу даврда баъзи бир чет элларда ўқиган ёшлар ва чет эллардан келган диндор “меҳмонлар” ёрдамида бу фирқа шакллана бошлади. уларни нг фикрларини қувватлайдиган ҳар-хил адабиётлар ҳам кириб келди. Барчамизга маълумки ўша даврларда халқимизнинг диний саводхонлиги кам, диний олимлар саноқли даражада эди. Шу сабабли чанқоқ ер сувни қандай тортса, ҳар бир чет эллик меҳмоннинг сўзлари , ёки чет элдан келтирилган кичик хажмли китоблар ўшандай  қабул қилинарди. Шундай қилиб бу фирқанинг баландпарвоз шиорлар, чиройли сўзларига моил бўлиб, эргашадиганлар етарлича топиларди.

Хўш, улар нималарни даъво қилишар эдилар?

1. Уларнинг энг катта даъвоси, биз, фақат Қуръонга  ва суннатга амал қиламиз, бизга мазҳабнинг ҳожати йўқ , деган гаплари эди.  Улар келтириб чиқарган барча ихтилофлар мана шу даъвога боғлиқ эди. Аслида уларнинг ичида яхшироқ текшириб кўрилса, ғалвирга илашадигани йўқ эди. Лекин шундай бўлсада улар мазҳаблар ва мазҳаббошиларга ҳеч уялмасдан тил теккизишар эдилар. Хусусан бизнинг диёримизда тарқалган Ҳанафий мазҳабига беҳурматлик қилишар, ўзларича Қуръон-у, ҳадисдан ҳукм чиқармоқчи бўлишарди. Бунинг натижасида фиқҳ масалаларида ихтилофлар чиқаришар, қасддан намозхонларнинг жиғига тегиб оминни баланд айтишар, рукуъдан аввал ва кейин қўл кўтаришар ва ҳаказо.... Лекин у зотлар Ҳанафий мазҳаб олимлари улар билмаган нарсаларни-да билгани, қилни қирқ ёриб ниҳоятда чуқур таҳқиқ  билан ҳукм чиқарганларини билишмас эдилар. Улар ақоид бобида диёримизда азалдан амалда бўлган “Мотуридийя” таълимотига ҳам хилоф сўзлар айтишар эдилар. Масалан, ўликнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилинса, унга етадими йўқми, бирор бир кишининг ҳурматидан ўрнидан туриш мумкинми, Аллоҳ таолога макон нисбат бериладими йўқми, деган масалаларда диндорлар ўртасида ихтилофни кучайтирар эдилар. Улар гоҳида ўзларининг сўзларига далил қилиб чет эллик баъзи бир фақат ҳадис билан иш кўрадиган олимлар ва Саудия бош муфтийси Шайх Абдулазиз ибн Боз ва сафдошларининг сўзларини келтирадилар. Уларнинг гапига унамаганларни эса нифоқ, куфр ва ширкда айблайдилар. Дунёда фақат ўзларинигина мусулмон санашади.

    2.  Улар,   даставвал,    Аллоҳ таолонинг:

{ و ما يؤمن اكثرهم  باللّه إلآ و هم  مشركون }      (يوسف- 106)

          яъни: «Уларнинг аксарияти Аллоҳга фақат мушриклик ҳолларидагина иймон келтирадилар (оғир пайтда Аллоҳга илтижо қиладилар)», деган сўзини  далил қилиб, ҳозир аксар мусулмонлар иймонни даъво қилсаларда, турли хил ширк ишларига машғулдирлар. Шунинг учун   улар мушрикдирлар, қонлари ва моллари ҳалолдир, деган даъвони қилдилар. 

         Аҳли суннат уламолари эса,  бу оят келажак ҳақидаги ваъда эмас, балки жоҳилият арабларининг ҳолатини баён қилиш эди. Яна бу ердаги «иймон келтирадилар», деган сўздан мурод, Аллоҳнинг яратувчилигини тан олишларидир. Чунки жоҳилият мушриклари ҳам, ер-у осмоннинг яратувчиси Аллоҳ, дер эдилар. Ватандошимиз Имом Бухорий (р.а) ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда ибн Аббос (р.а) ушбу оятнинг тафсири ҳақида:  

{و لئن سألتهم من خلق السماوات والارض ليقولنّ اللّه} فذلك ايمانهم و هم يعبدون غيره فذلك شركهم

яъни: "«Қасамки,  агар сиз улардан : «Осмонлар ва ерни ким яратган?»,- деб сўрасангиз, улар, албатта: «Аллоҳ»,- дерлар». Мана шу сўз уларнинг иймонидир. Ваҳоланки, ўзлари Аллоҳдан бошқага ибодат қилардилар. Бу  уларнинг ширкидир», деганлар. Уларнинг тафсирлари эса, Қуръонни, ривоят қилинган саҳиҳ тафсирларга тескари ҳолда, ўз фикри билан тафсир қилиш бўлади. 

3. Улар яна, Оиша онамиздан(р.а)  Имом Муслим ривоят қилган:  Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Токи Лот ва Уззоларга ибодат қилинмагунича, кеча ва кундуз йўқолмайди(яъни, Қиёмат қоим бўлмайди)», деганларини эшитдим. Шунда, эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло:      

هو الّذي ارسل رسوله بالهدي و دين الحقّ ليظهره علي  الدين كلّه و لو كره المشركون} {

«У Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан- гарчи мушриклар ёқтирмасаларда – барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир», деган сўзини нозил қилганда, албатта бу нарса қиёматгача давом этади,  деб ўйлаган эдим. Расулуллоҳ айтдилар:

انّه سيكون ما شاء اللّه ثمّ يبعث ريحاً طيّبة فتوفّّي من كان في قلبه حبة من خردل من ايمان فيبقي من لا خير فيه فيرجعون الي دين ابائهم

«Бу нарса Аллоҳ ҳоҳлаганидек бўлади. Сўнгра ёқимли шабада юборади-да, қалбида хардалнинг уруғича иймони бўлган кишини вафот эттиради. Шунда, ҳеч бир яхшилиги бўлмаган кишилар қоладилар ва ота-боболарининг жоҳилиятдаги динига қайтиб кетадилар», деган ҳадисни далил қилиб, биз бугунги мўминлар оммаси мушрик бўлиб кетганлар, деб  биламиз,   дейдилар.

     Аҳли суннат уламолари бунга жавобан айтадиларки, бу нарса Қиёматнинг катта аломатлари кўрина бошлаган пайтдаги инсонларнинг ҳолатидир. Агар иш улар айтганидек бўлса эди, уларнинг ўзлари ҳам қалбида заррача иймони бўлмаган кишилар бўлар эдилар. Ваҳоланки, улар бошқаларни мушрик, дейиш билан бирга ўзларини «ҳақиқий мўмин»,  деб даъво қиладилар.

            4. Улар, одамлар пайғамбарлар  ва авлиёларни   шафоатчиларимиздир, деб уларга сиғиниб кетдилар. Бу ширкнинг энг ёмонидир, дейдилар.

            Аҳли суннат уламолари дейдиларки, ҳеч қачон пайғамбарлар ва авлиёларни шафоатчи деб эътиқод қилиш ширк эмас, уларни дўст тутиш уларга ибодат қилиш  эмас. Аллоҳ таоло Моида сураси 55-56-оятларда:

{انّما وليّكم اللّه و رسوله والّذين آمنوا الّذين يقيمون الصلوة و يؤتون الزكوة و هم راكعون *ومن يتولّ اللّه و رسوله و الّذين آمنوا فانّ حزب اللّه هم الغالبون}

«Дарвоқе, сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, унинг Расули ва иймон келтирганлар ҳамда намоз ўқийдиган  ва рукуъ қилган ҳолларида ҳам закот (садақа) берувчилардир. кимки Аллоҳни, Расулни ва иймон келтирганларни дўст тутса, албатта, Аллоҳнинг (бу) хизби чинакам ғолиблардир», деб марҳамат қилади. Яна, саҳобалар ва улардан кейинги уламолар:

{فما تنفغهم شفاعة الشافعين}

«Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас» ва

{و ما لهم في الارض من وليّ و لا نصير}

«Ер (юзи)да уларга на бир дўст ва на бир ёрдам берувчи бор», деган оятларни далил қилиб  мўминлар учун шафоат, дўст тутиш ва ёрдам борлигини исботлаганлар.

  5. Яна улар, катта ширкнинг жазоси абадий жаҳаннамда қолиш,  кичик ширкнинг жазоси эса жаҳаннамда абадий қолиш бўлмаса ҳам,  у кечирилмайди. Бошқа гуноҳлар кечирилиши мумкин, дейдилар.

            Бу  сўзлари ҳам Аҳли суннат эътиқодига хилоф бўлиб, куфр ва ширкдан бошқа барча гуноҳлар, агарчи тавбасиз ўлган бўлса ҳам, Аллоҳ хоҳласа кечирилади. Аммо ширкнинг каттаси ва кичиги бўлади, исломдан чиқарадигани  ҳам, чиқармайдигани  ҳам бор.  Қандай ширк исломдан чиқариши ва қандай ширк чиқармаслиги эса мужтаҳид имомларнинг  баёнларига муҳтож бўлади. Энди, мужтаҳидлар бир нарсага ижмоъ қилсалар, ҳеч ким бундан чиқиб кета олмайди.  Агар ихтилоф қилсалар, демак бу масалада ҳукм анча кенгдир. /оибни ёки ўликни чақириш, улардан ёрдам сўраш, ўтган кишига назр қилиш, Аллоҳдан бошқага атаб сўйиш, ё бир қабрни силаш ва уни тавоф қилиш(айланиш), унинг тупроғидан олиш каби ишлар эса кишини исломдан чиқармайдиган кичик ширкдир.           

Холиқийятда яъни, яратувчиликда Аллоҳдан бошқа ҳам яратувчи бор, деса, маъбудийятда яъни, ибодатга лойиқликда Аллоҳдан бошқа ҳам   зот бор деса, ёки вожибул вужудликда яъни, ўз –ўзидан бор, борлигининг бошланиши ва охири йўқлигида Аллоҳдан бошқа яна бирор зот, нарса бор, дейиш каби ишлар кишини исломдан чиқарувчи катта   ширк бўлади.

Юқорида санаб ўтилган ихтилофлар-у фикр мулоҳазалар уларга тарихдан мерос бўлиб қолган. Келинг, шу баҳона уларнинг тарихига бир назар ташлайлик.

  Султон Салим-III  ҳукмронлиги даврида кўпгина фитналар пайдо бўлди. Шулардан бири ваҳобийлик фитнаси эдики, улар Макка ва Мадина шаҳарларини эгаллаб олиб, Шом ва Миср ҳожиларини ҳаж қилишдан тўсиб қўйдилар.

Ваҳҳобийлар   билан Ҳижоз ўлкасига султон тарафидан ўринбосар бўлган Макка амири ғолиб ибн Мусоид ўртасида 1205-ҳ да катта жанг бошланди. Амммо ваҳҳобийларнинг тарқала бошлаши бундан бир неча йил олдин эди. Аввало улар ўз шаҳарларида куч тўплаб, шавкатлари ортган сари шуҳрат ва зафарлари кўпайиб, мамлакатлари кенгайиб борди. Улар сон саноқсиз одамларни ўлдириб молларини талон тарож қилиб, хотин- ҳалажларини  аср олар эдилар. Буларнинг  жирканчларини асосчиси асли Машриқлик, Бани Тамим қабиласидан бўлган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб деган кишидир. У узоқ умр кўрганлиги туфайли «Муҳлат берилганлардан» деб ҳисобланди.  Чунки у юз ёшга яқин яшаб, залолати кўп жойларга ёйилди. Унинг таваллуди 1111-йили бўлиб, 1200-йили вафот этади.

Аввалда ибн Абдулваҳҳоб Мадинаи Мунавварада толиби илмлардан эди. Отаси солиҳ ва олим эди.  Биродари Шайх Сулаймон ҳам ката олимлардан эди. Унинг отаси, акаси ва устозлари ҳам унинг баъзи гаплари, ишлари ва баъзи масалаларда тортишувни кўриб  тез кунларда ундан катта гумроҳлик ва адашишликлар содир бўлишини сезар эдилар. Уни уришиб, одамларни ундан огоҳлантириб ўтирардилар. Ва ҳақиқатдан ҳам тез орада у ўзининг бузуқ ақидалари ва пайдо қилган ақидалари бидатлари билан жоҳилларни адаштириб, дин пешволарига қарши чиқа бошлади. Мусулмонлар жамоасини куфрга нисбат бериб, Набий с.а.в. нинг қабрларини зиёрат қилишни ширк деб эълон қилди. Аллоҳ таолога илтижо  вақтида пайғамбаримиз ёки бошқа пайғамбарлар, авлиёлар ва солиҳларни васила қилиш ва уларга нидо қилишни ширк келтириш, деб даъво қилади. Яна, бир киши, бир нарсани киноявий тарзда Аллоҳдан бошқага суянтирса ҳам мушрик бўлади, деди. Масалан, менга мана шу дори фода берди, деса, мушрик бўлади, деди. У бу даъволарда ўз мақсадига ҳеч ифода бермайдиган далилларни, ёлғондан тўқиб олган ибораларни келтирар эди. Бу билан уларни чалкаштириб ўзига эргаштирар ва бу уларга бу нарсалар ҳақида турли рисолалар битиб берардики, ҳатто улар кўпгина мусулмонларни кофир деб эътиқод қила бошладилар.

Сўнгра Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Дирия вилоятининг амирига қўшилди. Ва улар ўз манбаларини қувватлантириш ва мамлакатларини кенгайтириш учун унинг даъватларини восита қилиб унга ёрдам Бера бошладилар. Натижада улар бутун саҳро арабларини  ўзларига бўй сўндириб олдилар. Ва улар Дирия амирига эвазсиз лашкар бўлдилар. Ва ибни Абдулваҳҳобнинг иши 1143-йилда зоҳир бўлган бўлса 1150-йилдан кейингина тарқала бошлади. Ўша давр уломолари унга радия учун кўпгина рисолалар битдилар. Хусусан катта акаси шайх Сулаймон  ва бошқа устозлари рисолалар битдилар. Асосан унинг даъватини тарқалишига сабаб бўлиб, ёрдам бериб турган киши мусайлама ал Каззоб қавми бўлган Бани ҳанифа қавмидан чиққан, Дирия вилоятининг амири Муҳаммад ибн Сауд эди. Ва унинг вафотидан кейин бу ишга Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Саид эгалик қилди.

Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг Мадиналик устозларининг кўплари бу йигит яқинда Аллоҳ таоло бадбах қилган кўп кишиларни адашишига сабаб бўлади, дер эдилар. Иш ҳақиқатда шундай бўлди.  У ўзининг даъволарида мақсади тавҳидни холис қилиш ва ширкдан покланиш эканлигини айтиб, инсонлар олти юз йилдан бери мушриклик ботқоғига кўмилиб яшамоқда, деди. Ўзини динни янгилагувчи деб даъво қилди. Қуръонда мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни аҳли тавҳидларга ҳам таъвил қилди. Масалан:

{و من اضلّ ممّن يدعو من دون اللّه  من لا يستجيب له الي يوم القيامة و هم عن دعاءهم غافلونّ}

   «Қиёматгача уларнинг дуоларига жавоб қайтаролмайдиган, дуоларини эшитмайдиган ва сезмайдиган, Аллоҳдан бошқа нарсаларга (бутларга) дуо қиладиган кишидан ҳам адашганроқ инсон борми!».

 Ва яна,

{و لا تدع من دون اللّه ما لا ينفعك و لا يضرّك }

 «Аллоҳдан бошқа сизга фойда ҳам зарар ҳам бера олмайдиган нарсаларга дуо қилманг»

 ва яна,

{و الّذين يدعون من دونه لا يستجيبون لهم بشيء}

 «Аллоҳдан бошқа нарсаларга дуо қиладиганлар эса, маъбудлар уларнинг ҳеч бир дуоларини ижобат қилолмаслар», каби оятларга қараб, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб: кимки Муҳаммадсоллаллоҳу алайҳи васаллам,    ёки бошқа пайғамбарлар, валийлар, солиҳлардан биронтаси билан ёрдам тиласа, ёки унга нидо қилса, ёки ундан шафоат сўраса у киши ушбу оятларнинг умумий ҳукмига кўра, шу мушриклар қаторида бўлади дейди.  Аллоҳ таолонинг мушриклар ҳақида ҳикоя қилувчи биз буларга фақат бизни Аллоҳга яқинлаштирмоқликлари учунгина ибодат қилаяпмиз деган оятни тафсир қилиб пайғамбарларни авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилувчиларни мушрик дейдилар. Пайғамбар ва авлиёларни васила қилувчилар ҳам ҳудди шу мушриклар кабидир. Чунки шу мушриклар ҳам буту санамлар ҳеч нарса чрата олмаслигини билар эдилар, балки яратувчи фақат Аллоҳ эканлигини билар эдилар, дейди. Чунки аллоҳ таоло яна бир оятда

{و لئن سالتهم من خلقهم ليقولنّ اللّه}

 «Агар сиз улардан (бутпараслардан)уларни Ким яратган эканлигини сўрасангиз, улар Аллоҳ яратган дейдилар» ва яна

{ و لئن سالتهم من خلق السماوات والارض ليقولنّ اللّه}

 «Агар сиз улардан еру осмонларни Ким яратган десангиз улар албатта Аллоҳ яратган дейдилар», деган оятларни Аллоҳ таоло уларни фақатгина «Биз буларни бизларга Аллоҳга яқинлаштирмоқликлари учун ибодат қиляпмиз», деганлари учунгина мушрик ва кофир деб ҳукм қилаяпти дейди. Унинг раддиясига ёзилган рисолалардан уломоларнинг айтишларича, бу далил нотўғри далилдир чунки мўъминлар пайғамбарлар ёки авлиёларни худо қилиб олганлари ҳам Аллоҳга ширк қилганлари ҳам йўқ, уларни ибодатга ҳақли деб ҳам эътиқод қилмайдилар. Балки уларни Аллоҳни қуллари ва махлуқотлари деб эътиқод қиладилар. Улар ҳақида ушбу оят нозил бўлган мушриклар эса ўзларини санамларини ибодатга ҳақли деб, уларни худди яратувчини улуғлагандек улуғлар эдилар. Агарчи улар ҳеч нарса ярата олмаслигини билсалар ҳам. Аммо мўъминлар, пайғамбарлар ва авлиёларни илоҳ деб ва ибодатга ҳақли деб эътиқод қилмайдилар. Уларни яратувчини улуғлагандек улуғламайдилар, балки уларни Аллоҳнинг қуллари ва танлаб олган дўстлари, деб биладилар. Шоядки уларнинг баракаси билан Аллоҳ ўз бандаларига раҳм қилса, дейдилар. Уларнинг номларини табаррук қилиб, Аллоҳнинг раҳматини қасд қиладилар. Бунга эса Қуръон ва ҳадисда далиллар кўп. Масалан, Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобага мана шундай деб дуо қилса, ҳожати раво бўлишини айтадилар:

الّلهمّ اني اسالك و اتوجّه اليك بنبيّك محمّد نبيّ الرحمة يا محمّد اني توجّهت بك الي ربّي لحاجة هذه لتقضي لي اللّهمّ فشفّعه فيّ

«Эй Аллоҳим мен сендан пайғамбаринг, раҳмат  пайғамбари Муҳаммад билан сўрайман ва юзланаман. Эй Муҳаммад,  мен сен билан мана бу ҳожатим раво бўлиши учун роббимга юзландим. Эй Аллоҳим уни менга шафоатчи қилгин ». Мана бу ҳадисда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламга нидо қилиш жоизлигига очиқ ишорат бор.

Ваҳҳобийлар фитнасининг қисқача  қиссаси ва воқеаси шуки, уларнинг фитнаси ислом аҳлига етган мусибатларнинг энг катталаридандир. Чунки улар жуда кўп мусулмонларни қонини тўкдилар,  молларини талон-тарож қилдилар. Ёмонликари ва зарарлари ҳамма ёққа тарқалди.

Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадисларида шу фитнага ишора борга ўхшайди. Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а дан ривоят қиладилар:

يخرج في آخر الزمان قوم احداث الاسنان سفهاء الاحلام يقراءون القرآن لا يجاوز تراقيهم يقولون من قول خير البريّة يمرقون من الدين كما يمرق السهم من الرميّة

«Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охирзамонда бир қавм чиқади уларни ёшлари кичик, ақллари паст. Қуръонни қироат қилурлар. У аларнинг бўғизидан нарига ўтмас. Улар одамларининг энг яхши гапларини сўзлайдилар. Диндан худди камондан ўқ чиққандек чиқарлар»,- дедилар».

Динимизда фикр эркинлиги таъминланган. Бунинг натижаси ўлароқ тобеъинлар ичида мужтаҳид олимлар етишиб чиқдилар. Ислом уммати бу зотларнинг саъй ҳаракатларини муносиб қарши олдилар ва ўзаро ихтилофларга чек қўйиш  учун  омма халқ фиқҳий мазҳабларга эргашиши лозим деган фикрга келдилар. Айни шу ҳолатда мазҳаблар бир-бирини ҳурмат қилишлари лозим эканлиги ҳам таъкидланган. Мазҳаблараро ихтилоф қилиб бир-бирига азият етказиш эса ҳаром эканлиги эътироф этилган.

Ўтган улуғларимиз шароитдан келиб чиқиб золим подшоҳлар шариатни ўз ҳоҳишларига буришни таъма қилмасинлар учун ижтиҳод эшигини беркитган, ҳамма муаййан фиқҳий мазҳабга эргашсин, деган иттифоққа келганлар. Бутун бошли ислом уммати бу ижмоъни мамнуният билан қабул қилган эдилар.

Яна уммат ичида етишиб чиққан мазҳабларнинг далилларини бир-бирига солиштириб, кучлисини кучсизидан ажрата оладиган кишилар ўзларига фатво чиқариб олсалар майлига, лекин кўпчиликнинг бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин дейилади. Ҳозирда, ҳамма олимларнинг иттифоқ қилишича, ижтиҳод даражасига етган киши йўқ экан.

 Ўша мужтаҳидлик даражасини қилаётган кишиларни, энди ким деб атасак бўлади!?

  Улар, суннат турганда фиқҳга нима бор, дейишади. Лекин билмайдиларки, ўтган фақиҳларимиз Қуръон ва суннатни жуда яхши билганлар. Масалан, диёримизда кенг тарқалган «Мухтасарул виқоя» китобида бирорта оят-у ҳадис йўқ. Бу ундаги сўзларнинг далили йўқлигидан эмас, балки унинг усули шундай. Лекин у китобни «Ниқоя » номли шарҳи борки, у китобда «Мухтасар»нинг ҳар бир жумласига  оят-ҳадис ва ижмоъдан далил келтирилган. У мужтаҳидлик даъвосини қилаётган дўстларимиз  «Ниқоя»ни ўқиб, Ҳанафий мазҳабининг далиллари билан танишсинлар, кейин гапирсинлар.

Лекин ислом фиқҳидаги ҳамма усулий қоида ва ижтиҳодлар музлаб қолган эмас. Замонлар ва маконлар ўзгариши билан юзага келган янги-янги масалалар ўша азиз мужтаҳид олимларимиз қўллаган усулларда олимларимиз ижмоъси билан ҳал этилади.

Эътиқодий масалаларда ҳам гап шундай. Имом Мотуридий Мовароуннаҳрда «аҳли суннат»нинг шайхи эди. У зот Имом Аъзамнинг шогирдлари Имом Муҳаммаднинг шогирдининг шогирди эдилар. У зот айтган сўзларнинг ҳар бири далил-ҳужжати бордир. Ҳаводан олиб гапирмаганлар, ахир. Шундай экан мужтаҳидлик даъвосини қўйиб, ўтган азизларимизнинг йўлига эргашмоқ лозим. Мусулмонлар ўртисига ихтилоф солиб, бировни мунофиқ, бировни кофирга чиқаргандан кимга фойда, кимга зарар!?  

 

 


 

 
Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар