1442 йил 8 рабиъул аввал | 2020 йил 24 октябрь, шанба Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57
Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57

“ЖЎЙБОРИ КАЛОН” АЁЛ-ҚИЗЛАР ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ ИСЛОМ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ТАРИХИ ВА ҲОЗИРГИ ФАОЛИЯТИ

15:38 / 14 июнь 1310

 Жўйбор – тожикча сўз бўлиб, “катта оқар ариқ”, “ариқ бўйи” маъноларини англатиб, ушбу нисбат тарихи минг йилликларга бориб тақалади. Пайғамбарнинг қизлари – Фотима(р.а.)нинг фарзанди Имом Ҳусайннинг Зайнулобиддин исмли ўғлидан туғилган Хожа Саъд “Жўйборий Хожалар”нинг сардафтаридирлар. Али ибн Ҳусайн Хуросондан Бухорога келгандан кейин у билан бирга ўша машҳур Чор Бакрлар – Абу Бакр Саъд Яманий, Абу Бакр Тархон, Абу Бакр Фазл, Абу Бакр Ҳомидлар ҳам бу юртга келиб, бир умр шу ерда қолиб кетадилар, Бухорода ислом динининг тарғиботи, дунёвий илмлар ва фалсафий адабиётнинг ривожига улкан ҳисса қўшадилар.

Айниқса, ҳарб илмини пухта эгаллаган соҳиби каромат Хожа Саъд (Имом Ҳусайннинг невараси) Бухоро амири Исмоил Сомонийнинг ҳарбий юришларида маънавий мадад бериб, қўллаб турган. Йиллар ўтиб, Хожа Саъд вафот этганда унинг жасади, васиятга кўра, Сумитан (Чор Бакр) қишлоғидаги қадимий қабристонда кўмилган. Кейинчалик бу жой Жўйборий саййидзодаларнинг мангу хобгоҳлари бўлиб қолган. 

Чор Бакрларнинг кароматлари билан амир Исмоил ғалаба қилиб, катта ўлжа, мол-мулкни қўлга киритган. Уларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд бўлган амир Исмоил Сомоний Чор Бакрлар учун Шаҳристондан жануб томонидан Жўйи Мўлиён деган хушҳаво, серҳосил ва гўзал жойлардан ерлар ажратиб, уларга вақф қилди.

Жўйи Мўлиён ерлари қадим вақтларда Тағшода (Бухоро шодшоҳи, Бухорхудотнинг ўғли) мулки бўлиб, у ўз ўғиллари ва куёвларининг ҳар бирига тақсимлаб берган эди. Амир Исмоил Сомоний бу ерларни халифага Мустаин ибн Муътасимнинг лашкарбошиси бўлган Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Толутдан 10000 дирҳамга сотиб олди. Амир Исмоил Жўйи Мўлиёнда саройлар ва боғлар барпо қилиб, кўпроқ қисмини маволийларга берди.

Маволий “мавло” сўзининг кўплиги бўлиб, “озод этилган қул” маъносида қўлланган. Исмоил Сомоний лашкари орасида асир тушиб, қул бўлган, кейин озодлик олиб, аскар сифатида хизмат қилганлар бор эди.

Бухоро шаҳри яқинидаги бу ерларни араблар “Фаровиз ул-улё” (Шаҳристонинг нари ёғидан оқиб ўтувчи сув) дейишарди. Исмоил Сомоний озод бўлган қулларни жойлаштиргач, бу ерлар Жўйи Маволиён деб атала бошланди. Халқ буни қисқартириб, Жўйи Мўлиёнга айлантирди.

Чор Бакрлар ўша Исмоил Сомоний даврида обод, фараҳли Жўйи Мўлиёнда ўрнашиб, бутун авлод шу ерда умр кечирганлар. Бу ер кейинчалик халқ томонидан соддароқ Жўйбор деб ҳам атала бошлаган. (Ҳозирги Чор Бакр мажмуи жойлашган Сумитан қишлоғи). Шунинг учун ҳам Чор Бакрларни Жўйбор хожалари, шайхлари, авлиёлари деб ҳам тилга оладилар. Уларнинг ерлари жуда кўп бўлган.

Минг йил давомида Чор Бакрлар Бухорода катта нуфузга эга бўлиб, бу ерларнинг илму маърифати, маънавий ҳаётида иштирок этганлар. Бухоро ҳукмдорлари улар билан доим ҳисоблашган. Қийинчилик пайтларида маслаҳат олганлар. Юртнинг озодлиги, осойишталиги учун курашда уларнинг ёрдамларига суянганлар. Ҳар хил туҳфа, инъомлар ҳам қилганлар. Аммо бу зоти шарифлар қўлларида бор нарсани сарфлаб, масжидлар, мадрасалар қурганлар. Кутубхоналар, шифохоналар, очганлар. Айниқса, ғариблар, муҳтожларни ҳимояларига олиб, ҳаётини таъминлаганлар. Ўзлари камтарона, хокисор, дабдабасиз яшаганлар, кейинги авлодларга шундай  тарбия бериб, инсон камолотини намойиш этганлар. 

Жўйбор хожалари ва уларнинг зурриётлари асосан шаҳарнинг Жўйбор мавзеида истиқомат қилишган. Хожа Саъдиддин (1531-1589 Калонхожа) ибн Хожа Исломнинг (1493-1563) авлодлари шу мавзенинг Ҳавзи Нав гузарида яшаганлар. Бу гузарда масжид бўлиб, унинг биноси (XVII аср) Абдулазизхоннинг онаси ўз маблағи билан қурдирган. Масжид рўпарасида йўлнинг шимолий томонида катта мадраса бўлиб, у “Жўйбори Калон” мадрасаси деб номланган. Мазкур мадраса Субҳонқулихон даврида XVII асрнинг иккинчи ярми, аниқроғи, 1670-71 йилларда Хожа Саъдиддин ибн Хожа Исломнинг невараси, Хожа Абдураҳим Жўйборнинг қизи Ойпошша биби меросий мулки маблағи ҳисобидан қурдирган. У бир неча таноб ерлар, дўконларни ўша мадрасага вақф қилган. Ойпошша солиҳа, фозила, зоҳида ва тақводор аёллардан бўлиб, унинг насаби қуйидагича: Ойпошша бинт Абдураҳимхожа ибн Хожа Саъдиддин (Хожа Калон) ибн Хожа Ислом ибн Хожа Аҳмад ибн Хожа Яҳё...

Мадраса талабаларининг моддий таъминоти Жўйбор шайхлари зиммасида бўлган. Хожа Саъдиддиннинг катта ўғли Хожа Тожиддин Ҳасан Жўйборий (ваф. 1646) отаси вафотидан кейин нақшбандия тариқати давомчиси сифатида танилган бўлиб, унга ота-боболаридан катта мол-мулк мерос қолган. У жуда саховатпеша бўлиб, ҳар куни новвойхоналарда 1001 дона нонни таваккалий (70-80 см. ли бухорий оби нон) ёпиб, уни ҳар куни Жўйбор фуқароларига, шаҳар мадрасаларининг талабаларига тарқатган.

Шуни ифтихор билан таъкидлаш жоизки, Хожа Ислом Жўйборийдек нақшбандия тариқатининг буюк қутбининг мазкур Жўйбор мадрасаси кутубхонасида 8 минг жилддан ортиқ ноёб китоблари сақланган.

Мадраса жойлашган Жўйбор мавзеи қалъа ичига кирмагани учун “Жўйбори Берун” деб аталади.

Мадрасанинг баланд пештоқли эшиги жануб томонга қараб очилади. Дарвоза рўпарасида ихчамгина ҳовуз – Ҳовузи Нав жойлашган. Мадраса, масжид, ҳовуз меъморий мажмуани ташкил этади. Шўролар даврида ҳовуз ёнидаги минор бузиб ташланган.

Ойпошша биби мадраса қурилишида азалий анъанага риоя қилган. Ҳашаматли пештоқ ичидаги дарвоза орқали Миёнсаройга кирилади. Чап қўлда масжид. Ўнг қўлда томга чиқиладиган пиллапоя ва ҳужралар тизилмаси. Мадраса бир қаватли – 21 ҳужраси бор. Равоқлари кенг. Ҳужралар бир-бири билан том усти гумбазлари орқали туташтирилган. Кўча ва саҳна томонга қаратилган ёруғкирар гумбазлари орқали туташтирилган. Кўча ва саҳна томонга қаратилган ёруғкирар гиреҳлар панжаралари мавжуд. Мадраса ичкари ҳовлисининг девори безаксиз. Ҳужралар юза қисми, эшиклар устига оби ғишт кесмалари билан зеб берилган. Ҳовли ўртасида обрав (чиқинди сувлари тушиб кетадиган йўл) мавжуд. Пештоқ чап қанот деворида (ташқаридан) учта ҳужра бор. Деворларнинг кўча томон юзига аркалар билан безак берилган. Пештоқ икки томонида гулдаста, гулдастада кўшк  йўқ. Мадрасани безаклари гулнорий (баҳор гуллари рангидай безак бериш санъати) рангда кошин билан парчинкорий қилинган. Китеба (бинонинг ёзувли безак қисми)сида ёзувлар бўлган. Бугунги кунда ёзувлардан биронта сўз қолмаган. Пештоқнинг юза қисмида кошинкорийдан намуналар мавжуд.

Шўролар даврида мадраса молхона, кейинчалик новвойхона, сўнгра шиша идиш қабул қиладиган масканга айлантирилган.

Алҳамдулиллaҳ, Ўзбекистон истиқлолга эришгач, аёл-қизлар ҳам диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлиб, мамлакатимиз маънавиятини шакллантиришда ҳисса қўшишлари учун мазкур “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 1992 йил 1 сентябрда ўз фаолиятини бошлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтказилди. Билим юрти ўрта маълумотли Бошланғич  араб тили мураббийси, Диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари маслаҳатчиси тайёрлайди. Мадраса ташкил топган йилларида 60 нафар талаба қизлар таҳсил кўрган.

Ҳозирги кунда билим юрти талабаларига 21 нафар мударрису мударрисалар дунёвий илмлар билан бир қаторда Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, ақоид, араб тили (сарф, наҳв), хаттотлик каби фанлардан сабоқ бераётир. Шу жумладан билим юрти талабалари Республика миқёсида ўтказиб келинаётган қорилар мусобақаси, фан олимпиада, “Баркамол авлод” спорт мусобақаларида ва анжуманларда қатнашиб фахрли ўринларни олиб келмоқдалар. Шунингдек, талабаларга пазандалик, бичиш-тикиш, тўқиш каби ҳунарлар ҳам ўргатилади. 2016 йил январь ойидан химия-физика лабаратория хонаси ташкил қилинди. Билим юртининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 4 та видео камералар ва синф хоналарига совитгичлар ўрнатилди.

2015 йилда билим юрти АРМи 2 хонадан иборат бўлиб, биринчиси асосий кутубхона, иккинчиси қироат хонаси. Билим юртида 2016 йилга қадар 3064та махсус фанлардан дарслик, 1137 та умумтаълим фанлардан ўқув қўлланма ва дарсликлар, 395 бадиий китоблар, 1687 та илмий оммабоп, 1597 та Президент асарлари ва ижтимоий сиёсий китоблар, 1650 та араб тилида илмий адабиётлар 9130 та китоб захирасига эга бўлган кутубхона мавжуд эди. 2015 йил АРМ қироат хонаси янги(14та) китоблар жавони билан таъминланиб кутубхона иккига (умумтаълим ва махсус фанлар) ажратилди, 2 та компьютер ва принтер билан жиҳозланган АРМ хоналари талабалар ихтиёрига топширилди.

100 ўринли ошхона, 25 ўринли дам олиш хонаси, 8 та фан хоналари, 15 ўринли маънавият ва маърифат хонаси, 16 ўринли компьютер хонаси, спорт майдончаси, масжид, қироатхона, янги таъмирдан чиқарилган 9 та талабалар турар жойи хоналарида 2 қаватли краватлар ва тўшаклар, айвон, билим юртининг барча қисми замонавий иссиқлик манбаи билан таъминланган, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган ҳамшира хонаси, таҳоратхона, билим юрти талабалари учун озиқ-овқат сақлаш хонаси ҳам талабалар хизматида.

Мадраса 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан расмий рўйхатдан ўтди ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг махсус лицензиясини ҳам олиб, Бухоро вилояти ҳокимлигидан рўйхатдан ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августда чиқарилган “Дин соҳасидаги маънавий ва маърифий, таълим ишларини ва фаолиятни янада такомиллаштиришда ижтимоий ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Ислом маъҳади ва ислом ўрта махсус билим юрти битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди ҳамда ана шу ҳужжат (диплом)га эга бўлган шахсларга олий ўқув юртларига кириш ҳуқуқи берилди. Шу қарорга мувофиқ билим юртини тамомлаган талабалар орасида олий ўқув юртларида ўқишни давом эттираётганлар ҳам бор.

 

 

 

 

 

Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар