1442 йил 8 рабиъул аввал | 2020 йил 24 октябрь, шанба Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57
Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57

Чор Бакр мажмуаси тарихи

00:45 / 01 июнь 333

 Чор Бакр зиёратгоҳи Бухоро шаҳридан 6 км ғарбда жойлашган бўлиб, бу ҳудуднинг қадимий номи Сумитандир. “Ғиёсул-луғат” китобида ёзилишича Сумитан сўзининг маъноси “жундан мато тўқувчилар яшадиган жой” деган маънони англатади. Х асрда Сумитан қишлоғига Бухородан Ходшарун номли дарвоза орқали ўтиб борилган. Ходшарун дарвозаси ХV-XVI асрларда Талипоч яъни “Хон тепалиги” деб номланган. Тўртта буюк авлиё- Ҳазрат Абу Бакр Саъд Яманий (ваф. 970), Ҳазрат Абу Бакр Ҳомид (ваф 937), Ҳазрат Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (ваф.991),Ҳазрат Абу Бакр Тархон (ваф.945) шарофатларидан бу мавзе Чор Бакр, яъни тўртта Бакр деб аталган.

          Тарихий ривоятларга қараганда, Чор Бакрларнинг шажаралари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га бориб тақалади. Тарихчи Муҳаммад Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” номли китобида келтирган маълумотга  кўра, 889 йилда Али ибн ал-Ҳусайн Хуросондан ўтиб, Амударё бўйлаб Бухорога келади. Амир Исмоил Сомоний у кишини жуда яхши кутиб олади. Али ибн ал-Ҳусайн билан бирга ўша машҳур Чор Бакрлар – Абу Бакр Саъд Яманий, Абу Бакр Ҳомид, , Абу Бакр Фазл ибн Жаъфар, Абу Бакр Тархонлар ҳам бу қуёшли юртга ташриф буюриб, бир умр шу ерда қолиб кетадилар. Жаъфар ва Али авлодидан бўлмиш Чор Бакрлар Бухоро шоҳи атрофида жипслашиб, илму ирфоннинг тарғиботига катта ҳисса қўшадилар. Тарихий манбаларда айтилишича, Амир Исмоил Сомоний Чор Бакр авлиёларига беҳисоб ерларни вақф қилиб берган. Улар эса вақф ерларидан келадиган даромадларни эл-улусга тарқатган, юртни ободонлаштириш учун сарфлаган. Бошпанасизларга бошпана қуриб берган, толиби илмларга илм ўргатган, адашган кимсаларга тўғри йўлни кўрсатган, беморларга, етим-есирларга холис хизмат қилган, бир сўз билан айтганда Оллоҳ ризосини топиш мақсадида, халққа беминнат хизмат қилганлар. Минг йиллар давомида Чор Бакр авлодлари Бухорода катта нуфузга эга бўлиб, бу ерларнинг илму маърифати, маънавий ҳаётида иштирок этганлар. Бухоро ҳукмдорлари улар билан доим ҳисоблашган. Қийинчилик пайтларида маслаҳат олганлар. Юртнинг тинчлиги ва осойишталиги учун курашда уларнинг ёрдамларига суянганлар.

Сумитандаги Чор Бакр мажмуаси бир-бирига туташиб кетган оилавий хазира ва даҳмалардан иборат бўлиб, уларнинг олд томони пештоқлар ва ҳужралар ҳусн бериб турувчи яхлит девор билан ўралган. Чор Бакр номи билан машҳур бу мажмуа Ўрта Осиё меъморчилигининг энг ажойиб намуналаридан ҳисобланиб, унда XVI-XVII аср меъморчилигининг Бухоро мактаби усуллари яққол ўз ифодасини топган. Хазира ва даҳмалар анча пухта ишланган бўлиб, кошинкор деворлар билан қуршалган деворларнинг ҳар жой-ҳар жойида ичкарига олиб кирувчи меҳробнусха эшик мавжуд, миёнсарой (даҳлиз)нинг ҳар икки томонида ҳужралар жойлашган.

Чор Бакр ва Жўйбор хожалари

         Жўйи мулиён  деб аталишининг сабаби: Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида ёзилишича, 680 йилда Муслим ибн Зиёд томонидан Бухоронинг подшоҳи Бидун Бухорхудот ўлдирилган вақтда ундан бир эмадиган ўғил бола қолади. Унинг оти Тағшода эди. Тағшоданинг онаси Хотун 680-695 йиллар мобайнида Бухорони бошқаради. Хотуннинг вафотидан сўнг тахтга Тағшода ўтиради. Қутайба ибн Муслим Бухорони фатҳ қилади.Тағшода исломни қабул қилгач, Қутайба ҳокимиятни унга топширади.

Жўйи мулиён ерлари серҳосил ерлар бўлган. Исмоил Сомоний (892-907) Отасининг мавлоси Симо ул-Кабир “Улуғ сиймо” ни дўст тутгани ва уни яхши кўргани учун бу ерларни аббосий халифа Мустаъин ибн Муътасимнинг лашкарбошиси Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Толутдан сотиб олади ва мавлавийларга (озод этилган қуллар) беради. шундай йўл тутади. Ниҳоят у ерлар Жўйи маволиён деб аталади. Халқ орасида эса Жўйи мулиён деб ном қозонди. Сомонийлар подшоҳлиги даврида фаолият кўрсатган Чор Бакрлар  Жўйи мулиён атрофида ўрнашиб, шу ерда яшаб қолганлари сабабли Бухоро халқи уларни Жўйборий хожалар (Хожайи Жўйбориён) деб атаганлар. Жўйбор – тожикча сўз бўлиб, “катта оқар ариқ” маъносини беради.             

        Абу Бакр Саъд улуғ шайх, олим, обид эди. Бу зоти шариф пайғамбар (с.а.в.) авлодидан бўлиб, Сомонийлар ҳукмронлигида яшаб, Бухорода “Шайхул ислом” рутбасига эга бўлган. Ривоят қилишларича, Ҳазрат Абу Бакр Хизр (а.с.)ни учратиб қоладилар. Хизр (а.с.) у кишининг илм йўлидаги ғайратини сезиб, қирқ йил чўлда сабоқ берадилар. Ҳалол луқма, таъмасиз хизмат, тақво, ота-онасининг дуоси туфайли Абу Бакр Саъд валий бўлди. Ҳазрат 970 йилда вафот қилдилар.

       Абу Бакр Фазл (қ.с.) буюк фақиҳ, тақводор олим, муҳаддис бўлганлар. У киши сабабидан Бухоро исломга ёт бўлган турли фирқалардан тозаланган. “Муснади Фазл” китобини ёзганлар. Афсуски, бу китоб жоҳил Чингизхон босқини даврида ёқиб юборилган. Табаррук зот 991 йилда вафот этганлар.

        Абу Бакр Ҳомид (қ.с.) улуғ шайх, муҳаддис олим, ўз замонасининг буюк тарбиячиси бўлиб, минглаб одамларни тўғри йўлга бошлаган. Ўша давр олимлари орасида Қуръон тафсирида унга тенг келадигани бўлмаган. Нуфузининг баландлиги учун у кишига “Шайхи олам” унвони берилган. Жаъфарийзода Абу Бакр Ҳомид 937 йилда вафот этганлар, қабрлари мозори Беҳиштиёнда.

       Абу Бакр Тархон (қ.с.) муҳаддис, фақиҳ, буюк авлиё, улуғ тарбиячи бўлиб, “Жомеъ ул-Муснад” китобининг муаллифидирлар. “Туҳфат аз-зоирин” китобида ёзилишича, Ҳазрат дину диёнат йўлида буюк хизматлар қилганлар ва 945 йилда вафот қилганлар.

        Жўйбор хожалари номи билан машҳур бўлган авлиёлар Абу Бакр Саъднинг авлоди бўлади. Шу авлодга мансуб валиюллоҳ Ҳазрат Хожа Фахриддин Муҳаммад Ислом (қ.с.) 1493 йилда Бухорода туғилганлар. Улуғ авлиё, нақшбандия тариқатининг пири муршиди Хожа Муҳаммад Ислом ҳазратлари илк сабоқни бобосидан олади. Тариқат сабоғини Ҳазрат Хожа Аҳмад Маҳдуми Аъзам Даҳбедийдан (1461-1542) олган. Хожа Исломни Ҳазрат Али (р.а.) руҳлари ҳам тарбият этган, бу киши “увайсий” ҳисобланади. Шайбонийлардан Искандархон (1561- 1583) ва унинг ўғли Абдуллоҳхон (1583-1598) Хожа Исломни ўз пири муршидлари деб билган. У зоти шариф Ҳусайн Бойқаронинг амирларидан бири Муҳаммад Туман манғит қизига уйланадилар. Биринчи фарзандлари ўғил бўлади. Хожа Ислом бир юмуш билан Миёнқолга, Искандархон ҳузурига борадилар ва хон ўғли Абдуллоҳхон дардга чалинганини эшитиб, шундай дейдилар: “ Агар у кишининг ҳаёти хавф остида бўлса, биз ўз фарзандимизни у кишига фидо қилдик.” Оқибатда ҳазратнинг фарзандлари вафот этади ва Абдуллохон шифо топади. Орадан бир йил ўтгач, Худо ҳазратга яна бир ўғил ато қилади. Унинг отини Хожа Саъд (Калонхожа) деб қўядилар. Хожа Ислом Абдуллоҳхонни ўз тарбиясига олиб, умрининг охиригача унга фарзандидай ғамхўрлик қилади. Абдуллоҳхоннинг Хожа Исломга ҳурмат – эътибори шу қадар баланд эдики, ҳазрат ўзи учун ман қилган нарсани албатта Абдуллоҳхон учун ҳам ман қиларди. Бухоро, унинг ёрқин келажаги учун муносиб шоҳ Абдуллоҳхонни тарбиялаб, уни шуҳрат эгаси, тарихда “ Қутли қадам хон” қилиб қўйган ҳам Хожа Ислом эди. Ҳазрат Харбун (Жондор) ҳудудидаги Сомончуқ ва Тали маҳси деган жойларидан катта ер майдони сотиб олиб, у ердан ариқ қаздириб, сув танқислигига барҳам берди ва у ерларни деҳқонларга бўлиб берди. Хожа Ислом 68 йил баракали умр кўрди. Вафот этадиган кунлари 12 кун олдин у кишига аён бўлди. Ўғиллари Калонхожага жанозахат ёздириб, боболари Абу Бакр Саъд қабрлари ёнига дафн этишни васият қилдилар. 1563 йил октябр ойининг 25-куни, жума тонгида оламдан ўтдилар. Ҳазрат вафотида шоҳ Абдуллоҳхон уч кун мотам либосини кийиб, бошқаларни ҳам шунга ундайди. “Абдулланома” китобининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий ҳам жанозага қатнашиб, ҳазратнинг вафотларига атаб марсия ўқиди. Хожа Ислом ўрнига Хожа Калонхожа  “қойим мақом” деб эълон қилинади.

          Хожа Саъдиддин – Калонхожа Хожа Исломнинг катта ўғли, 1531 йилда туғилган. Отасининг вафотидан сўнг Абдуллохон саройида шайх ул-ислом лавозимида хизмат қилди. У кишини Носириддин Хожа Саъд ҳам дейишади. Учта ўғиллари- Тожиддин Ҳасан, Абдураҳим Хожа (Ойпошшаойим шу кишининг қизлари), Абду Хожалар ҳам хон дарборида хизмат қилганлар. Отаси Хожа Исломга қайнотаси Муҳаммад Туман манғитнинг Хуросон ерларидан катта ер, мол-мулк мерос қолади. Бу меросий ҳужжат Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон, Музаффар Ҳусайн ва Алишер Навоий  муҳрлари билан тасдиқланган эди. 1588 йилда Хожа Саъд мазкур ҳужжатни шоҳ Абдуллохонга кўрсатади. Шоҳ ҳужжатни қайта тасдиқлаш учун фармон чиқаради. Меросий мулк даромадидан Хожа Саъд жуда катта хайрли ишларни амалга оширадилар. Карвон йўллари устида бир нечта сардобалар  қурдирадилар, ариқлар қаздириб, сув чиқарадилар. Хожа Саъд 1589 йилда вафот этадилар, қабрлари Чор Бакрда. У кишидан кейин ўғиллари Тожиддин Ҳасан  “қойим мақом” бўладилар.

        Хожа Тожиддин Ҳасан ибн Хожа Саъдиддин 1574 йилда туғилган.  Отасининг ишларини давом эттиради. Кенжа ўғиллари Абул Аббос Муҳаммад Толиб ўзининг “Матлаб ут-толибин” китобида отаси ҳақида жуда кўп маълумот беради. Унда айтилишича, Тожиддин Ҳасан табобат, меъморчилик илми билан ҳам шуғулланган. Ҳазрати  Эшон (Тожиддин Ҳасан) нинг саъй –ҳаракатлари билан 70 дан ортиқ масжид, мадраса, ҳаммом, жумладан, Бухоро шаҳристонида, масжиди Жомеънинг шимол томонида мадраса, Корхона масжиди, Кўи Сари хиёбон масжиди, Жўйбор маҳалласидаги хонақоҳ, Калобод масжиди (аслида Гулобод бўлган), Жўи зар масжиди, Деҳнав, Исқара, Шожамин, Зандана, Қоракўл туманидаги масжид, 12 та ҳаммом ва сардобалар қурилди. Бухоро шаҳристонида катта “Доруш-шифо” (Шифо уйи) дорихонасини қурдирадилар ва у ерда ўзлари дори – дармон тайёрлаб, эҳтиёжмандларга бепул тарқатадилар. Тожиддин Ҳасан 1646 йилда вафот этдилар. Қабрлари Чор Бакрда, ота-боболари Хожа Абу Бакр Саъд ва Хожа Ислом қабрларининг қибла томонида, пештоқли меҳробнинг орқа қисмида жойлашган. У кишининг Юсуф Хожа, Муҳаммад Хожа, Тоййиб Хожа ва Абул Аббос Муҳаммад Толиб исмли ўғиллари бўлган.          

       Чор Бакрдаги нурафшон обидалар Ҳазрат Хожа Фахриддин Муҳаммад Ислом - Ҳазрат Хожа Ислом Жўйборийнинг саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилган.Чор Бакр меъморий ансамбли Хуросон йўли ёқасида жойлашган энг муҳташам бино ҳисобланиб, уни барпо этиш ғояси Жўйбор хожаларининг йирик вакили Хожа Исломда пайдо бўлади. Обида қурилишига сарф этилган маблағларнинг бир қисми Жўйборий хожалар хонадони ҳиссасига тўғри келади. Абдуллохон Бухоро тахтига ўтиргач, Сумитан мавзеида ўз пири Хожа Ислом режалаштирган биноларни қуришга киришади. Қурилишнинг бош меъмори – Халифа Неъматуллоҳ деган киши бўлади. Натижада 1559-1570 йиллар мобайнида масжид, мадраса ва хонақоҳдан иборат ажойиб бир меъморий ёдгорлик вужудга келади. Жўйборий хожалардан Насриддин Хожа Саъд (Хожайи Калон), Хожа Тожиддин Ҳасан, Ҳазрат Абдураҳим Хожа, Ҳазрат Муҳаммад Хожа ва Юсуф Хожалар ҳам ота –боболарининг ишларини давом эттириб, бунёдкорлик ишлари билан шуғулланганлар. Чор Бакр арофидаги ерларни обод қилиб, уларни вақфга айлантирганлар. Вақфдан тушган маблағлар ҳисобидан мажмуадаги масжид, мадраса, хонақоҳ, даҳма ва хазиралар таъмирланган. Мадрасада илм оладиган талабалар ҳам вақф тушумларидан таъминланган. Чор Бакр зиёратгоҳи том маънода мусулмонларнинг илм оладиган, ибодатларини адо этадиган, етим-есир, бева-бечораларни ўз бағрига олган хайр-саховат манзили бўлган.

Чор Бакр мажмуаси

        Хонақоҳ (хонаи хоси Худо) - аҳли илм ва машойихлар йиғилиб, зикр  ва илм мажлислари ўтказадиган жой бўлиб, пештоқининг баландлиги 20 метр. Пойдевори ер остида бўлиб, 12 метрни ташкил этади. Эни икки метр. Гумбаз баландлиги 22 метр, айланаси 17 метр бўлиб, айлана юзасида Калимайи Тоййиба кошинкорий билан ёзилган.

       Мадраса - пештоқи уч қаватли, кўп ҳужрали, кўриниши жуда чиройли иншоотдир. Чор Бакр мадрасаси Бухоро мадрасаларининг олий тоифасига киритилган бўлиб, ўз замонасининг энг машҳур илм даргоҳларидан бири бўлган. Илм толибларига қулай шароит яратиш мақсадида ҳужралар ичида ўчоқ вазифасини бажарувчи ҳамда қиш фаслида уйни иситувчи восита сифатида ўчоқдон, сандал, китоблар учун равоқлар қурилган.

       Масжид – кўркам гумбазли, гўзал пештоқли жуда ҳашаматли бинодир. Масжид пештоқида « Ал-Исро» сурасининг аввалги тўрт ояти сулс хатида битилган. Масжид пештоқининг баландлиги 20-30 метр. Пойдеворининг ер сатҳидаги қисми 12 метр.

Уч ҳашаматли бинонинг шундоқ рўпарасида Мирзо Ҳожи Жўйборий томонидан 1896 (ҳижрий 1318) йилда унча баланд бўлмаган минора қурилган.

Шунингдек, Чор Бакр мажмуасида Жўйборий хожаларнинг мангу хилхоналари, даҳма ва хазиралари мавжуд. Саъдуллоҳ Хожа хазираси, Акобир Хожа хазираси, Насриддин Хожа хазираси, Абдулазиз Хожа хазираси, Атоуллоҳ Хожа хазираси, Зайнаб Бону Султон Хоним хазираси, Обид Хожа хазираси, Пошшоойим хазираси, Имомат хазираси, Мастурабону Султоним хазираси, Жонкелдибий дахмаси, мирза Муҳаммад Билгун хазираси, сақохона, гармоба ( таҳоратхона) ва чиллахоналар ўрта аср меъморчилик услубида қурилган.

Саъдуллоҳ Хожа хазираси

Мазкур авлодий дахма 19-аср бошларида қурилган. Хазира хонақоҳдан жануб томонда жойлашган. Хазиранинг кўриниши: ташқари- ичкари пештоқ,  миёнсарой, ёзги, қишки айвон ва олтита ҳужрадан иборат. Эшиклари 1986 йилги таъмирда қайтадан ясалган. Хазира ичидаги қабрлар сони 110 та бўлиб, умумий гўрхоналарда 300 йилдан зиёд вақт мобайнида мингга яқин жасад  қўйилган. Бу эса экин ерларини тежаш мақсадида қўлланилган тадбирдир.

Акобир Хожа хазираси

Хазира хонақоҳнинг рўпарасида жойлашган бўлиб, 19 асрда қурилган. Пештоқи унчалик муҳташам эмас. Ихчамгина икки табақали дарвозаси гужум ёғочидан ишланган. Супадан иккита ҳужрага кирилади. Ичкари қисмида тиловат қилувчилар учун жой мавжуд. Киравериш эшигининг чап томонида Аҳмади Тахтабози Жўйборийнинг қабри бор. Марҳумнинг васиятига кўра, жасадини хазирадан ташқарига кўмганлар. Раҳматли: “Ҳар ўтган-кетган ҳақимга дуойи-фотиҳа ўқисин”, деган экан.

 

Насриддин Хожа хазираси

Хазира мадраса, масжид, хонақоҳ рўпарасидаги оралиқ майдоннинг шарқ томонида жойлашган бўлиб, 18 асрнинг иккинчи ярмида қурилган. Ёнида катта чилонжийда ўсади. Киравериш эшигининг икки томонида олтита ҳужра мавжуд.

 

Абдулазиз Хожа хазираси

Ушбу ҳазира 19 асрда қурилган. Хазирага кириш эшиги ён томонида биттадан ҳужра мавжуд, пойдевори унчалик катта эмас. Шу сабаб мақбара пештоқи нисбатан паст қурилган. Ичкарида тиловат учун айвон қурилган.

 

Шарқий дарвоза

   16 - асрнинг 2-ярмида қад ростлаган. Киравериш эшиги, жуда ҳашаматли бўлган. Дарвозани шоҳ Абдуллоҳхон қурдирган. Мажмуага мана шу ҳашаматли дарвоза орқали кирилади.

Пошшоойим хазираси

     Мазкур хазира 17- асрнинг 2- ярмига мансуб  бўлиб, унинг пойдевори 6 метр. Пештоқ, ичкари миёнсарой, ҳужра ва тўрт девори вақтида кошинкорий қилинган. Унинг деворларида Бухоро бинокорлик безак бериш санъатининг энг ёрқин кўринишлари ўз аксини топган. Пештоқда “Зумар” сурасининг 53-ояти кошинкорий қилиб ёзилган.

Мастура Бону Султоним хазираси

       Хазира Махдуми Аъзам Хожаи Косоний авлодидан бўлмиш, (Бухорога келин бўлиб тушган) Мастура Бону Султоним ва унинг қизлари, келинларига тегишли мангу маскандир. Обида 17- асрнинг охирида тикланган. Мастура Бону Султоним Хўжа Саъднинг хотини бўлиб, қўли очиқ, саховатли, ўқимишли аёл бўлган. Жўйбор хожаларига келин бўлган Мастура Бону Султоним кўп хайрли ишларнинг бошини тутган. Бухорода боғ-роғ яратиш ва уни обод қилишда меросий ерлари даромади ҳисобидан катта маблағ ажратган. Моҳ Султоним 1619 йилда вафот этган. Унинг ҳурмати учун Чор Бакр зиёратгоҳида хазира қурдирилган. Хазира вақтида парчинкорий қилинган девор билан ўралган. Пештоқ, миёнсарой ва ҳужралари бўлган. Бу ерда  500 дан ортиқ маййит кўмилган. Айрим қабрлардан тўрт мартадан фойдаланилган.  

Зайнаб Султон Пошша хазираси

Зайнаб Султон Пошша хазирасига Хожа Саъд хазирасига бориладиган катта дарвоза орқали кирилади. Хазира 17-арснинг охирларида тикланган. Киравериш йўлагидан то ичма-ич чиллахонагача бўлган жойларда ҳам қабрлар мавжуд. Қабрлар орасидан ўтиб, аввал чиллахона, кейин тиловатхона, ундан сўнг эса хазирага кирилади.

Сақохона

Сақохона седара шаклида қурилган кўшк бўлиб, унда қишин-ёзин ичимлик суви турган. Зиёратчилар, қори ва шу ерлик аҳоли ичиши учун хумларда сув бўлган. Мешкоблар ҳар куни хумларни тўлдириб турганлар ва мана ишлари учун ҳақ олганлар.

Жонкелдибий ва унинг ота-боболари дахмаси

Пошшоойим мақбарасидан ўнг томонда яна иккита пештоқли дахма мавжуд бўлиб, у хожалар авлодига мансуб эмас. Булар Жонкелдибий ва унинг ота-боболарининг дахмасидир. Жонкелдибий 18-асрда Бухорода ҳукмронлик қилган манҳитлар сулоласининг вакилидир. Улар Жўйбор хожаларига ҳурматлари, эьтибор ва садоқатлари бетимсол эканлиги туфайли шу ердан жой сотиб олиб, дахма қурганлар.  Унинг чап томонадаги хазира 16 аср охири -17 аср бошларида қурилган бўлиб, у жўйбор хожаларидан бири бўлган Мирзо Муҳаммад Билгунга тегишлидир.   

 

Мозори Дароз йўлаги

Абу Бакр Саъд, Хожа Ислом Жўйборий ва Тожиддин Ҳасан дафн этилган хазирага олиб борадиган узун йўлак бўлиб, унга пештоқли дарвозадан кирилади. Хожа Саъд Калон хазирасига кирадиган пештоқли дарвозанинг рўпарасида жойлашган. Мозори дароз йўлаги охирининг чап томонида 18-асрда қурилган қорихона-чиллахона мавжуд. Йўлак ниҳоясидаги хазира “Буюклар хазираси” деб ҳам аталади. У 16 асрнинг иккинчи ярмида қурилган.  

Гармоба (қадимий таҳоратхона)

18-асрда қурилган ушбу ўзига хос таҳоратхона мажмуанинг жанубий-ғарб томонида жойлашган. Усти гумбазли бўлган бу таҳоратхона (ҳаммом вазифасини ҳам бажарган) ўз даврининг энг мукаммал бинокорлик ютуқларидан фойдаланган ҳолда қурилган.  

Собиқ Шўро даврида Чор Бакр мажмуаси ярим вайронага айланди. Масжид, мадраса, хонақоҳ ва ҳужралар хароб қилинди. Ҳовузлар, чашма-қудуқлар кўмиб ташланиб, бу муқаддас жойни зиёрат қилиш тамоман таъқиқланди. Масжидда намоз ўқиш манъ этилди. Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг, миллий маданият ва диний қадриятларимиз қайта тикланди. Истиқлолимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб, ҳурматли Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ўлкамиздаги  барча тарихий ёдгорликлар қайта тиклана бошлангани сингари, Чор Бакр зиёратгоҳида ҳам ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Ҳожи Ражаб бобо Тўхтаев (1945-2010) бошчилигидаги  юзлаб маҳаллий намозхонларнинг талабларига биноан, мажмуа таркибидаги “Чаҳор Бакр” масжидида  мусулмонлар яна ибодатларини адо эта бошладилар. Ҳожи Ражаб Тўхтаев мустақилликнинг дастлабки йилларидан то 1998 йилгача “Чаҳор Бакр”масжиди имом хатиби бўлиб хизмат қилдилар.Тарихий мажмуа 1999-2000 йилда вилоят ҳокими С.Қ. Ҳусенов раҳнамолигида, Бухоро тумани ҳокими Н.И. Пўлатов ва бошқа раҳбарлар, шунингдек, тадбиркорлар, саховатли инсонлар, қўли гул усталар томонидан таъмирланди.  

       2001 йилда вилоят ва туман ҳокимлигининг қарорига асосан Чор Бакр тарихий меъморий мажмуи дирекцияси ташкил қилинди. Тўхтаев Ражаб унинг директори этиб тайинландилар.“Чаҳор Бакр”жомеъ масжиди 1998 йил 10 августда қайта рўйхатга олиниб, у ерда  домла ҳожи Зайниддин Шодиев 1998-2015 йиллар мобайнида имом хатиб бўлиб хизмат қилдилар. Ҳозирги кунда домла Азизхўжа ҳожи Иноятов “Чаҳор Бакр” жомеъ масжиди имом хатиби лавозимида фаолият юритяптилар ва у кишининг саъй-ҳаракатлари билан мажмуада таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 2017 йил 31 декабрь куни  мажмуанинг киравериш дарвозасидан ўнг томонда 16 аср Бухоро меъморий мактаби усулига асосланган замонавий қулайликларга эга бўлган Таҳоратхона фойдаланишга топширилди.   

Мавзуга оид мақолалар
312 19:26 / 31 май
283 14:18 / 31 май
Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар