1442 йил 8 рабиъул аввал | 2020 йил 24 октябрь, шанба Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57
Тонг-05:54 | Қуёш-07:10 | Пешин-12:26 | Аср-16:00 | Шом-17:41 | Ҳуфтон-18:57

Мир Араб мадрасаси

19:26 / 31 май 311

Халқ орасида Мир Араб (Араб амири) номи билан машҳур бўлган Саййид Абдуллоҳ ал-Яманий Яманда туғилганлар. 22 ёшларида Самарқандга келиб, Нақшбандия тариқатининг ривожига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳрор Валийга шогирд тушиб, тариқат пири даражасига етишганлар. Устозларининг вафотидан сўнг Бухоро ҳукмдори Убайдуллохон билан танишганлар. Тез орада Бухоро уламолари ўртасида шуҳрат қозониб, уларга маслакдош, хонга пирлик мартабасига эришганлар.

У зотнинг ташаббуслари билан Убайдуллохон инъом қилган маблағ ҳисобига 1530 (ҳижрий 936) йилда Масжиди Калоннинг шарқий томонида мадраса қурилиши бошланган. Бироқ бу қурилиш ниҳоясига етмасдан, Саййид Абдуллоҳ ал-Яманий оламдан ўтиб, васиятларига кўра куёвлари Шайх Закариё 1536 (ҳижрий 942) йилда қурилишни охирига етказган.

Мир Араб мадрасаси Минораи Калон ва Масжиди Калон билан гўзал бир меъморий мажмуани ташкил этади.

Бу билим даргоҳи шаҳардаги мадрасалардан икки улкан мовий гумбази билан ажралиб туради. Ушбу мадрасага кириш эшиги ғарб томонида бўлиб, ўнг томондаги гумбаз остида масжид, чап томондаги гумбаз остида мақбара жойлашган. Мақбарада Саййид Абдуллоҳ ал-Яманий, Бухоро хони Убайдуллохон ва у зотнинг қариндошлари дафн этилганлар.

Мадраса икки қаватли бўлиб, Қуръони Карим суралари сонига мувофиқ 114 ҳужрадан иборат. Бу бинода тўртта улкан пештоқ Қуръони Карим оятлари билан безатилган. Мир Араб мадрасаси ислом дини ва маданияти равнақига муносиб ҳисса қўшган илм даргоҳлари орасида энг маълум ва машҳурларидандир.

Бу улуғ билим даргоҳида Бухоро амирларидан Амир Шоҳмурод, Амир Ҳайдар ва бошқа буюк зотлар ҳам таҳсил олганлар.

Мадраса қарийб беш юз йиллик фаолияти давомида Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон, Россия, Кавказ, Озарбойжон, Доғистон каби давлатлар мусулмонлари ҳаётида ҳам муҳим ўрин эгаллаб келган ва диний ходимлар тайёрлашда катта аҳамият касб этган.

Собиқ Совет Иттифоқи даврида мадрасалар фаолияти тўхтатилган бўлсада Мир Араб мадрасаси 1945 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар ишлаб келмоқда. Бу илм масканидан ислом дини равнақига сезиларли ҳисса қўшган машҳур уламолар етишиб чиққан. Улар орасида россиялик Равил Гайнутдин, бошқирдистонлик Талгат Тожуддин, чеченистонлик Аҳмад Қодиров, озарбайжонлик Оллошукур Пошшозода, қирғизистонлик Кимсанбой Абдураҳмонов ҳамда туркманистонлик Насруллохон Ибодуллоев кабилар илм олганлар. Шунингдек, билим юртини очилишига сабабчи бўлган муфтий Эшон Бобохон, муфтий Эшон Зиёвуддинхон ва замонамизнинг таниқли уламолари Абдулғани Абдуллаев, Мухторжон Абдуллаев, Юсуфхон Шокиров, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Фозил қори Собиров, Раҳматулла қори Обидов, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон Алимов, Абдулғафур Раззоқов ва республикамиздаги имом-хатибларнинг аксарияти ҳам мадрасанинг фахрий талабаларидан бўлганлар.

Мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида бўлиб, барча таълим ва тарбиявий ишлар диний идора ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг таълим бўлими томонидан бошқарилади.

Таълим маскани – 4 йил давомида диний фанлар билан бир қаторда умумтаълим фанлари ҳам ўқитилади. Билим юртида 30 нафар маълумоти олий ва малакали ўқитувчи-мударрислар 130 га яқин талабаларга дарс бериб келмоқдалар.

Мадрасада талабаларнинг илм олиш ва яшашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Билим юрти талабалари компъютер хонаси, фан кабинетлари ва мадраса кутубхонасида сақланаётган қадимий бой маданий ва маънавий меросимиз ҳисобланган қўлёзма ва тошбосма китоблардан фойдаланадилар. Узоқ туман ва бошқа вилоятлардан келган талабалар ётоқхона билан таъминланган.

Мадрасани битирганларга исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича шаҳодатнома берилади. Ўз илм савиясини оширишни истаган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (2003 йил 22 август)га асосан давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилган. 

Мавзуга оид мақолалар
Янгиликлар
Бухорои Шариф
Энг кўп кўрилган мақолалар